Жаҳон | 15:26 / 05.01.2023
20427
4 дақиқада ўқилади

Қирғизистон президенти ўз даромадидан 2,5 баробар қимматроқ кийинади – ОАВ

Қирғизистон 24.kg нашрининг ёзишича, мамлакат президенти Садир Жапаров 2022 йилда қарийб 2,5 млн сомлик ( қарийб 328 млн ўзбек сўми) ёки йиллик даромадининг 2,5 баробарига тенг қийматдаги кийимларда жамоатчиликка кўриниш берган.

Қирғизистон Солиқ хизмати томонидан эълон қилинган декларацияга кўра, мамлакат президенти Садир Жапаров 2021 йилда 997,8 минг сом (қарийб 140 млн ўзбек сўми) даромад олган. Бу президентнинг ойлик маоши 83,1 минг сомни ( тахминан 10 млн 908 минг сўм) ташкил этганини англатади, дея ёзмоқда 24.kg.

«Унинг 0,6 гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаси ва гаражи бор, холос. Кўчмас мулк ёки транспорт воситаси ҳақида маълумот берилмаган. Давлат раҳбарининг энг яқин қариндошлари даромадлари ва мол-мулки ҳақида ҳам маълумот йўқ», - дейилади 24.kg хабарида.

Нашрнинг қайд этишича, Садир Жапаров Қуланак ГЭС қурилишига капсула қўйиш маросимида кийган битта куртканинг баҳоси унинг йиллик даромадидан ошиб кетади. Ушбу куртканинг нархи 1 миллион 264 минг сом (қарийб 166 млн ўзбек сўми) ёки Қирғизистон давлат раҳбарининг 15та маошига тенг.

Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати

Садир Жапаров октябрь ойида бўлиб ўтган тадбирда Италия Loro Piano брендининг нутриа мўйнали 15,3 минг долларлик курткасида кўриниш берган. Аммо бу куртка президент гардеробидаги ягона қимматбаҳо кийим эмас.

Яқинда бўлиб ўтган Евросиё иқтисодий кенгашининг якуний йиғилишига Садир Жапаров баҳоси ойлик маошидан қимматроқ бўлган Франциянинг Christian Louboutin брендига тегишли қизил тагчармли туфлида борган. Бундан аввалроқ эса у нархи ойлик даромадидан олти баравар юқори — 5900 долларни ташкил этувчи Италиянинг Stefano Ricci брендидан куртка кийган ҳолда Бишкек бозорларини айланиб чиқади.

Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати

2022 йил август ойида Қирғизистон президентининг Ermenegildo Zegna брендидан тахминан 5000 долларлик, яъни Садир Жапаровнинг ойлик маошидан деярли беш баравар қиммат турадиган кардиган кийгани ҳам ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари муҳокамасига сабаб бўлади.

Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати

2022 йил январь ойида Садир Жапаров ва биринчи хоним Ойгул Жапарова Қоракўлдаги тоғ-чанғи курортида дам олади. У ерда ҳам улар қимматбаҳо курткаларни кийган: давлат раҳбари эгнида 1099 еврога тенг Lynn брендига тегишли куртка, биринчи хоним эса Toni Sailer брендининг тахминан 1700 доллар турадиган курткасида бўлган.

Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати

Нашрнинг ёзишича, биргина ўтган йилнинг ўзида Садир Жапаровнинг гардеробида қарийб 2 миллион 500 минг сомлик кийимлар кўзга ташланган. Бу унинг йиллик даромадидан 2,5 баробар кўп.

«Президентнинг энг яқин қариндошлари мол-мулки ва даромади кўрсатилмагани боис, давлат раҳбари бундай пулларни қаердан олаётгани номаълумлигича қолмоқда», - дейилади хабарда.

Маълумот учун, Ўзбекистонда ҳам давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадларини декларация қилиш 2022 йил 1 январдан бошланиши керак эди, қайси амалдор қанча даромад олгани ва қанча мулки борлиги очиқ эълон қилиниши айтилганди. Аммо белгиланган муддат тугаганига 1 йилдан ошиб кетган бўлса-да, бу тизимга ўтилгани йўқ.

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид