Иқтисодиёт | 18:44 / 07.08.2023
28404
6 дақиқада ўқилади

СҚБни хусусийлаштириш учун ноодатий схема танланди. Бу самаралими?

Ўзбекистондаги энг йирик банклардан бирининг қарзлари акцияларга алмаштириладиган бўлди, натижада кредиторлар (халқаро молия ташкилотлари) банк акциядорларига айланади. СҚБ шу йўсинда 2024 йил охирига қадар хусусийлаштирилади, лекин ундан кейин ҳам давлат энг катта акциядор бўлиб қолавериши мумкин.

Фото: Саноатқурилишбанк

Президент қарорига мувофиқ, энг йирик давлат банкларидан бири бўлган Ўзсаноатқурилишбанкнинг хусусийлаштирилиши 2024 йил охирига қадар узайтирилди.

Банкни хусусийлаштириш учун ноодатий схема танланган. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (1 ой муддатда) Ўзсаноатқурилишбанкка ажратилган умумий қиймати 1 трлн 280 млрд сўм кредит линияларини субординар қарз сифатида расмийлаштириб бериши керак. Яъни банк қарз берувчиларга 1 трлн 280 млн сўм қарзларини тўламайди, балки уларни акцияларига алмаштиради. Банкка 1,28 трлн сўм қарз берган Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ва бошқа бўлажак қарз берувчилар) СҚБнинг акциядорларига айланади.

Стратегик ислоҳотлар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Абдулла Абдуқодировнинг Kun.uz'га айтишича, Саноатқурилишбанкнинг субординаторлик қарзлари унинг молиявий барқарорлигини таъминлаш учун маълум муддатлар давомида олинган ва улар ҳисобига Covid-19 ва ундан кейинги даврларда давлатнинг саноат инфраструктурасини ривожлантириш соҳасидаги бир қанча лойиҳалари молиялаштирилган.

“Бу масаланинг 2 та муҳим қисмига тўхталсак: биринчидан, субординар қарз ўзи нима? Бундай қарз бу – молия институтлари ўртасида биридан иккинчисига вақтинча (кўп ҳолларда 5-10 йилга) бериладиган молиявий маблағлар ёки юқори ликвидли активлар бўлиб, қарзни олувчи томонидан (унинг банкротлик ҳолати аниқланганда) бу қарзни қайтариш бошқа кредиторлар талаблари қониқтирилгандан кейингина амалга оширилишини кўзда тутувчи қарз туридир. Жаҳон амалиётида бу амалиёт жуда кенг тарқалган. Бундай инструмент кўпроқ давлат томонидан молиявий институтларнинг фаолияти барқарорлигини таъминлаш учун қўлланади. Демак, Ўзбекистон Молия вазирлиги томонидан ҳам маълум бир муддатлар давомида Ўзсаноатқурилишбанк” АЖнинг молиявий барқарорлик кўрсаткичларини кўтариш учун қарзлар бериб борилган”, – дейди у.

Унинг қўшимча қилишича, банкларга берилган субординар қарзни қайтариш ёки бошқа шартларини ўзгартириш фақатгина Марказий банкнинг рухсати билан амалга оширилади.

Абдуқодиров ҳозирги ҳолатда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг инвестор сифатидаги таклифига биноан ҳукумат банкнинг қарзларини субординациялашган қарзлар туркумига киритишга розилик берганини таъкидлади. Яъни қарздан воз кечилмаган, уларни қайтариш шарти ва шароитлари ўзгартирилган.

“Давлат шунчаки бу қарзни капиталлаштириб, ўз улуши қийматини оширса ҳам бўларди. Лекин бу ҳолда инвесторлар учун банкнинг жозибадорлиги камайган бўлар эди. Бу ҳам банкнинг молиявий барқарорлигини таъминлаб, давлатнинг бу банкка нисбатан хайриҳоҳлик даражаси ўзгармаслигини кўрсатувчи бир қадам. Бундай қадам стратегик инвесторлар учун жуда муҳим ва келажакда хусусий инвесторларни банк капиталига жалб қилишга кенг шароит яратиб беради”, – дея тушунтирди у ҳукуматнинг позициясини.

Иқтисодчи Отабек Бакировга кўра, банкнинг устав капитали 4,6 трлн сўм ёки 400 млн доллар, портфел инвесторларнинг кредит ва қарз линия эса 200 млн долларни ташкил қилади. Агар бу кредит ва қарз линиялари акцияларга конвертация қилинса, портфел инвесторлар биргаликда банкнинг 50 фоиз улушига эга чиқиши мумкин. Бу давлат банкнинг назорат пакетини ўзида сақлаб қолиши мумкинлигини англатади.

Давлат СҚБни тўлиқ сотмаслиги ҳақидаги саволга жавобан Абдулла Абдуқодировнинг айтишича, “қайси банк давлат қўлида қолиши-қолмаслиги энг муҳим омил эмас”.

“Ҳар қандай ҳолатда ҳам банкларнинг барчаси бир неча йиллар давомида хусусийлаштирилади.

Лекин шу жараён давомида банклар фаолиятини трансформация қилиш ишлари бир кунга ҳам тўхтамайди. Бу дегани банкларда корпоратив бошқарув жараёни, турли рискларни аниқлаш ва бошқариш, маблағларни жалб қилиш, кредитларни бошқариш, банклар молиявий барқарорлигини таъминлаш ва бошқа амалиётларнинг самарасини ошириш ишлари давом эттирилади”, – деди у.

Банк соҳасида тажрибага эга Отабек Бакиров Kun.uz'га берган интервьюсида айтгандики, Ўзбекистонда корпоратив бошқарув яхши ривожланмагани учун битта банкнинг эгаси битта мулкдор бўлиши кўпроқ самара беради. Ҳукумат режасида эса банкнинг давлатдан ташқари яна бир нечта акциядорлари бўлиши кутилади.

“Аслида хусусийлаштириш ҳақида гап кетганда давлатнинг қайсидир бизнес субъекти таркибидаги бошқарувидан мулкдор сифатида тўлиқ кетиши тушунилади. Очиқ бозор, фонд бозори шаклланган, эркин бозор қоидалари амал қилаётган бошқа мамлакатларда қайсидир йирик банкларда давлат улуши сақланиб қолаётганини қабул қилиш мумкин. Чунки у ерда кучли корпоратив қоидалар амал қилади. Бозор давлатни бозор қоидалари асосида ўйнашга мажбур қилади. Лекин бизга ўхшаган бозор қоидалари томон тўлиқ етиб бормаган мамлакатлар учун давлатнинг қайсидир хусусийлаштирилаётган бизнесда улушини сақлаб қолиши хусусийлаштиришга саволлар қолдиради”, – дейди у.

Маълумот ўрнида, президент қарорига мувофиқ, бир қатор давлат банкларини хусусийлаштириш муддатлари ҳам узайтирилди, хусусан:

  • Асакабанкнинг хусусийлаштирилиши 2025 йилнинг охирига қадар;
  • Қишлоққурилишбанкнинг IPO’си эса 2024 йилнинг 1 мартига қадар;
  • Халқ банки, Микрокредитбанк:, Алоқабанк, Агробанк, Ўзмиллийбанкларнинг IPO муддатлари 2023 йилнинг 1 июлидан 2025 йилнинг 1 январига қадар узайтирилди.

Аввалроқ, Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов банкларнинг хусусийлаштирилиши кечиктирилиши инвесторларнинг қизиқишига боғлиқлигини айтганди. Геосиёсий вазият туфайли инвесторлар Марказий Осиё давлатларида риск даражаси ортган деб ҳисоблайди. Бундан ташқари, қарз бозорида юқори нархлар шаклланаётгани ҳам инвесторларни Марказий Осиёга кириш бўйича қарор қабул қилишни кечиктиришга ундаяпти.

Мадина Очилова тайёрлади.

Мавзуга оид