Ўзбекистон | 17:58 / 17.03.2026
2463
2 дақиқада ўқилади

Наманганда солиқ қарздорлиги 1 млн сўмдан ошса, электр учун тўлов чекланади

Солиқ қўмитаси жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиғи бўйича қарздорлиги 1 миллион сўмдан ошганда уни электр энергиясининг биллинг тизими орқали ундириш бўйича янги тизим 16 апрелдан бошлаб, синов тариқасида Наманган вилоятида ишга тушишини эълон қилди.

Фото: Getty images

Жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиғи бўйича қарздорлиги 1 миллион сўмдан ошганда уни электр энергиясининг биллинг тизими орқали ундириш 2026 йил 16 апрелдан бошлаб Наманган вилоятида жорий этилади. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси хабар берди.

Ушбу тизим вилоятда синовдан ўтказилади. Шу муносабат билан “Солиқ биллинг” автоматлаштирилган ахборот тизими ишлаб чиқилди.

Агар жисмоний шахснинг солиқ қарздорлиги 1 миллион сўмдан ошса, аввало фуқаро бир неча босқичда огоҳлантирилади. Дастлаб фуқарога солиқ ҳисоблангани ҳақида хабарнома, шундан сўнг SMS орқали эслатма, агар фуқарода “Солиқ” мобил иловаси мавжуд бўлса, хабарнома юборилади.

Бундан ташқари, my.gov.uz орқали ҳам фуқаронинг шахсий кабинетига хабар юборилиши мумкин. Шундан кейин солиқ органи томонидан электр тўловига чеклов киритилиши мумкинлиги тўғрисида SMS хабарнома юборилади.

Барча огоҳлантиришларга қарамай, солиқ қарздорлиги бартараф этилмаса, фуқаронинг электрга тўлов қилиш имкониятига вақтинчалик чеклов киритилади. Қарздорлик бартараф этилса, чеклов онлайн тартибда дарҳол бекор қилинади.

Агар тизим синовдан муваффақиятли ўтса, барча ҳудудларда жорий қилинади. Солиқ қўмитаси синов натижалари асосида 2026 йил 1 октябргача қолган ҳудудларда ҳам ушбу тизимни жорий этиш бўйича таклифларни ҳукуматга киритиши керак.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид