12:55 / 10.06.2021
13632

Марказий банк асосий ставкани ўзгаришсиз қолдирди

Марказий банкнинг асосий ставкаси ўзгаришсиз, йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолинмоқда.

Марказий банк бошқарувининг 2021 йил 10 июндаги навбатдаги йиғилиши қарорига асосан, қайта молиялаш ставкаси йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди.

Маълумот учун, Бош регуляторнинг асосий ставкаси 2018 йил бошида 14 фоиз этиб тасдиқланганди. 2019 йилда ушбу ставка 16 фоизгача кўтарилди.

2020 йил 14 апрелдаги навбатдан ташқари йиғилиш қарорига асосан, Марказий банкнинг асосий ставкаси 1 фоиз бандга пасайтирилиб, йиллик 15 фоиз даражасида белгиланганди. Пандемия ва карантин шароитида ушбу ставка ўзгартирилмади. Йил якунида эса қайта молиялаш ставкаси 14 фоиз этиб белгиланди.

МБ бошқарув кенгашининг 2021 йил 21 январ, 11 март ва 22 апрел кунлари ўтказилган йиғилишларида ҳам қайта молиялаш ставкаси ўзгаришсиз қолдирилганди.

Ўзбекистон тарихида қайта молиялаш ставкасининг энг юқори кўрсаткичи 1995 йилда кузатилган бўлиб, ўша пайтда асосий ставка 300 фоизга етганди. Шундан сўнг, 2017 йилгача асосий ставка пасайиб борган ва 27 июнда 9 фоизни ташкил этган.

Top