Иқтисодиёт | 09:20
873
7 дақиқада ўқилади

Уч карра ер солиғининг бекор қилиниши: пуллар қандай қайтарилади?

Ўзбекистонда ер участкасидан ҳужжатсиз фойдаланган шахслардан 2020 йил 1 январдан 2024 йил 1 июнгача ундирилган уч карра ер солиғи бекор қилинди. Янги қонунга кўра, ортиқча солиқ суммалари қайта ҳисоб-китоб қилиниб, фуқароларга қайтарилади. Хўш, бу жараён қандай кечади? Фуқаролар нима қилиши керак? Kun.uz шу каби саволларга Солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Салоҳиддин Нишоновдан жавоб олди.

Уч карра солиқ: жорий этилиши ва бекор қилиниши сабаблари

– Жисмоний шахсларга ер участкаларидан ҳужжатсиз фойдаланганлиги учун ҳисобланган уч карра ер солиғи нега бекор қилинди?

– Биринчи навбатда, бу аҳолига енгиллик яратиш мақсадида қилинди. Бугунги кунда 6 миллион 800 та ер участкасининг қарийб 60-70 фоизининг ҳужжати йўқ. Кўплаб ҳолатларда ер майдонлари ўзбошимча эгаллаб олинмаган, балки асрлар давомида мерос бўлиб ўтган. Асосан, фуқароларга енгиллик яратиш мақсадида ушбу қонун қабул қилинди.

– Унда нима учун бу уч карра солиқ нормаси дастлаб қонунчиликка киритилган эди?

– Бу норма фуқаролар ўзбошимчалик билан ер эгаллаб олмаслиги учун ва ушбу ер майдонларини расмийлаштиришга ундаш мақсадида таъсир чораси сифатида қўлланилган. Бу норма 2020 йил 1 январдан кучга кирган янги Солиқ кодексида мавжуд эди.

– Нега айнан 2020 йил 1 январдан 2024 йил 1 июнгача бўлган давр учун солиқ бекор қилиняпти?

– Президентнинг 192-сонли қарорида айнан шу давр белгиланган эди. 2024 йил 5 августда қабул қилинган 937-сонли қонун билан ҳужжатсиз ер участкаларини эътироф этиш тартиби белгиланди. Шу сабабли, фақатгина 2024 йил 1 июнгача қадар уч карра солиқни кечиш масаласи кўриб чиқилди.

– Демак, 2024 йил 1 июндан кейинги давр учун уч карра солиқ ундиришда давом этиладими?

– Ҳа, давом этилади. Янги қонун фақатгина 2020 йил 1 январдан 2024 йил 1 июнгача бўлган муносабатларга татбиқ этилади. Ҳозирги амалда ишлаб турган тартиб ишлайверади. 2025 ва 2026 йилларда ҳисобланган уч карра солиқлар бекор қилинмайди ва кимдир ер участкасидан ҳужжатсиз фойдаланса, уч карра ер солиғини тўлайди.

Ортиқча тўланган солиқларни қайтариш тартиби

– Фуқаролар ўзларига уч карра солиқ ҳисобланганини қаердан билишлари мумкин?

– Ҳар йилнинг бошида жисмоний шахсларга юбориладиган тўлов хабарномасида ҳужжат бўйича ва ҳужжатсиз ер майдонига қанча тўлаш кераклиги кўрсатилади. Бундан ташқари, “Солиқ” мобил иловаси орқали ҳам кўришлари мумкин бўлади. Бугунги кунда 6 миллион 900 та ер участкасидан 4 миллион 300 таси ҳужжатсиз ерларга тўғри келади.

– Агар фуқаро аллақачон уч карра солиқни тўлаб бўлган бўлса, бу сумма қайтариладими?

– Ҳа, барча фуқароларники қайтадан ҳисоб-китоб қилинади. Агар фуқаронинг бошқа солиқлардан, масалан мол-мулк солиғидан қарздорлиги бўлса, биринчи навбатда ўша қарзга ўтказилади. Агар қарздорлик бўлмаса, ортиқча тўлов солиқ тўловчининг хоҳишига кўра кейинги солиқ даврларига ўтказилиши ёки қайтариб берилиши мумкин.

– Ортган солиқ суммасини қайтариб олиш учун фуқаролар нима қилиши, қаерга мурожаат қилиши керак?

– Қайтариб олиш учун ариза бериш кифоя. Аризани “Солиқ” мобил иловаси орқали беришлари керак бўлади. Смартфони йўқлар ёки мобил иловадан фойдаланмайдиганлар ўзи яшайдиган туман (шаҳар) солиқ инспекцияларига мурожаат қилишлари мумкин.

