Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Ҳамма бўйнигача қарз” – “Бунёдкор”да юзлаб ишчилар офсайдга тушиб қолди
Ўзбекистоннинг фахри дея кўз-кўз қилинган “Бунёдкор” стадиони ишчилари оғир вазиятга тушиб қолишди. Уларга декабр ойидан бери ойлик берилмаяпти. Бу вақт ичида кимдир ижара тўловлари, яна кимлардир кундалик яшаш харажатлари сабаб катта миқдорда қарзга ботиб қолган. Юзлаб ходимларнинг ойлигини ким ва қачон тўлаб беради?
Йирик спорт мусобақалари марказига айланиши керак бўлган “Бунёдкор” оғир иқтисодий муаммо гирдобига тушиб қолди. Нега тизимда ишлайдиган фаррош, сантехник, қоровул ва бошқа техник ходимларнинг ойлигига келганда пул тугаб қоляпти. Kun.uzʼга “Бунёдкор стадиони бинолари ва иншоотларидан фойдаланиш дирекцияси” МЧЖнинг бир гуруҳ ишчилари мурожаат қилишди.
Хусусан, стадион қўриқлаш хизмати ходими Азиз Мансуровнинг таъкидлашича, декабр ойидан бери унга бир марта 1 млн сўм, икки марта 500 минг сўм берилган, холос.

“Ойлик сўрасак, йиғилсак, катталар эрта бўлади, индин бўлади, деяпти. Бу ердаги ҳамманинг кредити, бола-чақаси бор. Мисол учун, менинг кредитим бор, уйдан телевизор ва музлаткичларимни олиб кетишди. Кимга мурожаат қилишимиз керак, ҳеч ким билмайди. Берамиз дейишяпти, ҳали дарак йўқ. Декабр ойидан майгача оладиган бўлсак, бир марта 1 млн сўм, икки марта 500 минг сўмдан берди. Ҳамма бўйнигача қарз бўлиб кетди”, дейди мурожаатчи.
Бошқа бир мурожаатчи Дилфуза Маҳмудова футбол раҳбарияти жаҳон чемпионатига кетиб қолса, ойликлар яна ойлаб кечикиши мумкинлигидан хавотирланяпти.

“Тўй қилаётганлар бор, аъзали хонадонлар бор, эри ҳам, хотини ҳам шу ерда ишлайдиган ёш болали оилалар бор. Одамлар қийин аҳволда қолган. Шунга бизга ёрдам беришингизни сўраб қоламиз. Америкадаги чемпионатга бошлиқларимиз кетиб қолишса, биз нима қиламиз?. Ҳамманиям тирикчилиги, томоғи бор. Томоқни ёпиб қўйиб бўлмайди, барибир. Газ бор, сув бор, свет бор, ҳамманинг тўловлари бор. Менда битта, лекин иккита-учта боласини контрактда ўқитаётганлар бор”, дейди Дилфуза Маҳмудова.
Қўриқлаш хизмати ходими Абдуваҳоб Аллабергановга кўра, футболчилар ва академия ходимларига ойликлар берилган, аммо дирекция ходимлари маошини ололмаяпти.
“Шу ерда турганларнинг ҳаммаси ойликка яшайди, бошқа бир бизнесимиз йўқ. Ўзим оиламда 10 киши бўлиб тураман. Тўловлар бор, бошқалар бор. Ойлик олмаган билан, ишлатгансан, газ, сув, светнинг пулини тўла деб қўймаяпти. Уйдан у-бу нарсаларни сотиб тўлашга ҳам тўғри келди. Бу ерда йиғилишдан мақсад, раҳбариятни ёмонлаш эмас. Ким бермаяпти, унисини билмадик. Футболчилар олишди, академия олди. Бу ерда турган қора ишчилар: сантехник, қоровул, электрикларники қолиб кетди. Ўзи 4 млн сўмга ишлаймиз”, дейди у.
“Бунёдкор” дирекцияси бош муҳандиси Баҳодир Ражабов инқирозли вазият юзасидан изоҳ берди. Унинг таъкидлашича, май ойининг охиригача ойликлар берилиши кутиляпти. Тўловлар янги ҳомий аниқ бўлишига боғлиқ.

“Бизнинг ташкилотимиз “Ўзбекнефтгаз”нинг ҳомийлигида бўлган. Ўзингиз биласиз, юқоридан ҳомийликлар тўхтатилди. Шу сабабли ойлик-маошлар чўзилди. Хат қоғозини қилганмиз, раҳбарлар ишлаяпти. Январдан шу кунгача бўлган пуллар, ҳомий ажратилганидан кейин ишчиларга тўланади. Бизда ишлаб чиқариш йўқ, аутсорсинг хизмати кўрсатамиз. Раҳбарлар ойнинг охирига сўз берган, ҳомийлик бўлиши билан ҳамма ойлигини ойма ой олади”, дейди бош муҳандис.
Нега ойликлар берилмаяпти?
Шу пайтгача «Бунёдкор» дирекцияси ходимларини молиялаштириш 2018 йилдаги президент қарори асосида “Ўзбекнефтгаз” томонидан амалга оширилган. Аммо, жорий йилдан бошлаб вазият бирдан ўзгарди. Газ қазиб олиш кўрсаткичларининг муттасил камайиб бораётгани ва қатор тизимли муаммолар фонида “Ўзбекнефтгаз” 2026 йил 1 январдан “Насаф”, “Бухоро” ва “Бунёдкор” клубларига пул ажратишни тўхтатди. Компания соҳага оид бўлмаган активларни тасарруфдан чиқариш, ҳомийлик тўловлари ҳамда харажатларни мақбуллаштиришини эълон қилди. Ўз навбатида Суперлига клубларининг ҳар бирига давлат бюджетидан 2026 йилда 35 млрд сўмдан, 2027 йилда 30 млрд сўмдан, 2028 йилда эса 25 млрд сўмдан маблағ ажратиладиган бўлди. Яъни шу пайтгача “Ўзбекнефтгаз” қарамоғида бўлган “Насаф”, “Бухоро” ва “Бунёдкор” клубларига муқобил манбалардан пул бериляпти, аммо «Бунёдкор» дирекциясини молиялаштириш ҳалигача ноаниқ бўлиб қоляпти. Бу эса юзлаб ишчиларнинг ойликсиз қолиб кетишига сабаб бўляпти. Дирекциянинг 100 фоиз улуши Ўзбекистон футбол ассоциациясига тегишли.

Бунёдкор стадиони ҳақида
Бунёдкор – Ўзбекистондаги энг йирик спорт комплекси. Германиянинг GMP компанияси томонидан лойиҳалаштирилган стадион қурилиши 2008 йил бошланган ва кейинроқ тўхтаб қолади. Бунга “Бунёдкор” жамоасининг ўша пайтдаги муассиси, Гулнора Каримовага тегишли экани айтиладиган Zeromax ширкатининг банкротликка учраши сабаб бўлади. Шундан сўнг мазкур йирик объект қурилишини охирига етказиш давлат назоратига ўтади. 2010-2012 йилларда қурилишни якунлаш давлат корхоналаридан йиғилган мажбурий хайр-эҳсонлар ҳисобидан молиялаштирилгани айтилади. Айрим манбаларда лойиҳа қиймати қарийб 250 млн долларни ташкил этгани келтириб ўтилган. Стадион дастлаб 45 минг одамни сиғдира оладиган Марказий Осиёдаги энг катта спорт комплекси бўлиши режалаштирилганди, кейинчалик ўриндиқлар сони 34 мингтагача камайтирилади.
Мавзуга оид
12:23 / 24.04.2026
«Бунёдкор» ва Ривалдо можароси. Қарзни ким тўлайди?
17:07 / 20.04.2026
Суперлига. Пешқадамлар пойгаси ва «Бунёдкор»дан суперкамбэк
18:15 / 16.04.2026
«Давлат берадиган 35 млрднинг 2/3 қисми Ривалдога кетади» – «Бунёдкор»нинг молиявий ҳолати ёмонлашди
20:49 / 04.04.2026