Ўзбекистон | 16:18 / 28.01.2022
20131
6 дақиқада ўқилади

Эътирозлардан сўнг: Солиқларда қандай ўзгаришлар бўлади?

2022 йилги солиқ маъмурчилигидаги ўзгартиришлар тадбиркорлар, мутахассислар, ОАВ ва жамоатчиликнинг эътирозларига сабаб бўлгач, ҳукумат ён беришга мажбур бўлди. Солиқларда қандай енгилликлар бўлмоқда, ўзи муаммолар нимада эди, Kun.uz бу борада қисқача шарҳ беради.

2022 йилда солиқ сиёсатига киритилган ўзгартиришлар тадбиркорлар ва экспертларнинг танқидларига сабаб бўлди. Танқидлар, асосан, ДСҚнинг E-aktiv, солиқ хавфи бўйича таҳлил-таҳлика дастури ва мол-мулкнинг ҳар бир квадрат метри учун белгиланган минимал миқдор туфайли солиқлар ошиб кетишига қаратилди.

Шундан сўнг, ДСҚ раиси Шерзод Қудбиев ОАВ билан учрашди ва анжуманда асосий эътибор Солиқ қўмитасининг позицияси тўғрилигини исботлашга қаратилди.

Анжумандан кейин эса саволлар камайиш ўрнига янада ортди, эътирозлар ҳам тўхтаб қолмади. ОАВ ва жамоатчилик, мустақил экспертлар тадбиркорлар муаммоларига эътибор қаратди.

Ўтган ҳафта охирида Савдо-саноат палатасида Молия вазирлиги ва Солиқ қўмитаси масъуллари тадбиркорлар ва мутахассислар билан учрашди. Учрашувдан кейин иқтисодчи Юлий Юсупов мутасаддилар солиқ маъмурчилигига киритилган ўзгартиришларга тузатишлар киритишга ваъда берганини маълум қилди.

Қарийб 15 кун давом этган баҳслардан кейин ҳукумат бизнес томонга қадам ташлади.

27 январ куни Молия вазирлиги ва ДСҚнинг ахборот хати эълон қилинди.

Ахборот хатидан англашиладики, тадбиркорларга бир қатор енгилликлар берилмоқда. Биз ўзгаришлар юзасидан қисқача шарҳ берамиз.

E-aktiv'да нималар ўзгаради?

E-aktiv. Бу кўплаб бухгалтерларнинг эътирозларига сабаб бўлганди.

Сабаби 2022 йил 1 январдан ҚҚС тўловчилар ва устав жамғармасида давлат улуши 50 фоиздан кўп бўлган юридик шахслар учун асосий воситалар, номоддий активлар ва товар-моддий ресурсларни ҳисобга олиш ҳамда ўз устав фондини шакллантириш ва камайтириш билан боғлиқ барча операцияларни ДСҚнинг E-aktiv автоматлаштирилган ахборот тизимида акс эттириш мажбурий бўлганди.

Бухгалтерлар онлайн режимда ҳисоботларни дастурга киритиш имконсизлигидан шикоят қилишди, ҳатто Савдо-саноат палатаси ушбу янги тартибга қаршилигига қарамай, ДСҚ тизимни янги йилдан бошлаб жорий қилди.

ДСҚ 2022 йил 1 июлгача E-aktiv'дан лозим даражада фойдаланмаганлик учун солиқ тўловчиларга таъсир чоралари кўрилмаслигини маълум қилган эди.

Kun.uz билан суҳбатда солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов E-aktiv дастурини “кўр-кўрона кўчирилган, бизнесга ортиқча юк бўладиган” тизим дея баҳолаганди.

“Шахсий фикрим, E-aktiv – солиқ тўловчиларни жарима қилиш учун қўшимча манба холос, бошқа ҳеч нарса эмас. E-aktiv'дан солиқ органи ҳеч қандай натижа ололмайди, фойдаси нолга тенг, ортиқча куч ва харажат талаб қиладиган нарса холос.

