Кўчмас мулк | 20:28 / 02.09.2025
4746
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда уй-жой сотиб олишда кешбэк жорий этилиши мумкин

Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобовга кўра, уй-жойларнинг атиги 10 фоизга яқини ҚҚС билан, қолган 90 фоизи эса солиқсиз сотиб олиняпти. Қурилиш секторида яширин иқтисодиётнинг улушини камайтириш мақсадида жисмоний шахсларга олди-сотди битими суммасидан 5−6 фоиз кешбэк жорий этилиши мумкин.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда уй-жой сотиб олишда кешбэк жорий этиш масаласи кўриб чиқиляпти. Бу ҳақда 29 август куни Савдо-саноат палатаси томонидан қурилиш соҳаси вакиллари билан ташкил этилган очиқ мулоқотда маълум қилинди.

Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов кўчмас мулк ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда сотиб олиниши кераклигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, уй-жойларнинг атиги 10 фоизга яқини қўшилган қиймат солиғи билан, қолган 90 фоизи эса солиқсиз сотиб олиняпти.

«Жисмоний шахслар учун 4−5 фоиз кешбэк жорий этиш бўйича фикрлар бор, шунда улар қурувчига мурожаат қилиб, олди-сотди битими суммасидан 5−6 фоиз кешбэк олиш учун ҳисобварақ-фактурани талаб қилишади. Балки бу вазиятни ўзгартиришга ёрдам берар?» — деди Ваҳобов.

Аввалроқ, Ўзбекистонда уй-жой олди-сотдисини амалга оширишда нақд пулдан воз кечиш режалаштирилаётгани хабар қилинганди. Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаевга кўра, бу яширин иқтисодиётга қарши курашишга қаратилган.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид