Жамият | 10:16 / 12.12.2025
3146
2 дақиқада ўқилади

Чиқиндидан қарздор қарийб 205 минг абонентнинг электр тўловига чеклов ўрнатилди

Айни пайтда чиқинди хизматларидан жами 18,2 млрд сўм дебитор қарздорлик мавжуд. Янги тартиб 1 июлдан чиқинди хизматларидан шаклланган қарздорликлар учун 5 ноябрдан бошлаб қўлланмоқда. 2025 йил 30 июнгача бўлган қарздорликларга эса татбиқ этилмайди.

Фото: Kun.uz

Чиқинди хизматидан қарздорлиги бўлган 205 мингга яқин абонентнинг электр тўловига вақтинча чеклов ўрнатилди. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, бугунгача республика бўйича чиқинди хизматларидан юзага келган умумий 20,1 млрд сўм дебитор қарздорлик учун жами 231 014 та абонент SMS хабарномаси орқали огоҳлантирилган. Шундан сўнг абонентларга мавжуд қарздорлигини бартараф этиш учун 5 кун муддат берилган ва ушбу даврда 9,4 млрд сўмлик тўловлар амалга оширилган.

6 декабр ҳолатида республика бўйича қарздорлиги қопланмаган 204 895 абонентнинг электр энергияси учун тўлов қилиш имкониятига вақтинча чеклов жорий этилган. Мазкур чеклов қарздорлик бартараф этилиши биланоқ дарҳол ечилади. Айни пайтда чиқинди хизматларидан республика кесимида жами 18,2 млрд сўм дебитор қарздорлик мавжуд.

Ушбу тартиб 2025 йил 30 июнгача бўлган қарздорликларга татбиқ этилмайди. У 1 июлдан чиқинди хизматларидан шаклланган қарздорликлар учун 5 ноябрдан бошлаб қўлланмоқда.

Фуқаролар чиқиндиларни бошқариш соҳаси ва хизмат сифатига доир таклиф ва шикоятлар юзага келганда агентликнинг “1205” қисқа рақамига 24/7 режимда мурожаат қилишлари мумкинлиги билдирилган.

Эслатиб ўтамиз, чиқиндини тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари бўйича тўлов интизомини кучайтиришга қаратилган қонун 2025 йил 7 мартда қабул қилинганди. Чиқинди хизматларидан қарздор абонентларга ҳар ойнинг 5-санасигача “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг 2100 қисқа рақами орқали SMS хабарнома юборилади. Ушбу огоҳлантириш юборилганидан кейин 5 кун қарздорликни бартараф этиш учун қўшимча муддат берилади. 2026 йил 1 январдан эса чиқиндилар учун тўловларни уйма-уй юриб ундириш амалиёти тўхтатилади

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид