Ўзбекистон | 09:00
2407
16 дақиқада ўқилади

Қамоқдаги судялар, Соловёвнинг “сайраши” ва ДХХ нигоҳидаги 4 та таҳдид — ҳафта дайжести

Ўзбекистон Bayraktar дронларини намойиш этди, ДХХ раиси ва мудофаа вазири ҳисобот берди. Президент хориждаги рейдларда ватандошларнинг ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақида гапирди. Тошкентда 4 нафар судя қамоққа олинди. Темирйўл чипталари нархи ошяпти – 3 ой олдин вазир таннарх пасайишини айтганди. Якунланган ҳафтанинг асосий хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ор-номус масаласи

Империалистик иллюзия оғушидаги Россия Украинага босқин бошлаганидан бери 3 та иттифоқчисидан айрилди: Арманистон КХШТдан де-факто чиқиб кетди, Сурия ва Венесуэлада эса режимлар ағдарилди. Ҳозир Эронда ҳам нотинчлик ҳукм сураётгани, Доналд Трамп энди Кубани бўйсундириш учун қисман блокада бошлаганини инобатга олсак, Кремл иттифоқчиларидан бирин-кетин айрилишда давом этиши эҳтимолдан холи эмас.

Пропагандачи Владимир Соловёвнинг якшанба кунги чинқириғи айни шу контекст билан боғлиқ. Унинг гапларидан геосиёсий мағлубият аламига чидолмаётган ғариб-у нотавон зўравоннинг: “Узоқ юртларда йўқотадиганимизни йўқотиб бўлдик, энди ҳеч бўлмаса қўшниларимизга хўжайинлик қилишни эплашимиз керак” деган ожизона нолишини уқиш мумкин:

“Биз учун энг асосийси – ўзимизга яқин хориж мамлакатлари. Арманистондаги воқеалар биз учун Венесуэладаги воқеалардан кўра анча оғриқли. Арманистондан айрилиш – биз учун улкан муаммо. Бизнинг Осиё, Ўрта Осиё, улар Марказий Осиё деб атайдиган минтақадаги муаммолар – Россия учун улкан муаммо бўлиши мумкин. [...] Агар миллий хавфсизлигимиз учун Украина ҳудудида МҲА бошлашимиз керак бўлган бўлса, нега айнан шу мантиқдан келиб чиқиб, таъсир доирамизнинг бошқа нуқталарида ҳам МҲА бошлай олмас эканмиз?”

Бунга жавобан Арманистон рус элчисини чақириб, норозилик нотасини тутқазган бўлса, Марказий Осиёдаги сиёсатчилардан жиддий ҳаракат бўлмади. Жамоатчиликнинг кескин реакциясига доимгидек саноқли депутатлар қўшилди холос. Хусусан, депутат Бобур Бекмуродов “сарҳадлар – ор-номус масаласи” эканини айтиб, Соловёвнинг фамилияси рус тилидаги “соловей” – булбул сўзидан олинганини сўз ўйинига айлантирди:

“Соловёвнинг гапларига тупурдим. Унинг империячилик амбицияларига тупурдим. Биз унга мана бу ўзбекча иборанинг маъносини ўрганишни тавсия қиламиз: ўзингни булбулинг билан ўйна”.

Яна бир депутат Алишер Қодиров россиялик пропагандачининг “исмини айтишга хазар қилиши”ни таъкидлаб, унинг “бепушт чиқиши” “чорасизлик ва мажруҳликдан” далолат беришини айтди.

“Рус пропагандасининг машҳур иштирокчиси... Исмини ҳам айтишга хазар қиламан. Ҳурматли фракциядошлар, биз жамиятимизга бир нарсани тушунтиришимиз керак: ваҳимага ўрин йўқ, совуққон қабул қилишимиз керак. [...] Ўзбекистон ҳам ер чизиб ўтирадиган давлат эмас. Ўзбекистон ҳам ўзининг ҳамкорлари билан, стратегик шериклари билан, бутун минтақадаги бирлик-бирдамлик билан, ички мустаҳкамлик билан доимо ўз манфаатларини ҳимоя қила оладиган давлат”, – деди Қодиров.

