Болалар зўравон ота-оналардан олиб қўйилиши керак – Алия Юнусова
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова Самарқандда фарзандини аёвсиз калтаклаган аёлга муносабат билдириб, бундай шафқатсизликни кечириб бўлмаслиги, болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоялаш ижтимоий тармоқларда тарқаладиган видеолардан кейингина ишлаши керакмаслигини таъкидлади.
Юнусовага кўра Самарқандда содир бўлган воқеа жамоатчиликка маълум бўлган ҳолатлардан бири холос. У жамиятда бефарқлик кайфияти сабабли болаларга нисбатан қилинаётган зўравонлик ҳолатларига қўл силтаб келиниши, “менга нима” қабилида иш кўрадиганлар ҳам йўқ эмаслигини таъкидлаган.
“Самарқанд вилоятидаги шифохонада содир бўлган ҳолатни олсак, палатада она-боладан ташқари камида икки нафар шахс бор эди. Уларнинг шовқинини касалхона ходимлари ва шифокорлар эшитишмадими? Нега дарҳол болани она қўлидан тортиб олиб, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига мурожаат қилинмади?” дея таъкидлайди Бола ҳуқуқлари бўйича вакил.
Унинг қайд этишича, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 10-11-моддаларига мувофиқ давлат болани зўравонликнинг барча шаклларидан, шу жумладан, жисмоний, руҳий ва жинсий зўравонликдан, қийноқларга солишдан ёки шафқатсиз, қўпол ёхуд инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа шаклдаги муомаладан ҳимоя қилинишини амалга оширади. Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш унинг ота-онаси, ота-онасининг ўрнини босувчи шахслар, қонунда назарда тутилган ҳолларда эса васийлик ва ҳомийлик органи, прокурор, суд томонидан амалга оширилади.
Алия Юнусова бола ота-она ва ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар томонидан қилинадиган суиистеъмолчиликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга эканини эслатган.
“Боланинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғилганидан, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлигидан хабардор бўлган шахслар бу ҳақда бола ҳақиқатда турган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органига маълум қилишлари керак. Шундай маълумотлар олинган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органи боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича зарур чоралар кўриши шарт.
Амалдаги қонунчиликда шунча нормалар бўлишига қарамай болалар барибир азият чекишяпти. Ота-оналарнинг зўравонликка йўл қўйиши, фарзандига нисбатан қўпол ва шафқатсиз муомала қилишлари – кечириб бўлмас хато. Ҳар бир киши қонунлар билан белгиланган масъулиятини ва мажбуриятини зиммасига олишга ва уни бажаришга мажбур.
Акс ҳолда давлат болаларини зўравонлик ва куч билан “тарбиялайдиган” ота-оналардан фарзандини олиб қўйиш механизмини ишлаб чиқишга мажбур бўлади. Болалар озор чекмаслиги учун Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ушбу таклифни илгари суради ва буни тўғри деб ҳисоблайди”, дейди у.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ўринбосари боланинг бегонаси бўлмаслиги, жамоатчилик назоратининг кучи фақат ижтимоий тармоқларга тарқатиладиган видеолардан кейингина ишлаши керакмаслигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, 16 июнь куни Интернетда чақалоғини аёвсиз калтаклаётган аёл видеоси тарқалганди. Видеода аёл ҳамхонаси билан суҳбатлаша туриб чақалоғини ухлатишга урингани, бироқ у уйқуга кетавермагач ғазаб отига миниб, унинг бошига бир неча марта тарсаки туширгани, бу билан ҳам қаноатланмай уни қаттиқ силкилагани ва ўрнига отиб юборгани акс этган.
Ушбу тасвирлар кўпчилик ғазабини уйғотган, интернет фойдаланувчиларининг муҳокамаларига сабаб бўлганди. Самарқанд вилояти ИИБ ҳодиса Пайариқ туманидаги шифохонада рўй бергани, аёл руҳан соғлом экани, унга нисбатан қийнаш моддаси билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилганди.
Kun.uz мухбири интернетда салбий қаҳрамонга айланган аёлнинг эри ва воқеа атрофидаги инсонлар билан суҳбатлашиб, болакай церебрал фалажлик билан туғилгани, соатлаб тинимсиз йиғлаши, бу эса онанинг руҳий зўриқишига сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини аниқлаганди.
Мавзуга оид
12:30 / 19.11.2024
Омбудсман фуқаро шикояти асосида ўз текширувини ўтказиш ҳуқуқига эгалиги белгиланди
14:09 / 31.08.2024
Озодликдан маҳрум этиш жойларида “Омбудсман қутилари” ўрнатилади
20:44 / 16.08.2024
“Бу мамлакат болалари тақдири учун муҳим қонун бўлади” – болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова
09:10 / 19.07.2024