Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Солиқдан қарзи бор камбағал аҳолининг светга тўлов имконияти чекланмайди
16 апрелдан Наманган вилоятида бошланадиган эксперимент ногиронлиги бўлган шахслар, боқувчисини йўқотган оилалар, ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган фуқаролар ва бошқа имтиёзли тоифалар учун қўлланилмайди, дея маълум қилди Солиқ қўмитаси. Қўмита, шунингдек, “абонент ҳисобида пул бўлса ҳам свет ўчаверади” деган талқинни рад этди.
Фото: Dreamstime
Аввал хабар берилганидек, 16 апрелдан бошлаб Наманган вилоятида мол-мулк ва ер солиқлари бўйича умумий суммаси 1 млн сўмдан ошган қарздорликни ундириш учун эксперимент тариқасида электр энергиясининг биллинг тизими механизмидан фойдаланиб кўрилади.
Солиқ қўмитаси ижтимоий тармоқларда тарқалган “свет учун балансда пул бўлса ҳам, свет ўчирилади” деган мазмундаги талқинни рад этди.
Қўмитага кўра, солиқ қарздорлиги 1 млн сўмдан ошган жисмоний шахслар “бир неча босқичда огоҳлантирилгандан кейин ҳам қарздорликни тўламаган тақдирда”, электр энергияси ўчирилмайди, балки электр учун тўлов қилишга вақтинча чеклов киритилади.
Чеклов аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қуйидаги тоифаларига қўлланилмайди:
- ногиронлиги бўлган шахслар (1 ва 2-гуруҳ);
- боқувчисини йўқотган оилалар;
- ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган фуқаролар;
- қонунчиликда белгиланган бошқа имтиёзли тоифалар.
“Наманган вилоятида бугунги кунда 1 млн сўмдан юқори қарздорлиги мавжуд жисмоний шахслар сони 45,8 минг нафарни ташкил этади. Бу эса жами 531,2 минг нафар солиқ тўловчининг 8 фоизидир”, – дейилади расмий ахборотда.
Улардан қанчаси юқорида санаб ўтилган имтиёзли тоифаларга кирмаслиги хабарда келтирилмаган.
Мазкур тизим 16 апрелдан эксперимент тариқасида Наманган вилоятида йўлга қўйилади. Эксперимент натижаларидан келиб чиқиб мазкур тажрибани бошқа ҳудудларда жорий этиш ёки этмаслик юзасидан 2026 йил 1 октябрга қадар Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритилади. Яъни электр энергиясининг биллинг тизими механизми тўғридан тўғри барча ҳудудларда жорий этилмайди.
Солиқ қўмитасининг эслатишича, жисмоний шахсларнинг 1 млн сўмдан юқори солиқ қарздорлиги қонунчиликка мувофиқ суд тартибида ундирилиши ҳам мумкин, лекин бу қўшимча давлат божи ва ижро йиғимларига сабаб бўлади.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилдан бошлаб барча ҳудудларда чиқинди қарздорлиги учун абонентнинг электр энергиясига тўлов қилиш имкониятини чеклаб қўйиш йўлга қўйилган эди.
2026 йил 1 июлдан эътиборан эса, “квартплата”ни ҳар ойнинг 15-санасигача тўламаган мулкдорлар ҳам электр энергиясига тўлов қилолмай қолади.
Қайд этиш лозим, чиқинди қарздорлигини электр тўловига боғлаш – қонун орқали йўлга қўйилган эди. Солиқ ва “квартплата” бўйича қарзларни ҳам шу механизм орқали ундириш масаласи ҳозирча қонунларга киритилмаган.
Мавзуга оид
17:58 / 17.03.2026
Наманганда солиқ қарздорлиги 1 млн сўмдан ошса, электр учун тўлов чекланади
14:39 / 16.03.2026
“ҚҚСни қайтариш коррупцион схемага айланган, уни тугатиш керак” – мутахассис
10:00 / 08.03.2026
Талаба аёлларга имконият, коррупцион лицензия ва камбағаллик чегараси — ҳафта дайжести
12:37 / 07.03.2026