Ўзбекистон | 22:35 / 10.09.2025
8852
4 дақиқада ўқилади

Пенсия ёши оширилиши, таълимдаги ягона давлат имтиҳони – маҳаллий дайжест

Шавкат Мирзиёев Толстой номидаги Халқаро тинчлик мукофоти билан тақдирланди. Ҳарбий ва идоравий формаларга ўхшаш кийим кийганлар жаримага тортилади. Пенсия ёшини ошириш режалаштириляпти. Таълимда ягона давлат имтиҳони жорий этилиши мумкин. Қарийб 4 йил олдин қизини айиқ қафасига улоқтирган она энди уни пичоқлаб ўлдирди. Уй-жой қурилиши қонунийлигини текшириш имконияти яратилмоқда. Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Шавкат Мирзиёев Толстой номидаги Халқаро тинчлик мукофоти билан тақдирланди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Лев Толстой номидаги Халқаро тинчлик мукофоти билан тақдирланди.

Ташкилий қўмитанинг таъкидлашича, уч мамлакат етакчилари Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга қўшган улкан шахсий ҳиссалари учун ушбу мукофотга лойиқ деб топилди.

Толстой мукофоти Россия Тарих жамияти ва Россия Тинчлик фонди томонидан таъсис этилган бўлиб, у тинчликни мустаҳкамлашга қўшган улкан хизматлари учун берилади.

Ҳарбий ва идоравий формаларга ўхшаш кийим кийганлар жаримага тортилади

Жиноят кодексига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ходимларининг формали кийим-бошини қонунга хилоф равишда кийиб юриш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Унга кўра, вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ходимларининг формали кийим-бошини қонунга хилоф равишда кийиб юриш, ҳарбий ва идоравий формали кийимга ўхшаш формали кийим-бошни жорий этиш ва улардан фойдаланиш учун жазо чоралари қўлланади.

Пенсия ёшини ошириш режалаштириляпти

Пенсия жамғармаси ижрочи директори Муродбек Отажоновга кўра, эркаклар учун пенсия ёши ҳозирги 60 ёшдан 63 ёшга, аёллар учун эса 55 ёшдан 58 ёшга оширилиши режалаштирилмоқда.

Қайд қилинишича, мамлакатда ўртача умр кўриш давомийлиги ортиб бормоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, бугунги кунда бу кўрсаткич 75 йилни ташкил этяпти.

Отажоновнинг қўшимча қилишича, пенсия ёшини ошириш бўйича якуний қарор ҳали қабул қилингани йўқ.

Таълимда ягона давлат имтиҳони жорий этилиши мумкин

Таълимда Ягона давлат имтиҳони (ЯДИ) тизимини халқаро аккредитациядан ўтказиш орқали амалиётга жорий этиш режа қилиняпти. Ташаббус президент иштирокидаги йиғилишда илгари сурилган.

Қайд қилинишича, айни пайтда ўқувчилар 3 марта имтиҳон топширяпти: мактаб битирув имтиҳони, олий таълимга кириш имтиҳони, фанлар бўйича сертификат олиш имтиҳони. Мазкур имтиҳонларни бирлаштириш йўли билан Ягона давлат имтиҳони (ЯДИ) топширишга ўтиш ва жараённи соддалаштириш режа қилиняпти.

Қарийб 4 йил олдин қизини айиқ қафасига улоқтирган она энди уни пичоқлаб ўлдирди

2022 йил январида Тошкент ҳайвонот боғида онаси томонидан айиқ қафасига ташлаб юборилган қиз қотиллик қурбони бўлди: жорий йил август ойи бошида руҳий касалликлар шифохонасидан чиққан она бу сафар қизини пичоқлаб ўлдирди.

Ҳолат юзасидан Сергели тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган ва аёл процессуал тартибда ушланган. Ҳозир тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Уй-жой қурилиши қонунийлигини текшириш имконияти яратилмоқда

Қурилиш компанияларига қураётган объекти ёнига QR-кодли паспорт ўрнатиш талаби қўйиляпти. Ушбу хизмат орқали объект номи, буюртмачи, лойиҳачи, қурувчи ва унинг рейтинги, қачон фойдаланишга топширилиши, шаҳарсозлик ҳужжатлари ва бошқа кўплаб маълумотларга эга бўлиш мумкин.

Бунда ҳар бир маълумотни диққат билан ўқиб чиқиш тавсия этилади. Масалан, уй деб сотилаётган бўлса-да, ҳужжатда меҳмонхона, бизнес маркази ёки савдо шохобчаси сифатида ёзилган бўлиши мумкин. QR-кодли паспорт эҳтимолий фирибларнинг олдини олиши мумкин.

Муаллиф:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид