Ўзбекистон | 20:06 / 19.06.2026
1913
4 дақиқада ўқилади

Машиналарни оқизган сел ва 1,5 миллионга етган талабалар — маҳаллий дайжест

Уч карра ер солиғи муайян давр учун бекор қилинди. Жиззахда сел 3 та автомобилни оқизиб кетди. Ўзбекистонда талабалар сони 1,5 миллиондан ошди. Қарши туманида судя ёрдамчиси 2,5 минг доллар билан ушланди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Уч карра ер солиғи муайян давр учун бекор қилинди

Ер участкасидан ҳужжатсиз фойдаланган шахслардан 2020 йил 1 январдан 2024 йил 1 июнгача ундирилган уч карра ер солиғи бекор қилинди. Янги қонунга кўра, ортиқча солиқ суммалари қайта ҳисоб-китоб қилиниб, фуқароларга қайтарилади.

Бу аҳолига енгиллик яратиш мақсадида қилингани таъкидланмоқда. Қайд қилинишича, бугунги кунда 6 миллион 800 та ер участкасидан қарийб 60-70 фоизининг ҳужжати йўқ. Кўплаб ҳолатларда ер майдонлари ўзбошимча эгаллаб олинмаган, балки йиллар давомида мерос бўлиб ўтган.

Таъкидланишича, уч карра ер солиғи қисман, яъни 2020 йил 1 январдан 2024 йил 1 июнгача бекор қилинган. Шу даврдан кейинги муддат учун уч карра солиқ ундиришда давом этилади. 2025 ва 2026 йилларда ҳисобланган уч карра солиқ бекор қилинмайди.

Агар фуқаро 2020 йил 1 январдан 2024 йил 1 июнгача бўлган давр учун уч карра солиқни тўлаган бўлса, бу сумма қайтарилади.

Жиззахда сел 3 та автомобилни оқизиб кетди

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, 18 июн куни Жиззах вилоятининг Зомин ва Бахмал туманлари айрим тоғ ва тоғолди ҳудудларида кузатилган кучли ёмғирлар натижасида сел оқимлари ҳосил бўлган.

Қайд этилишича, сел оқими табиий сел йўли орқали ҳаракатланган. Бироқ сел йўлида қолдириб кетилган 3 та енгил автомобилни оқизиб кетган. Масъулларнинг билдиришича, ҳодиса оқибатида фуқаролар орасида тан жароҳати олганлар қайд этилмаган.

Ўзбекистонда талабалар сони 1,5 миллиондан ошди

2025-2026 ўқув йили бошида Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида таълим олаётган талабалар сони 1 миллион 535 минг нафарга етди. Бу мамлакат олий таълим тизими тарихидаги энг юқори кўрсаткичлардан бири бўлиб, бир йил ичида талабалар сони 102 минг нафардан зиёдга кўпайган.

Жами талабаларнинг 782,9 минг нафарини аёллар, 752,1 минг нафарини эса эркаклар ташкил этган. Шу тариқа олий таълимда аёллар улуши эркакларга нисбатан юқорироқ бўлиб қолмоқда.

Сўнгги йилларда талабалар сони изчил ўсиш тенденциясини намоён этмоқда. Мутахассислар бу ўсишни мамлакатда олий таълим қамровининг кенгайиши, янги университет ва филиаллар ташкил этилиши ҳамда қабул квоталарининг оширилиши билан изоҳламоқда.

Қаршида судя ёрдамчиси ушланди

Жиноят ишлари бўйича Қарши туман судининг судя ёрдамчиси фуқарони бошқа ҳудуддаги иш жойига ўтказиб беришни ваъда қилиб, эвазига 2500 АҚШ доллари талаб қилган вақтида тезкор тадбирда ушланди.

Маълум бўлишича, судя ёрдамчиси Мажбурий ижро бюросининг Қашқадарё вилояти туманларидан биридаги бўлимида жорий йил май ойидан фаолият юрита бошлаган ходимга ўзининг мансабдор танишлари орқали ишга жойлаштириб қўйганини айтган.

Шунингдек, у келгусида мазкур ходимни ўзи истаган тумандаги МИБ бўлимига ўтказиб беришини билдириб, бунинг учун 2500 АҚШ доллари сўраган.

Тезкор тадбирда судя ёрдамчиси талаб қилинган пул маблағини ўз хизмат хонасида олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади давлат хавфсизлик хизмати хабарида.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид