Иқтисодиёт | 17:38 / 04.08.2023
124275
2 дақиқада ўқилади

Cobalt, Lacetti ва Damas сотуви 8 ой деганда тикланди

UzAuto Motors компанияси Chevrolet Cobalt, Lacetti ва Damas моделларининг янги комплектациялари учун контрактация очилганини эълон қилди.

Фото: Kun.uz

Янгиланган комплектациялар қўшимча опцияларга эга бўлиб, шунинг ҳисобига уларнинг нархи ошган:

  • Damas D2 DLX Style Plus: 92 204 000 сўм
  • Labo LB2 Plus: 91 669 000 сўм
  • Cobalt GS-Style Plus MT: 113 711 000 сўм
  • Cobalt GX-Style Plus AT: 134 294 000 сўм
  • Lacetti L-Style Plus MT CNG: 144 111 000 сўм
  • Lacetti L-Style Plus AT: 160 868 000 сўм

Kun.uz компания расмийсидан олган маълумотга кўра, юқоридаги нархлар ҚҚС билан кўрсатилган.

“Шу билан бирга, аввалдан мавжуд бўлган комплектацияларнинг нархлари ўзгаришсиз қолади”, – дейилади компания хабарида.

Расмий эълонда шартнома бериш фақат янги комплектациялар учун тиклангани айтилган. UzAuto Motors матбуот хизмати Kun.uz саволига жавобан бунга қадар мавжуд бўлган комплектациялар сотуви ҳам ўзгармаган нархлар асосида бошланганини билдирди.

Таъкидланишича, UzAuto Motors ишлаб чиқариш линияларида амалга оширилган модернизация ишлари, шунингдек завод фаолияти самарадорлигининг ошиши ҳисобига 2023 йилда қўшимча 50 000 дона автомобил ишлаб чиқариш имкони яратилган.

“Автомобилларни етказиб бериш муддатини қисқартириш мақсадида компания ишлаб чиқариш жадвалига мувофиқ савдо тизимини жорий этмоқда”, дея қайд этилган автокорхона эълонида.

Эслатиб ўтамиз, Cobalt ва Lacetti сотуви 2022 йил 8 декабрдан, Damas ва Labo сотуви эса 13 декабрдан бошлаб тўхтатилган эди.

Бу моделларнинг нархлари охирги марта ўтган йили март ойида оширилганди.

Нисбатан арзонроқ моделлар бўлмиш Spark ва Nexia-3 учун шартнома бериш эса 2022 йил августида қайта тикланмайдиган бўлиб ёпилган.

Мавзуга оид