19:40 / 13.05.2022
21191

“Ўзтрансгаз” ва МЭТ кўраётган триллионлаб зарар: масъуллар изоҳ берди

2021 йилни “Ўзтрансгаз” 2,5 трлн сўм, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” 2,1 трлн сўм зарар билан якунлади. Kun.uz бундай катта зарарнинг сабаби юзасидан энергетика вазири ўринбосари ва ушбу икки компания матбуот хизматларидан изоҳ сўради.

Фото: Getty Images/РИА Новости

Ўзбекистонда 2019 йилдан жорий этилган амалдаги тизимга асосан, электр энергияси ва табиий газ таъминоти уч босқичли занжирдан иборат.

Электр энергияси таъминоти:

  • Ишлаб чиқарувчилар “Иссиқлик электр станциялари” АЖ, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ва бошқалар. Ушбу компаниялар тизимидаги ИЭС ва ГЭСларда, шунингдек, қуёш ва шамол электр станцияларида электр энергияси ишлаб чиқарилади. Ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг қарийб 85 фоизи ИЭСлар ҳиссасига тўғри келади.
  • “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ишлаб чиқарувчилар ва хорижий ҳамкорлардан электр энергиясини сотиб олиб, магистрал тармоқлар орқали “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖга ва хорижий ҳамкорларга сотади.
  • “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ — МЭТдан сотиб олинган электр энергиясини белгиланган тарифлар асосида якуний истеъмолчилар – жисмоний ва юридик шахсларга тақсимлайди ва сотади.

Табиий газ таъминоти:

  • Ишлаб чиқарувчилар “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва бошқалар.
  • “Ўзтрансгаз” АЖ магистрал газ қувурлари оператори; ишлаб чиқарувчилардан табиий газни сотиб олиб, “Ҳудудгазтаъминот”га ва магистрал тармоққа уланган истеъмолчиларга сотади.
  • “Ҳудудгазтаъминот” АЖ “Ўзтрансгаз”дан табиий газни, ишлаб чиқарувчилардан суюлтирилган газни сотиб олиб, белгиланган тарифлар асосида якуний истеъмолчиларга тақсимлайди ва сотади.

“1 сўмдан олиб, 95 тийиндан сотсангиз, йилни фақат зарар билан якунлайсиз”

Ўзбекистонда тўлиқ ёки қисман давлатга қарашли 2117та корхона бор. Улар орасидан иккитаси бошқалари билан мутлақо солиштириб бўлмайдиган даражада катта зарар билан ишлайди. Булар – “Ўзтрансгаз” АЖ ва “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ.

Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев 12 май куни журналистлар билан учрашувда мазкур молиявий зарарнинг сабабини қуйидагича тушунтирди.

“2021 йилда фаолиятини зарар билан якунлаган иккита асосий корхонамиз бор. Савол пайдо бўлади, нимага улар йилни зарар билан якунлади? Бугунги кунда электр энергияси ёки табиий газ учун бозор йўқ деганимиз билан, бозорнинг битта модели жорий этилган: ягона харид қилувчи модели. Бу қандай ишлайди: ишлаб чиқарувчилар [газ ва электр энергияси] ишлаб чиқаради, уларнинг ҳаммасидан маҳсулотларини битта компания сотиб олади. Кейин ҳудудий компанияларга, улар эса ўз навбатида истеъмолчиларга сотади. Табиий газ тизимида бу “Ўзтрансгаз” АЖ, электр энергетика тизимида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ.

Энди, станцияда ишлаб чиқарилган электр энергиянинг таннархи баланд бўлгандан кейин, бизнинг олдимизда иккита ечим бор. Биринчиси, ишлаб чиқарилган таннархдан паст нархда сотиб оламиз, станция зарар билан ишлайди. Иккинчиси, станциядан маҳсулотини ягона харид қилувчи адолатли нархда маҳсулотни сотиб олади-ю, лекин ҳудудларга пасайтирилган нархда сотишга мажбур бўлади. Мана шу ерда субсидия айнан ўртада турган ташкилотга берилади, чунки у қиммат сотиб олиб, ҳудудларга арзон беряпти.

Фото: Kun.uz

Бу компанияларнинг операцион зарарини яхшиласа бўлади, лекин барибир зарардан қочиб бўлмайди. Сабаби бирор маҳсулотни 1 сўмдан олсангиз-у, 95 тийиндан сотсангиз, ҳеч қачон фойда кўрмайсиз. Йилни доим зарар билан якунлайсиз. Агар уларнинг оладиган ва сотадиган нархи ўртасида ижобий тафовут қилиб берсак, [шундагина] фойда билан чиқади. Лекин бу ҳолда “Ҳудудий электр тармоқлари” ва “Ҳудудгазтаъминот” қиммат нархда харид қилиб, истеъмолчиларга қатъий белгиланган тариф нархларида сотади ва зарар кўради.

Бу ерда мақсад нима эди? Агар тизимдаги сотиш жараёнида фойда ва зарарлар мутаносиблиги бузилган бўлса, бу номутаносибликни битта компанияда жамлаган маъқулроқ. Зарарнинг бир қисмини ишлаб чиқарувчи станцияга, бир қисмини ҳудудий корхонада қилгандан маъно йўқ.

Ундан кўра, зарар битта компанияда шакллансин, у шаффоф бўлсин ва биз унинг аниқ миқдорини кўрамиз. Станция адолатли нархда сотсин, “Ҳудудий электр тармоқлари” адолатли нархда харид қилиб сотсин. Станция учун адолатли нарх нима: таннарх устига рентабеллик даражасини қўйиб сотиши. “Ҳудудий электр тармоқлари”да шунинг тескариси: уларда сотиш нархига чегара қўйилган, белгиланган тарифдан қиммат сотолмайди; демак, арзон нархда харид қилиши керак, арзон олиб, чегараланган нархда сотганда ҳам зарар билан чиқмаслиги керак.

Мана шу якуний тарифлар ўзгармагунча, бу тизим корхоналарининг ичидаги занжирда кимдир барибир зарар билан якунлайверади, чунки ишлаб чиқариш харажатлари юқори”, деди Хўжаев.

МЭТ ва “Ўзтрансгаз”нинг маҳсулот сотиб олиши ва сотиши ўртасидаги нарх тафовути давлат бюджетидан субсидия ажратиш орқали қоплаб келинади.

МЭТ: Бу йил зарар миқдори 2,5 баробарга кўпайиши мумкин

Фото: Kun.uz

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ 2021 йилни 2,1 трлн сўм зарар билан якунлаган. Компания матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, ҳозирги тарифлар сақланиб қолса, бу миқдор 2022 йил якунларига кўра 5,3 трлн сўмга етиши кутилмоқда.

“Акциядорлик жамияти 2022 йил 1 чорак якунларини 1,5 триллион сўм зарар билан якунлаган. 2022 йил 1 чоракда ишлаб чиқарувчилардан жами, 18,6 млрд кВт.соат электр энергияси ўртача ҚҚС билан бирга 378,2 сўмдан харид қилиниб, ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига ўртача 320,9 сўмдан сотилган (ҳар бир кВт.соатдан 57,3 сўмдан зарар кўрилган).

Жамият молия-хўжалик фаолияти бўйича ҳозирда амалдаги сотиб олиш ва сотиш тарифлари сақланган ҳолда, яъни қиммат нархларда электр энергиясини сотиб олиб, арзон нархларда сотиш натижасида 2022 йилда жамиятнинг молиявий хўжалик фаолияти 5,3 трлн сўм миқдорида зарар билан якунланиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ 2022 йилда ўз маблағлари ҳисобидан 492,5 млрд сўм миқдорида инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш ва халқаро молия институтлари, республика тижорат банкларидан жалб қилинган кредитлар бўйича 362,6 млрд сўм миқдоридаги тўловларни амалга ошириши белгиланган.

Мазкур ҳолатлар, жамиятнинг иқтисодий ҳолатига ҳамда республиканинг магистрал электр тармоқларини ҳамда юқори кучланишли тарнсформатор подстанцияларини модернизация қилиш ва таъмирлаш ишларининг молиялаштирилишига салбий таъсир кўрсатмоқда”, – дейилади компания ахборот хизмати маълумотида.

“Ўзтрансгаз”: Тизим техник жиҳатдан эскирган, модернизацияга муҳтож

Фото: Kun.uz

2021 йилни молиявий-хўжалик фаолиятида 2,5 трлн сўм молиявий зарар билан якунлаган “Ўзтрансгаз” АЖ ҳам бу борада Kun.uz'га изоҳ тақдим этди.

Унга кўра, 2021 йилда компания 17,5 трлн сўмлик табиий газ сотиб олган, уни ўрнатилган нархларда истеъмолчиларга 16,4 трлн сўмга сотган – кўрилган зарар 1,1 трлн сўмдан ошиқроқни ташкил этган.

Шунингдек, йил якунига кўра “Ҳудудгазтаъминот”нинг “Ўзтрансгаз” олдидаги дебитор қарздорлиги 2,5 трлн сўмни ташкил этган. Бундан ташқари, 2021 йилда хорижий валютадаги қарзлардан ҳосил бўлган валюта курслари фарқидан кўрилган зарар 1,7 трлн сўмни ташкил этган.

Компания ахборотида тизимдаги аҳвол ва харажатлар ҳақида ҳам маълумотлар бор:

Қайд этилишича, жами 13 234 км магистрал газ қувурларнинг 8 238 км қисмидан (62 фоиз) 30 йилдан ортиқ вақт бери фойдаланиляпти, натижада табиий газ ўтказувчанлиги лойиҳа қувватига нисбатан 35-38 фоизгача камайган.

Табиий газ ўтказувчанлигини ошириш ёки амалдаги кўрсаткичда ушлаб туриш мақсадида, “Магистрал газ қувурлар техник эксплуатация қилиш” қоидаларининг талабларига мувофиқ ҳар 5-10 йилда қувур ички сирти диагностика ишлари ҳамда бошқа турдаги текширишлар ўтказилиб, аниқланган нуқсонли қисмлар таъмирланмоқда.

Фото: Kun.uz

2022 йилда таъмирлаш ва авария захираларини тўлдириш учун турли ўлчамдаги 84 549 метр қувур харид қилиняпти. Қувурларни коррозиядан сақлаш ва бошқа мақсадлар учун 14 442 км узунликдаги коммуникациялар электр кимёвий ҳимояланиши лозим. Бироқ катодли ҳимоя станцияларининг 35 фоизи, назорат-ўлчов устунларининг 45 фоизи, 6-250 кВ А қувватли трансформатор подстанцияларининг 43 фоизи, юқори ва паст кучланишли электр узатиш тармоқларининг 25 фоизи ишчи ҳолатда эмас.

Бундан ташқари, компрессор станциялардаги жами 232 та газ ҳайдаш агрегатидан 159таси (69 фоиз) юз фоиздан ортиқ эскирган. Мавжуд 57та газ турбинали двигателларнинг 29 таси 50 фоиздан100 фоизгача, 6таси 100 фоиздан ортиқ эскирган.

Компания матбуот хизмати ахборотида юқоридаги техник ускуналар босқичма-босқич таъмирланаётгани ва янгилари харид қилинаётгани, тизим инвестицион лойиҳалар орқали модернизация қилинаётгани маълум қилинган.

Қўшимча қилинишича, соҳани трансформация қилиш бўйича Осиё тараққиёт банкининг техник кўмагида “ILF Бизнес Консалт” (Германия) халқаро муҳандислик консалтинг ташкилоти жалб қилинган ҳамда ҳамкорликда “Газ транспорт тизимини 2030 йилгача ривожлантириш дастурининг бош режаси” ишлаб чиқилган. Шунингдек, “Корпорейт Солюшнз”, “Грант Торнтон”, “Дентонс”, “Бостон Консалтинг Групп” каби халқаро ҳамкорлар билан биргаликда бошқа қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ҳар икки компания ҳам халқаро аудитдан ўтади

2021 йилда "Ўзбекнефтгаз" илк марта Fitch ва S&P агентликларидан халқаро кредит рейтингини олган эди. Компания, шунингдек, молиявий ҳисоботларига Ernst & Young'дан ижобий аудиторлик хулосасини олди. Эндиликда "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" ва "Ўзтрансгаз" олдига ҳам шундай талаб қўйилмоқда. / Фото: Wall Street Journal

Kun.uz аввалроқ хабар берганидек, шу йил 1 сентябргача “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” ва “Ўзтрансгаз” компаниялари бўйича ҳукумат қарори қабул қилиниши кутилмоқда. МЭТ 2023 йил охиригача, ЎТГ эса 2024 йил охиригача халқаро кредит рейтингини олиши белгиланган.

Шунингдек, давлатнинг “Ўзбекнефтгаз” АЖдаги камида 49 фоиз улуши, “Иссиқлик электр станциялари” АЖдаги камида 51 фоиз улуши хусусийлаштирилади.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча электр энергияси ва табиий газ бўйича ижтимоий истеъмол нормаси киритилиб, табақалаштирилган тарифларга ўтилиши маълум бўлди.

2022 йилги давлат дастурида, шу йилдан энергетика бозорини эркинлаштиришга тайёргарлик бошланиши кўзда тутилган.

Top