Бир неча ой олдин россиялик бир миллатчи ўзбек муҳожирига қарата “сен русларнинг қулисан” дея ҳақоратлаганида, Ташқи ишлар вазирлиги ўша нусханинг кимлигини аниқлаб, Ўзбекистонга киришига тақиқ қўймаган эди. 2024 йилда катта пиар билан қабул қилинган персона-нон-грата қонунини амалда ишлатишга вазирлик бу сафар ҳам шошилмаяпти. Ваҳоланки, қонунда аниқ-тиниқ ёзиб қўйилган: чет эл фуқаросининг Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетига ва ҳудудий яхлитлигига зид бўлган, давлатлараро адоват келтириб чиқарувчи оммавий чиқишлари уни номақбул шахс деб топиш учун асос бўлади.

Россия ТИВ сўзчиси Мария Захарова бу сафар ҳам Соловёвнинг гаплари гўёки унинг “шахсий фикри” эканига ишонтиришга уринди, лекин худди Захар Прилепин ва бошқалар билан бўлгани каби, адоват қўзғовчи чиқишларга нисбатан бир оғиз ҳам танқидий муносабат билдиргани йўқ.

Ушбу контекстда қатор фаоллар Марказий Осиё ва Россия ўртасидаги демографик ва иқтисодий тенгсизлик қисқариб бораётганига эътибор қаратди. Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг ёзишича, Марказий Осиё 2067 йилга бориб аҳоли сони бўйича ҳам, иқтисодиётининг ҳажми бўйича ҳам Россиядан ўзиб кетади. Шундан кейин ўртадаги фарқ минтақамиз фойдасига катталашиб бораверади. Бунга эришиш учун эса, аввало минтақавий тотувлик ва иқтисодий ўсиш барқарор давом этиши лозим.

Тошкентнинг 4 судяси ҳибсга олинди

Jurnalist ishi: Bobomurod Abdullayev ekspertiza ishi bilan yaqindan  tanishishi mumkin

Ҳафтанинг иккинчи энг шов-шувли воқеаси – Тошкентда 4 нафар судянинг қамоққа олиниши бўлди. Гап – Акмал Шукуровни озодликка чиқариб юборган судялар ҳақида боряпти. Бош прокуратура ахборотига кўра, Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судялари Одилбек Илҳомжонов, Мирзиёд Абидов ва Муҳтарама Турғунова, шунингдек, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Муроджон Мирзажоновга нисбатан жиноят иши очилган ва уларнинг тўрталасига ҳам қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Расмий баёнотда айтилишича, суд раисининг ўринбосари Муроджон Мирзажонов апелляция инстанциясида Акмал Шукуровни озодликка чиқариб юбориш учун қўл остидаги судяларга босим ўтказган. Судялар эса унинг топшириғи ноқонуний эканини била туриб, одил судловни амалга оширишда мустақил бўлишига қарамай, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципига амал қилмасдан, оғир оқибатларга сабаб бўлган ноқонуний ва адолатсиз ажрим чиқарган.

Айблов исботланса, тўрт нафар судя 10 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Тергов билан Бош прокуратура шуғулланяпти. Қайд этиш лозим, судяларнинг чиқарган ҳукми учун судланиши – ўта ноёб ҳодиса. Ва бу ҳодиса янги саволларни ўртага чиқаради: модомики, улар ноқонуний ва адолатсиз ҳукмда айбланаётган экан, уларнинг аввалги чиқарган ҳукмлари ҳам адолатли экани шубҳа остида қолмайдими?

Бу масалани 2 йил олдин депутат Одилжон Тожиев кўтариб чиққан эди. У ўшанда прокурор ва суд раиси пора билан қўлга тушганига муносабат билдириб, бундай ҳолатларда улар кўрган аввалги ишларни ҳам қайта кўриб чиқишни қонунчиликка киритишни таклиф қилганди. “Чунки бу каби нолойиқ шахсларнинг ҳаракатлари оқибатида қанчадан-қанча фуқаролар ноҳақ айбланиб, ноҳақ судланиб кетган бўлиши мумкин”, – деганди депутат.

Ўзбекистон хавфсизлиги: президент, ДХХ раиси ва мудофаа вазирининг чиқишлари

Фото: Президент матбуот хизмати

14 январ – Ватан ҳимоячилари куни арафасида президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятидаги янги ҳарбий полигонга бориб, машғулотларни кўздан кечирди. Шу куни давлат раҳбари раислигида Хавфсизлик кенгашининг йиғилиши ҳам бўлиб ўтди. Унда президент замонавий урушларнинг табиати тубдан ўзгарганини таъкидлаб, 8 йил олдин қабул қилинган мудофаа доктринаси ва 1997 йилда қабул қилинган миллий хавфсизлик концепциясини қайта кўриб чиқиш вақти келганини айтди. Маълум қилинишича, янги мудофаа доктринасида ҳарбий блокларга қўшилмаслик принципи сақланиб қолади.

Шавкат Мирзиёев нутқи давомида ҳарбий соҳадаги ойликлар оширилишини эълон қилди. 1 апрелдан бошлаб шартнома асосида хизмат қилаётган оддий аскар ва сержантларнинг маоши 10 фоизга кўтарилади. Мудофаа вазирлиги офицерларига кўп йиллик хизмати учун устама миқдори 2 баробарга оширилади. Ҳудудий мудофаа бўлимларидаги ноҳарбий хизматчиларнинг ойлиги бу йил 20 фоизга, келаси йили яна 50 фоизга кўпайтирилади. Шунингдек, 30 йилдан ортиқ стажга эга ҳарбийларнинг пенсия таъминотини яхшилаш, ҳарбий хизматчилар учун уй-жой қурилишини кенгайтириш кўзда тутилган.

Йиғилишда муддатли ҳарбий хизматнинг нуфузини кўтариш чоралари ҳам белгиланди. Ёшлар тилида “1 йиллик армия” дейиладиган хизматга бориб келганлар олийгоҳга кириш учун репетиторга борса, чет тили ва фан сертификатини олиш харажатларини давлат қоплаб беради. Улар контрактга ўқишга кирган тақдирда, фоизсиз таълим кредитини олиши мумкин. Ўқишга киришни истамаган ёки имтиҳондан йиқилганлар эса, ишга киришда давлат қўлловига эга бўлади: давлат ишида ишлашни танласа, тест балларига 10 фоизлик имтиёз берилади; хусусий секторда ишламоқчи бўлса, касб ўрганиш ва сертификат олиш харажатларини давлат тўлаб беради.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шу куни ДХХ ва Мудофаа вазирлиги раҳбарларининг ҳисоботлари узоқ йиллар ичида илк марта расмий репортаждан жой олди. ДХХ раиси Баҳодир Қурбоновнинг айтишича, ҳозирда давлат чегарасининг 42 фоизи видеокузатув тизими билан жиҳозланган, чегараларда Bayraktar дронига эга янги махсус бўлинма навбатчилик қилмоқда. Генерал ўз нутқида Ўзбекистон учун тўртта асосий таҳдидни санаб ўтди: булар – террорчилик ҳуружлари, давлат чегараси орқали наркотик ва қурол-яроғларнинг ноқонуний олиб ўтилиши, гиёҳванд моддалар айланмаси ва коррупция таҳдидларидир.

“Ўтган йили Ўзбекистонда ва хорижда амалга оширилиши режалаштирилган 11 та терактнинг олди олинди. Уларга алоқадор 11 нафар марказий осиёлик шахснинг деструктив фаолиятига чек қўйилди. Бугунги кунда виртуал макон, айниқса ижтимоий тармоқлар аҳоли орасида деструктив ғояларни тарқатувчи асосий манбага айланиб, диний вазиятга салбий таъсир кўрсатмоқда”, – деди Баҳодир Қурбонов.

Шуҳрат Холмуҳамедов / Фото: Президент матбуот хизмати

Мудофаа вазири Шуҳрат Холмуҳамедов янги техникаларни қўллашдаги ютуқлар ҳақида гапириб, FPV-дронларга алоҳида тўхталди.

“Учувчисиз комплекслар мутахассисларини тайёрлаш маркази ташкил этилиб, 340 нафар мутахассис ўқитилди ва синовдан ўтказилди. Айтишим жоизки, аскарларимиз қисқа муддатда энг қийин бўлган FPV-дронларни бошқариш, нишонларга аниқ зарба бериш кўникмаларини тўлиқ ўзлаштиришди. Бугунги кунда барча FPV-дрон операторлари жанговар вазифани бажаришга тайёр», – деди вазир.

“ТИВ нота бериш билангина чекланиб қоляпти”

Президент ҳузуридаги яна бир йиғилишда Ташқи ишлар вазирлиги фаолияти кўриб чиқилди. Унда президент 2012 йилда қабул қилинган Ташқи сиёсат концепциясини ўзгартириш зарурлигини айтди.

“Янги концепция мамлакатимизнинг узоқ муддатли стратегик мақсадларини, ички ислоҳотларимиз мантиғини, иқтисодий дипломатия, хавфсизлик, инвестиция, экспорт, транспорт-логистика, сув ва иқлим масалаларидаги миллий манфаатларимизни яхлит ва ўзаро боғлиқ ҳолда акс эттириши лозим”, деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев ўз нутқида “хорижий давлатларда ўтказилаётган турли рейдларда” ватандошларнинг ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақидаги хабарлар жамоатчиликда “жиддий норозилик уйғотаётгани”га эътибор қаратиб, аксарият ҳолатларда Ташқи ишлар вазирлиги расмий нота бериш билангина чекланиб қолаётганини танқид қилди.

“Элчи ва консуллар ҳар бир ҳолат юзасидан малакали юридик ёрдам кўрсатиб, хориждаги фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиши шарт”, – деди президент. Давлат раҳбарига кўра, бундан буён элчилар “кабинет дипломатияси”дан воз кечиб, хориждаги ватандошлар ишлаётган қурилиш майдонига, ётоқхонага, талабалар аудиториясига бориб, уларнинг муаммосини ўрганиб, ечими бўйича ишлаши керак.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон меҳнат муҳожирларининг географияси кенгайиб бораётганини айтаркан, айниқса Европа давлатлари билан бу борадаги музокараларни кенгайтириш ва амалий натижаларга эришиш муҳимлигини айтди. Ўтган йили АҚШ ҳукумати қишлоқ хўжалиги ишчилари учун махсус виза олишни соддалаштиргани муносабати билан, Вашингтондаги элчимизга топшириқ берилди: у АҚШдаги мавсумий ишчилар жалб қилинадиган давлатлар рўйхатига Ўзбекистонни киритиш бўйича музокара ўтказиши лозим.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Ўзбекистонда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш бошланди. Бу кенг кўламли тадқиқот – мустақиллик йилларида биринчи марта ўтказиляпти. Ватандошлар census.stat.uz сайти орқали 31 январгача онлайн тарзда ўзи ва оила аъзоларини рўйхатдан ўтказиши мумкин. 4–28 феврал кунлари эса махсус тайёргарликдан ўтган ходимлар уйма-уй юриб, аҳолини ва қишлоқ хўжалигига доир маълумотларни йиғади. Ушбу яхлит демографик таҳлил натижалари истиқболдаги иқтисодий-ижтимоий режалар учун пойдевор бўлиши кўзда тутилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖнинг ўтган ойда тайинланган раиси Абдуғани Сангинов / Фото: Президент матбуот хизмати

“Ўзбекнефтгаз” газ қазиб чиқариш ҳажмини ошириши керак – президент Шавкат Мирзиёев душанба кунги йиғилишда масъуллар олдига шундай вазифани қўйди. Бу йил камида 25,4 млрд куб метр газ қазиб чиқариш кўзда тутилган. Нефт-газ соҳасида ўғрилик ва коррупцияга қарши курашни кучайтириш топшириғи ҳам берилди. “Ўзбекнефтгаз” хабарига кўра, газ қазиб чиқариш мажбуриятларини бажармаётган хусусий операторлар ўрнига, очиқ тендерлар асосида янги инвесторлар жалб этилади. Электр энергияси соҳасида эса, улгуржи бозорга шу йил ўтиш режа қилинган. Чоршанба куни президентга қилинган тақдимотда айтилишича, янги тизимда йирик корхоналар электр энергиясини улгуржи бозорда, “соатбай” шаклланган нархларда, тўғридан тўғри шартномалар асосида харид қила бошлайди.

Ўзбекистондаги энг янги банклардан бири – Yangi bank лицензиясидан айрилди. Марказий банкка кўра, банк устав капиталини белгиланган миқдоргача оширмаган ва бошқа қоидабузарликларни содир этган. Регуляторнинг қарори билан, Yangi bank тугатиладиган бўлди. Банкнинг 32 мингдан ортиқ омонатчисидан аксарияти пулларини давлат кафолати остида, тўлиқ ҳажмда қайтариб олади, омонати миқдори кафолат ҳажмидан юқори бўлган 373 нафар омонатчи эса ундирув жараёнини кутишига тўғри келади. Маълумот учун, Yangi bank 2023 йилда очилган бўлиб, таъсисчиси Сингапурда жойлашган. Банк раиси Тимофей Смирнов бир вақтнинг ўзида тадбиркор Бахтиёр Фозиловга қарашли “Sanoat Energetika Guruhi Enera” компаниясининг ҳам раҳбари ҳисобланади.

1 февралдан поезд чипталари нархи яна кўтарилади. “Ўзбекистон темирйўллари” хабарига кўра, келаси ойдан бошлаб “Афросиёб”, “Шарқ”, “Насаф” ва “Ўзбекистон” йўловчи поездларида чипта нархлари 15 фоизга кўтарилади. Масалан, “Афросиёб”да Тошкентдан Самарқандга бориш учун эконом классда 311 минг сўм, Қаршигача – 429 минг сўм, Бухорогача – 509 минг сўм тўлашга тўғри келади. Эслатиб ўтамиз, 3 ой олдин транспорт вазири Илҳом Маҳкамов “Ўзбекистон темирйўллари” ва Uzbekistan Airways хизматларининг таннархи 20 фоизга пасайтирилишини айтган эди.

Сирдарёнинг Ховос туманида фермерларнинг ерлари оммавий равишда олиб қўйиляпти. ЎзЛиДеП буни тўхтатишга чақириб, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовга мурожаат қилди. Партиянинг маълум қилишича, прокуратура, ички ишлар, мажбурий ижро, солиқ ва бошқа идоралардан иборат ишчи гуруҳ фермерларнинг уйига бориб, ижро ҳужжатларисиз уларнинг шахсий мол-мулкини хатлаяпти ва ердан воз кечиш ҳақида ариза ёзишга мажбурлаяпти. Вилоят ҳокимлиги эса ерлар ноқонуний олиб қўйилаётганини рад этиб чиқди. Маълум қилинишича, ер ижара шартномасини бекор қилиш тўғрисида 110 та фермер хўжалигига нисбатан судга даъво киритилган – улар ердан самарасиз фойдаланганликда айбланмоқда.

Болага ота исмини фамилия сифатида беришга рухсат этилиши мумкин. Тегишли қонун сешанба куни Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинди. Амалдаги тартибга кўра, болага ё ота-онанинг фамилияси, ёки бобосининг исми фамилия сифатида берилиши мумкин. Адлия вазири ўринбосари Нуъмон Муҳаммадиевнинг айтишича, бу тартиб амалиётда муаммоларни келтириб чиқаряпти. Хусусан, болалар уйида улғайганлар ёки оталик ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахсларнинг фарзанди ўз боласига оталик ҳуқуқидан маҳрум қилинган отанинг исмини фамилия сифатида беришни хоҳламаяпти. Бу қонун кучга киргач эса, улар (ва умуман барча оталар) ўз исмини фарзандига фамилия қилиб бериши мумкин бўлади.

Муаллиф – Комрон Чегабоев
Дастур бошловчиси – Бобур Акмалов
Тасвир устаси – Шоҳруз Абдурайимов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова

Мавзуга оид