Солиқ қўмитаси шунча нарсани тадбиркорларнинг бўйнига юклагандан кўра, солиқ органидаги базага қўшимча божхонада келадиган 2-3 дона рақам (масалан, маҳсулот номи ва ўлчов бирлиги) киритса бўлди, бутун E-aktiv қила оладиган ишни битта одам кўриб тура олади”, — деганди мутахассис.

Бугунги ахборот хатида эса жавобгарлик чоралари 2022 йил 1 сентябрга қадар қўлланмаслиги айтилган.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектларини E-aktiv'га жалб қилиш 2022 йилда босқичма-босқич амалга оширилади.

2022 йил 1 апрелдан дастурдан мажбурий фойдаланиш тўғрисидаги талаб фақат 4 тоифадаги товарларга татбиқ қилинади, булар: цемент, шиша, ёғоч ва пахта.

Дастурни тажрибадаги 4 тоифа товарлар бўйича қўллаш натижаларидан келиб чиқиб, товарлар рўйхати Давлат солиқ қўмитаси томонидан босқичма-босқич кенгайтирилади.

Бунда, дастурни барча тоифадаги товарларга жорий этишни 2023 йил 4 чоракда якунлаш режалаштирилмоқда.

2022 йил якунига қадар солиқ тўловчиларнинг вакиллари ва экспертлар билан биргаликда товар ва хизматларнинг каталогини тўлиқ шакллантириш, содда ва фойдаланиш учун қулай шаклда уларнинг базавий шартли бирликларини аниқлаш мақсадида тармоқлар бўйича ишчи гуруҳлар тузилади.

ҚҚС тўловчиларининг таҳлика-таҳлил автоматлаштирилган тизими бўйича ҳам эътирозлар инобатга олиниб, солиқ тўловчиларнинг айрим солиқ хавфи мезонларини қўллаши 2023 йил 1 январга қадар тўхтатиб туриладиган бўлди. Булар:

  • раҳбар шахсининг ёки молиявий бошқарув вазифаларини амалга ошираётган шахснинг ЯММТда тасдиқланмагани (омил #1);
  • ўз кўчмас мулки, ижарага олинган ёки текин фойдаланилаётган кўчмас мулки йўқлиги (омил #4);
  • солиқ тўловчининг манзили номинал жойлашган жой манзили билан тўғри келиши (18 квадрат метрдан кам) (омил #6);
  • охирги ўн икки ой ичида солиқ ҳисоботларини ўз вақтида тақдим этмаслик ҳолатлари мавжудлиги (омил #14);
  •  ёлланма ишчилари йўқлиги ёки 4 нафардан камлиги (омил #15).

Ушбу мезонлар йирик солиқ тўловчиларга ва ҚҚС тўловчиси сифатида янги рўйхатдан ўтаётган солиқ тўловчиларга нисбатан тўхтатилмайди.

Мол-мулк солиғи бўйича янги тартибга ҳам ўзгартиришлар киритилди

Молия вазирлиги ва ДСҚ солиқ миқдорининг кескин ошиши туфайли юзага келган эътирозлардан кейин, асосий 3та енгилликни эълон қилди:

1.    Солиқ тўловчи томонидан 2020-2021 йилларда ўтказилган мустақил баҳолаш натижалари солиқ базасини аниқлаш учун қабул қилинади.

2.    Сув ҳайдаш миноралари, резервуарлар, соябонлар, бетон майдончалар ва деворлар (бордюрлар) ҳамда бошқа шунга ўхшаш объектлар бўйича солиқ базасини 2021 йилдаги тартибга ўхшаш аниқлаш тартиби сақлаб қолинади.

3.    Баҳоловчилар билан ҳамкорликда иш олиб бориш жараёнида энг кам қиймат татбиқ қилинмайдиган кўчмас мулк объектларининг рўйхати тўлдирилади.

Kun.uz тадбиркорлик субъектларининг солиқ маъмурчилигига киритилган ўзгартиришлар ва эълон қилинган енгилликлардан кейинги фикр-мулоҳазаларини кузатиб, мавжуд вазиятни холис ёритиб боради.

Мадина Очилова тайёрлади.

Монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Мадина Очилова
Муаллиф Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид