Ўзбекистон | 13:28
4927
3 дақиқада ўқилади

Рақобат қўмитаси ўқув марказларини огоҳлантирди (рўйхат)

Ўқув марказлари ва таълим платформаларида хизмат сифати қониқарсизлиги, кўрсатилмаган хизматлар учун тўлов ундириб, шартнома ва пулни қайтариш шартлари бўйича етарли маълумот бермаслик ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Рақобат қўмитаси энг кўп шикоят тушаётган 10 дан ортиқ муассасаларни санаб ўтди. Улар орасида аввалроқ Kun.uz суриштирув ўтказган “Newton Academy” ва “Бадавлат аёл” лойиҳалари ҳам бор.

2024–2025 йиллар давомида нодавлат таълим хизматлари бўйича Рақобат қўмитасига 1 200 га яқин мурожаат келиб тушган.

Қўмита хабарига кўра, мурожаатларнинг асосий қисми:

  • “Newton Academy”, “NewTone School”;
  • “MyTeacher” онлайн инглиз тили курси;
  • “Prep.uz” онлайн рус тили курси;
  • “Бадавлат аёл” лойиҳаси;
  • “Qadam Eduaction” ўқув маркази;
  • “Lerna”, “Skillbox”, “Geekbrains”;
  • “Interno Edu” МЧЖ;
  • “Englify” МЧЖ;
  • “Niyat Education”;
  • “Sevenedu” онлайн тил маркази каби ўқув марказлари ва онлайн таълим платформалари фаолиятига тааллуқли.

Қайд этилишича, бир қатор ўқув марказлари ва таълим платформаларида таълим сифати қониқарсизлиги, кўрсатилмаган хизматлар учун тўлов ундирилиши, шартнома шартлари ва пулни қайтариш тартиби бўйича етарли маълумот берилмаслиги каби ҳолатлар кузатилмоқда.

Эътирозларда “Uzum Nasiya”, "Shaffof moliya”, “Paylater” ва бошқа муддатли тўлов платформалари орқали тузилган шартномаларни бекор қилишда қийинчиликлар юзага келаётгани, рекламада берилган ваъдалар амалда бажарилмаётгани билдирилган.

Қўмита юқоридаги каби таълим марказларини қонунчиликка, лицензия талабларига, шу жумладан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонунчиликка риоя этишга чақирган ҳолда, ҳар қандай ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик назарда тутилганини эслатган.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил декабр ойида Kun.uz Тошкентда бир нечта филиалларга эга “Newton Аcаdemy” ҳақида суриштирув эълон қилганди. Унда фарзандини бериб, бир йиллик тўлов қилган бир гуруҳ ота-оналар марказдаги таълим сифатидан норозилиги ҳақида сўз боради. Рақобат қўмитаси ўшанда бу ўқув марказини жаримага торттирган эди.

Шунингдек, Kun.uz “Бадавлат аёл” лойиҳаси атрофидаги норозиликлар юзасидан ҳам суриштирув ўтказиб, курсларни бўлиб тўлашга сотиб олган, лекин кейин ҳафсаласи пир бўлган қатнашчилар Uzum Nasiya'даги тўловлар тўхтамаслигидан шикоят қилаётганини ёритган эди. Бу кейсда ҳам Рақобат қўмитаси одамларни лойиҳага эҳтиёткор қарашга чақирганди.

Мавзуга оид