Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳайдовчилар паспорт ё гувоҳнома кўтариб юриш мажбуриятидан қачон халос бўлади?
Ҳукумат қарорига киритилган ўзгаришга кўра, ҳужжатларнинг MyGov иловасидаги рақамли шакллари ички ишлар ходимлари томонидан ҳам қабул қилиниши алоҳида белгилаб қўйилган. Шунга қарамай, ЙҲХХ “Ўзкомназорат” баёнотига нисбатан раддиясида жамоатчилик кўзига бу қарорнинг эски таҳририни кўрсатди. Kun.uz ИИВнинг ҳайдовчиларга қулайлик яратишни хоҳламаётгани ва илғор хориж тажрибасига эътибор қаратди.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати куни кеча “Ўзкомназорат” инспекцияси тарқатган хабарга раддия бераркан, ҳужжатларнинг рақамли шакллари тан олиниши ҳақидаги оид ҳукумат қарорининг эски таҳририга асосланган.
Kun.uz'нинг эътибор қаратишича, мазкур қарорга жорий йил 21 майда ўзгартириш киритилиб, паспорт, ID-карта, ҳайдовчилик гувоҳномаси каби қатор ҳужжатларнинг MyGov иловасидаги рақамли шакли ички ишлар органлари ходимлари томонидан қабул қилиниши алоҳида белгилаб қўйилган.
Ўзгарган қоида
“Ўзкомназорат” инспекцияси матбуот хизмати бир неча кун олдин эълон қилган видеода ҳайдовчилар бундан буён ЙПХ ходимига ҳужжатларни электрон шаклда кўрсатиши етарли бўлиши айтилган эди. ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати эса бунга раддия берди ва ҳайдовчи ЙПХ ходимининг талабига биноан паспорт ёки ID-картанинг асл нусхасини кўрсатиши шартлигини билдирди.
Эътиборлиси, ЙҲХХ раддиясида ҳужжатларнинг рақамли шаклини тан олиш ҳақидаги ҳукумат қарорининг эски таҳриридан скриншот кўрсатилган.
Ушбу қарорга Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 21 майда имзоланиб, 22 майдан кучга кирган қарори асосида ўзгартириш киритилган бўлиб, унга асосан ҳужжатларнинг MyGov ва “Ижтимоий ҳимоя” иловаларидаги рақамли шакли кўрсатилганда, уларнинг қоғоз нусхалари ички ишлар органлари томонидан талаб этилмаслиги керак. Яъни амалдаги қоида айнан “ички ишлар органлари томонидан” деган алоҳида аниқлаштирувчи сўзлар билан тўлдирилган.
Ҳуқуқий коллизия инсон фойдасига ишлаши керак
Бу ўринда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва ҳукумат қарори ўртасида ҳуқуқий коллизия юзага келмоқда, чунки кодексда ҳайдовчи тегишли ҳужжатларни ўз ёнида олиб юриши кераклиги ҳақидаги талаб сақланиб қоляпти. Бу талабга риоя этмаганлик учун БҲМнинг 1 баравари миқдорида жарима белгиланган.
Албатта, кодекснинг юридик кучи ҳукумат қароридан устун туриши табиий, лекин кодексдан ҳам юқорироқ турувчи Конституция бор ва унинг 20-моддасига биноан, қонунчиликдаги барча зиддиятлар давлат органлари эмас, инсон фойдасига талқин этилиши керак.
Бош қомуснинг 15-моддасида эса Ўзбекистон Конституцияси олий юридик кучга эга экани ва тўғридан тўғри амал қилиши мустаҳкамлаб қўйилган.
ИИВ рўйхушлик бермаяпти
Кўплаб ҳужжатларнинг MyGov ва “Ижтимоий карта” иловаларидаги рақамли шакллари қоғоз шакли билан тенглаштирилганига 1 йил бўлди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бу тартиб кучга кирган кун – 2025 йил 1 июлда ҳам баёнот билан чиққан эди ва ўшандан бери бир хил гапни такрорлаяпти: ЙПХ ходими томонидан тўхтатилган ҳайдовчи ҳужжатнинг аслини тақдим этиши шарт.
Агар ҳужжатларнинг рақамли шаклини жорий этиш ҳақидаги (юқорида сўз юритилган) қарор 2024 йилда қабул қилинганини инобатга олсак, ИИВ миллионлаб ҳайдовчилар учун қулайлик яратиш масаласига камида 2024 йилдан буён рўйхушлик бермаётгани маълум бўлади.
Агар тизим раҳбарияти хоҳиш ва ташаббус билдирганида, ўтган давр мобайнида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам тегишли ўзгариш киритган ҳолда, ҳозирги давр учун элементар бўлган мазкур қулайликни амалиётга жорий қилиш мумкин бўларди. Аммо на ИИВ раҳбариятидан ва на парламент аъзоларидан бу масалада ташаббуслар кўзга ташланмаяпти.
Рақамлаштиришга масъул ўринбосар танқидга учраган эди
Қайд этиш лозим, давлат раҳбари жорий йил бошида ўтказган йиғилишда ички ишлар вазирининг ахборот технологияларига масъул ўринбосари Зуфар Қурбоновни танқид қилган, у лавозимга тайинлаганига икки йилдан ошган бўлса-да, тизимни рақамлаштириш бўйича сезиларли натижа кўрсатмаётганини айтганди.
Ушбу йиғилишда ИИВдаги бир қатор тузилмалар, хусусан йўл-патрул хизматини ҳам аҳолига хизмат кўрсатувчи сервис тузилмаларга айлантириш вазифаси қўйилган эди.
Илғор хориж тажрибаси
Хориж тажрибасига назар ташласак, биз назарда тутаётган қулайлик Украинада нақ 5 йил олдин, 2021 йилдаёқ жорий этилган.
Унга кўра, ҳайдовчилар смартфонида Diia мобил иловасини ўрнатиб олган бўлса, асосий ҳужжатларнинг бирортасини қоғоз ёки пластик шаклда ўз ёнида олиб юриши шарт эмас. ЙПХ ходими тўхтатганда, ҳайдовчи Diia иловасидан ҳужжатнинг QR-кодини кўрсатади, ходим эса ўзининг хизмат планшети орқали бу кодни сканерлаб, барчасига аниқлик киритади.
Дарвоқе, 2022 йилдан бошлаб Украинада ҳайдовчилик гувоҳномаси олишда ҳужжатнинг пластик шаклини олиш ҳам мутлақо ихтиёрий деб белгиланган. Яъни агар ҳайдовчи хоҳласа, гувоҳноманинг жисмоний шакли умуман чоп этилмаслиги, ҳужжат фақат рақамли шаклдагина мавжуд бўлиши мумкин.
Эстония ва Финландия каби давлатлар тажрибаси эса ҳайдовчиларга бундан-да кенгроқ имкониятлар беради. Бу мамлакатларда ҳайдовчи полиция ходимига ўзининг исм-фамилияси ва туғилган санасини айтса кифоя, ходим планшет орқали барча маълумотларга кира олади. Яъни ҳайдовчи нафақат ҳужжатларининг қоғоз шакли, ҳатто электрон шаклини ҳам тақдим этиши шарт эмас.
Мавзуга оид
14:18 / 08.07.2026
Тошкентда йирик кибержиноятчилар гуруҳи қўлга олинди
10:44 / 07.07.2026
Буви ва набиранинг фожиали ўлими: Андижондаги ЙТҲ қасддан одам ўлдириш дея малакаланиши керак
13:12 / 04.07.2026
“Malibu болани 100 метргача судраб кетган” – Андижондаги мудҳиш ҳодиса тафсилотлари
09:00 / 14.06.2026