Солиқ кодексига биноан, ортиқча тўлов 15 кун ичида қайтариб берилади.

– Агар ҳужжатсиз ер участкаси сотилган бўлса, тўланган уч карра солиқ кимга қайтарилади: олдинги эгасигами ёки ҳозиргисига?

– Бизда солиқлар объект кесимида ҳисобланади. Сизнинг объектингиз менга ўтгандан кейин менда бўладиган жараёнлар учун мен жавоб бераман. Шу сабабли, биз ҳозирги фойдаланиб турувчига, яъни ҳозирги эгасига қайтариб берамиз.

Ҳужжатсиз ер участкаларини расмийлаштириш ва енгилликлар

– Ушбу ўзгаришлар билан бирга, фуқаролар ҳужжатсиз ер участкасига эгалик ҳуқуқини расмийлаштириши мумкинми?

– Ҳа, 937-сонли қонунга мувофиқ, ҳужжатсиз фойдаланиб турилган ерларни расмийлаштириш имконияти бор. Бироқ, бу 2018 йил 1 майгача қурилган бино-иншоотларга тааллуқли. Агар бино шу санагача қурилган бўлса, унга эгалик ҳуқуқини эътироф этиш мумкин.

– Агар бино 2018 йилдан кейин қурилган бўлса, фуқаролар нима қилиши керак?

– Ҳозирги ҳолатда 2018 йилдан кейин қурилганлар бўйича ҳужжат олиш қонунчиликда назарда тутилмаган. Ҳозирча улар уч карра солиқни тўлаб юришга мажбур.

Солиқ қарзининг янги меъёри

– Қонунда ҳуқуқларни эътироф этиш жараёнини жадаллаштириш вазифаси қўйилган. Бу амалда қандай енгиллик беради?

– Аввалги тартибда 1000 сўм солиқ қарзи бўлса ҳам, ҳуқуқни эътироф этиш бўйича ижобий хулоса берилмас эди. Энди фуқароларга имконият бериляпти: базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари (12 360 000 сўм)гача ер ва мол-мулк солиғидан қарзи бўлса ҳам, уларга хулоса берилади. Бу эса ерини эътироф этиш ишларини тезлаштиради.

– Бу бюрократик тўсиқларнинг олиб ташланиши айнан солиқ қарздорлигига боғлиқми?

– Ҳа, солиқ нуқтайи назаридан асосий бюрократик тўсиқ шу эди. Фуқаронинг солиқни тўлашга имконияти бўлмаслиги сабабли жараён тўхтаб қоларди. Энди 12 360 000 сўмгача қарздорлик бўлса ҳам, механизм тўхтаб қолмайди ва фуқаролар ҳуқуқларини тасарруф этиш бўйича ишларни жадаллаштириши мумкин.

Демак, 12 миллион сўмдан кам бўлган қарз солиқ қарздорлиги ҳисобланмайдими?

– Йўқ, у солиқ қарзи ҳисобланади, фақат ҳужжатларни расмийлаштиришда ва ҳуқуқларни эътироф этишда тўсқинлик қилмайди.

Тўловларни бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти

– Фуқаролар учун тўловларни амалга оширишда қандай янги енгиллик жорий этилмоқда?

– Ҳуқуқларни эътироф этиш учун тўловларни бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилмоқда.

– Бўлиб-бўлиб тўлаш механизми қандай ишлайди?

– Мисол учун, агар фуқаронинг бир марталик йиғимни, масалан, бир баравар миқдордаги 412 000 сўмни биратўла тўлашга имконияти бўлмаса, унга бу суммани бир йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти бериляпти.

Илгари биратўла тўлов учун қандай имтиёз мавжуд эди?

– Агар фуқаро йиғимни биратўла тўлайдиган бўлса, унга 50 фоиз имтиёз берилган эди. Энди, агар фуқаронинг имконияти йўқ бўладиган бўлса, ўша йиғимни ҳам бир йилгача бўлиб-бўлиб тўлашига имкон бериляпти.

– Ортиқча тўланган маблағларни қайтариш масаласида фуқароларга яна нима деган бўлардингиз?

– Биринчи навбатда фуқаролардан илтимос қилинади: бу жараёнга озгина вақт керак бўлади, чунки техник масалалар ва ҳисоб-китоб жараёнлари бор.

Фуқаролардан, агар бир-икки ҳафта вақт ўтиб қолса, “қонун ижроси таъминланмаяпти, менга қайтариб бермаяпти” деган хулосага шошилмаслик сўралади, чунки бу жараён озгина вақт олади.

Мадина Очилова
Муаллиф Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид