Ўзбекистон | 14:33 / 21.11.2024
30690
12 дақиқада ўқилади

Нега ўзбек ота-оналари боласини рус синфларига беради?

Ўзбекистонда боланинг саводи чиқар-чиқмас хорижий тилли боғча ва мактабларга бериш озми–кўпми учрайди. Бу узоқ ва баҳсли муҳокамаларга сабаб бўладиган мавзулардан. Бунинг салбий ва ижобий жиҳатлари нималарда кўринади?

Боланинг эрта ёшдан хорижий тилли боғча ва мактабларга бериш ҳақида ўзбек ота-оналарининг фикри турли хил. Масалан, бир гуруҳ ота-оналар боласининг саводи ўзбек тилида эмас, нега хорижий, жумладан, рус тилида чиқишини шундай изоҳлади.

Рус тилини билганлар кўпроқ қадрланади”

Мажид Султонов, иқтисодчи

– Ўзим тўлиқ ўзбек оиласи фарзандиман. Икки боламни ҳам рус боғча ва мактабга берганмиз. Чунки рус тилини рус мактабисиз ўрганиш жуда қийин, репетитор орқали ўрганиш оғриқли. Бу шахсан ўзимнинг бошимдан ўтган. Барибир рус тилида хато ва камчилик билан гапираман ва ёзаман. Чунки ўзбек мактабида ўқиб, қишлоқда катта бўлганман. Хўш, нега рус тилини билиши керак деб ўйлайман? Чунки Ўзбекистонда аксарият ташкилотлар рус тилини билишни талаб қилади. Талаб қилмаса, рус тилини билганларни кўпроқ қадрлайди. Болаларни рус ва инглиз тилларини билиши яхши иш учун ҳам муҳим. Қолаверса, янги билимларни ҳам ўрганади. Мен миллатимни яхши кўраман, Уйда урф-одатларимиз, тилимиз, динимизда мустаҳкам туриб ўргатамиз. Фарзандларимизнинг ютуғи чет тилларини мукаммал, йиллар давомида қийналмасдан ўргангани бўлади. Ўз касбини танлашида, шу касб бўйича ўқиши ва ишлашида ўрганган тилидаги адабиёт ва материаллардан фойдаланади. Шу соҳадаги мутахассислар билан тўғридан тўғри мулоқот қилади. Таржимонларсиз, эркин ўқийди ва ишлайди.

Ўзбек тили эмас, кўпроқ рус тили приоритетдек”

Райёна Исматова, ўқитувчи

– Икки ўғлим рус боғча ва мактабга боради. Фарзандларимни рус тилида таълим олишини исташимнинг бир нечта омилларни келтиришим мумкин.

Постсовет давлатларида, хусусан, Ўзбекистонда ҳам рус тили давлат тилидан кўра анча кўп фойдаланилади. Ҳатто асосий қонун ҳужжатлари “тепа”дан рус тилида тушиши ҳақида кўп давлат хизматчилари айтиб берган. Шу жиҳатдан олганда иш топиш масаласи рус тилини билиш, билмаслик билан ҳал қилинади десак ҳам бўлади. Яъни бирор жойга борсангиз, “ўзбек тилини яхши биласанми?” деб сўрамайди, рус тилини билиш шартлиги, бошқа хориж тиллари учун устуворлик берилишини айтишади. Бундай олиб қарасангиз, мамлакатимизда ўзбек тили эмас, кўпроқ рус тили приоритетдек.

Интернетда кўплаб керакли ресурслар асосан рус ёки инглиз тилида. Масалан, ўқитиш маҳорати бўйича яхши қўлланмаларни ўзбек тилида учратмаганман. Шунга ўхшаб тил ўрганиш дарсликлари ҳам асосан рус ёки инглиз тилида бўлишини кузатганман. Яъни ўзбек тилида топиш мумкин бўлган интернет ресурслар жуда-жуда камлиги ҳам рус тилини танлашда катта омил бўлса керак. Менимча, энг оғриқлиси шу – жамиятимизда ўзбек тилини билишликка нисбатан қандайдир уялиш кайфияти борлиги. Бундан ташқари, бирор жойга овқатланишга ёки кийим олишга борсангиз, ишчиларда ҳам шундай ҳолат кузатилади. Нега бундай кайфият борлиги ҳақида кўп ўйлайман.

“Ўзбек тилида илмий китоблар йўқ”

Бахтиёр Мусулмонов, ҳуқуқшунос:

– Ўғлим рус синфида ўқийди. Ҳозир 3-синфда. Очиғи, на ўзбекчаси яхши ва на русчаси. Иккала тилда ҳам қийналяпти. Масалан, нега рус синфга бергансиз, деган саволга ўзимда тайинли жавоб йўқ. Болам илмли бўлсин деб ният қилгандим. Илмий китоблар ўзбек тилида йўқ. Ўзбекистонлик олимлар ҳам илмий ишларини тўлиқ рус тилида ёзишади. Яъни рус тилини яхшироқ ўрганса, келажаги яхшироқ бўлишига ишонганман.

Ўзбек ва рус мактабларида қанча ўқувчи ўқийди?

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Кun.uz'га 2024/2025 йилларда Ўзбекистонда қанча мактабда ўзбек ва рус тилларда таълим берилаётгани статистикасини тақдим этди. Унга кўра, ўзбек тилида таълим берилаётган мактаблар сони 9 455 та, ўқувчилар эса 5 млн 600 мингдан ортиқни ташкил қилади. Бу мактабларнинг 8 337 тасида дарслар фақат ўзбек тилида ўтилса, 1 118 тасида аралаш тилларда таълим берилади.

Рус тилида таълим берилаётган мактаблар эса 946 та, ўқувчилар эса 685 минг нафардан ортиқни ташкил қилади. Бу мактабларнинг 88 тасида дарслар фақат рус тилида олиб борилади ва унда 148 мингдан кўп ўқувчи ўқийди. Қолган 858 та аралаш тилларда таълим бериладиган мактабларда эса 536 минг ўқувчи ўқийди.

Она тилида савод чиқиши ва даромад

Она тилида бериладиган таълимнинг аҳамияти ҳақида Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти ўтказган тадқиқотда гап боради. Тадқиқотчилар 2024 йилда аҳоли турмуш фаровонлиги, иқтисодий тараққиёт ва жамият равнақига таъсир қиладиган омилларни ўрганиб чиққан. Унга кўра, она тилини пухта ўрганиш ва унга асосланган таълим (Mother Tongue Based) аҳоли саводхонлиги ва муваффақиятли ўқиш, меҳнат бозорига кириш имкониятларини оширади. Шунингдек, маҳаллий тилга кўпроқ эътибор қаратадиган мамлакатларда ижтимоий тараққиёт, ҳаракатчанлик ва капиталнинг яхшиланиши аниқланган, дейилади тадқиқотда.

ЮНЕСКО тадқиқотига кўра, ўрта муддатли истиқболда она тилига асосланган таълим дастурларида таълим олган болаларда нафақат саводхонлик кўникмалари, балки ўзига бўлган ишонч ва маданий ғурур ҳам ошади.

Танганинг иккинчи томони

Фарзандининг чет тилли мактабларда эмас, балки ўзбек мактабларида савод чиқаришини хоҳлаётган ота-оналар фикри билан ҳам қизиқдик. Улар боланинг саводи нима учун она тилида чиқиши муҳим экани ҳақида турли аргументлар келтирди.

Босқинчининг тилини она тилим демасин”

Сирожиддин Тўрабеков, маркетолог:

– Болаларимнинг саводи ўзбек тилида чиқишини қўллайман. Ўзбек тилли мактабгина боланинг ўзбек бўлиб тарбия олишида ва ўзбек бўлиб улғайишига асос бўлиши мумкин. Ҳозир Тошкентда ҳамма ёқ ёки ўрисча, ёки арабча ёки инглизча. Охирги икки йилда излаб ўзбекона руҳ берадиган, ўзлигини, тарихини ва кимлигини уқтириб, тарбия ва таълим берадиган мактаб топа олмадим. 8 ёшли ва 7 ёшли икки ўғлим охири давлат мактабига чиқди. Ҳозир 99 фоиз ҳамкасбларим боласини рус мактабига беришади. Сабаб қилиб ўзлари ишда русчани билмагани учун қийналганини келтиришади. Мен буни қабул қилолмадим. Болаларимнинг 3000 йиллар бу буюк кенгликларда от чоптирган ота-боболари ҳақида тўлиқ билиши ва ўзини шу одамларнинг авлоди деб катта бўлиши мен учун жуда муҳим. 100 йил олдин бостириб келган босқинчининг тилини она тилим демасин, агар шундай деб катта бўлса, ватанни бой берамиз.

Бошқа тиллар ўзбек тили устига қурилади”

Илёс Сафаров, “Ватандош” лойиҳаси журналисти:

– Фарзандларимга хорижий тилларни ўқитаман, бир нечта хорижий тилларни билиб катта бўлиши керак. Фақат битта шунақа қатъий тартиб бўлади: 5-6 синфларгача болаларим тўлиқ ўзбек боғча ва мактабларда таълим олишади, ўзбек тилида саводи чиқади. Умуман, ўзбек бўлиб, ўзининг онгини таниши керак ва қолган тиллар шу асосга қурилади. Ундан кейин хорижий тилларни ўрганишади. Шундагина юраги ўзбек бўлиб катта бўлади. Қизимга ҳам Севинч деб исм қўйганман. Бу исм ҳақиқий туркийча, ўзбекча исм. Ўзлигимиздаги бир камайиб кетаётган исмларни сақлаб қолиш учун ҳам шу исмни танлаганман.

Учинчи маданият болалари пайдо бўлади”

Беруний Алимов, журналист:

– Катта фарзандим 3 ёш, кичиги 1 ёшлигида Японияга кўчиб кетганмиз. Иш юзасидан 4-5 йил ўша ерда яшадик. Табиийки, болалар япон боғча ва мактабига чиқишган ва улар ўзаро япон тилида гаплашишарди. Катта бўлгунча улар 8 марта мактаб ўзгартиришди ва бунда ўзимни айбдор деб ҳис қиламан. Москвада ҳам бир муддат яшадик. Уйда доимий ўзбек муҳитини яратиб беришимизга қарамасдан улар қандайдир учинчи маданият болаларига айланиб қолишгандек туюларди. Умуман олганда тил ўрганишни қўллаб-қувватлайман. Абу Райҳон Беруний ўз даврида 9 тилда гаплаша олган. Лекин дастлабки таълим она тилида бўлиши керак. Буни ҳеч қанақа миллатчилик деб тушуниш керак эмас. Яъни болаларимиз бошқа маданиятга мослашиб кетмаслиги учун она тилида саводи чиқиши жуда муҳим. Чунки ҳар бир миллат ўзига хослигини сақлаб қолиши керак.

Ота-оналарнинг рус тили мураккаб, ўрганиш осон эмас деган гапига ҳам унча қўшилмайман. Менинг ўзим оддий ўзбек мактаб боғчасига борганман. Кейин Тошкентга келиб рус тилини ўргандим ва ҳозир рус тилида дарс бераман. Рус тилини ўрганиш болага кейинчалик стресс бўлади деб ўйламайман.

Айрим ота-оналар қўшимча тилни ёшлигида ўрганса, кейин тил ўрганишга кетадиган вақтни бошқа нарсага сарфлайди деб ўйлайди. Лекин биласизми, ҳозир 40 ёшдан ошган ўзбеклар менга ўзбек тилини ўргатишимни сўраяпти. Яъни она тилисини хорижий тил сифатида ўрганишяпти. Баъзан икки ўзбек ўртасида таржимонлик қилишимга ҳам тўғри келган. Албатта, бунга уларни ҳаёт мажбур қилган. Ёши катта бўлганда ҳам қайсидир маънода ўзбек бўлиб, ўзбек тилини билмаганларга раҳмим келади. Саводи ўзбек тилида чиқмаган одам, тилни маҳаллий аҳолидек ҳис қилолмайди.

Болалар психологи нима дейди?

Болалар психологи Ойдина Йўлдошева бола илк саводини чет тилида эмас, ўз она тилида чиқаргани маъқул дейди, Kun.uz мухбири билан суҳбатда. “2-3 ёшдаги болалар сўз бойлиги 50-250 тагача бўлиб, бу луғат асосан атроф-муҳит ўрганиш ва яқинлари билан мулоқот орқали бойийди. Бола илк таълимни она тилида олса, мураккаб сўзларни осон тушунади, таҳлил қилиш ва интеллектуал салоҳияти ривожланади. Шунингдек, у миллий маданият ва одоб-ахлоқ тушунчаларини тезроқ англайди, атрофдагилар билан осон мулоқотга киришиб, фикрини эркин ифодалайди ҳамда ўзига бўлган ишончи ошади”, – дейди психолог.

У она тилидаги савод коммуникатив кўникмаларни мустаҳкамлаши, хорижий тилда эса бу жараён осон кечмаслигини қўшимча қилди. Сабаби бола чет тилида чекланиб қолиши ва ўз она тилида нутқи равон бўлгандан кейин малакали педагог ёрдами билан бошқа хорижий тилларни ўрганишни бошлаш мумкинлигини тавсия қилди.

Шунингдек, у она тилида эмас, балки бошқа тилларда савод чиқарса, гаплашса, бу бирор муаммога сабаб бўлиши мумкинми, деган саволга Ибука Масарунинг тавсияларини мисол қилиб келтирди. “Учдан кейин” асарида кичик ёшдаги болаларга бир нечта тилни ўргатиш мумкинлиги ҳақида кўплаб маълумотлар берилган. “Аммо бу жараён муваффақиятли бўлиши учун тўғри ёндашув, малакали мутахассис машғулоти ва ота-оналар ёрдами, доимий мулоқот зарур. Акс ҳолда, кўплаб хорижий тил палапартиш ўргатилганида, болада нутқи кечикиши, сўзлашувда қийинчиликлар, чекланган сўз бойлиги, тилни бузиб мулоқот қилиш ҳолатлари юзага келиши мумкин”, – деди Ойдина Йўлдошева.

Зуҳра Абдуҳалимова, журналист 

Мавзуга оид

Эълонлар

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Xiaomi жаҳон бозорида фотосурат санъатини янги чўққига олиб чиқувчи Xiaomi 15 сериясини тақдим этмоқда

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Xiaomi жаҳон бозорида фотосурат санъатини янги чўққига олиб чиқувчи Xiaomi 15 сериясини тақдим этмоқда

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи