Жаҳон | 14:26 / 22.01.2025
6408
9 дақиқада ўқилади

Яҳудий кўчкиндиларга бекор бўлган санкция, судга берилган Трамп ва Туркиядаги фожиали ёнғин — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Ғазода оташкесим режими эълон қилинганига қарамасдан, Исроил ҳарбийлари ва ноқонуний кўчкиндилар фаластинликларга нисбатан зўравонлик ҳаракатларини давом эттирган.

Исроиллик снайпер Рафаҳда бир болани отиб ўлдирди. Ушбу ҳодиса оташкесим ҳақидаги келишув амал қилган вақтда содир бўлган. Снайпер боланинг жасадини йўлдан олиб чиқмоқчи бўлган фуқароларга ҳам қарата ўт очилган. Бу воқеа Исроил 90 нафар фаластинлик маҳбусларни озод қилганидан бир кун ўтиб содир бўлди.

Шунингдек, Ғарбий соҳилдаги Сабастия қишлоғида 15 ёшли ўсмир ўлдирилди, Синжилда 6 киши яраланди. Фундук қишлоғида эса яҳудий кўчкиндилари фаластинликларнинг уйлари ва машиналарини ёқиб юборишди.

Ғарбий соҳилнинг шарқий Қалқийлия ҳудудида Исроил армияси рейд уюштириб, камида 64 фаластинликни қўлга олди.

Ғарбий соҳилда вазият мураккаблашади

АҚШ президенти Доналд Трамп Фаластиннинг Ғарбий соҳил қисмидаги ноқонуний манзилгоҳлар қурган яҳудий кўчкиндилари ва фаластинликларга нисбатан зўравонликда айбланган гуруҳларга қарши Байден томонидан жорий этилган санкцияларни бекор қилди.

Ушбу қарор халқаро ҳамжамият ва фаластинликлар томонидан кескин танқид қилинмоқда. Энди безбет кўчкиндилар фаластинликларга нисбатан зулмини янада кучайтиради.

Байденнинг фармонини бекор қилиш орқали Трамп кўчкиндиларнинг АҚШдаги активларини музлатиш ва улар билан савдо қилишни тақиқловчи чекловларни ҳам тўхтатди. Байден мазкур чоралар билан тинчлик ва барқарорликка таҳдидларни камайтиришга ҳаракат қилган эди. Трампнинг бу қарори энди радикал кўчкиндиларга янада эркин ҳаракат қилиш имконини беради.

Яҳудий кўчкиндилари орасида «ҲаШомер Йош» гуруҳи алоҳида ажралиб туради. У 2024 йилда Ҳирбет Занута қишлоғидан 250 фаластинликни қувиб чиқарган.

Трамп хорижга ёрдамни 90 кунга тўхтатди

Лавозимга киришган АҚШ президенти Доналд Трамп хорижий давлатларга ёрдам кўрсатишни вақтинчалик тўхтатиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Мазкур қарор 90 кунлик аудит ўтказиш ва ёрдам дастурларининг янги маъмурият сиёсий мақсадларига мослигини баҳолаш учун қабул қилинган.

«АҚШда ҳеч қандай хорижий ёрдам энди менинг ташқи сиёсатимга тўлиқ мос келмайдиган тарзда тақдим этилмайди», — деди Трамп ўз баёнотида.

Маълумотларга кўра, АҚШ ташқи ёрдами давлат бюджети харажатларининг 1 фоизидан камроғини ташкил қилади, аммо айрим ҳолатларда бундан истиснолар ҳам мавжуд. Масалан, Украинага ёрдам сифатида Россия билан уруш бошланганидан буён қарийб 66 миллиард доллар ажратилган.

Шунингдек, Исроил, Миср ва Иордания каби давлатлар АҚШ ёрдам олувчилари орасида йирик ўрин тутади.

Трамп илк кундан судга берилди

20 январ куни инсон ҳуқуқлари ташкилотлари АҚШ президенти Доналд Трампга қарши Ню Ҳэмпшир федерал судига даъво аризаси киритишди. Улар Трамп маъмуриятининг ноқонуний мигрантларнинг АҚШ ҳудудида туғилган болаларига фуқаролик беришни рад этиш ҳақидаги қарорига қарши чиқишди.

Аризада бу қарор Конституцияга 14-тузатиш ва бошқа қонунларга зид экани таъкидланади.

«Туғилиш ҳуқуқи асосида фуқаролик беришнинг моҳияти шундаки, АҚШда туғилган ҳар бир бола жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлиб ҳаёт бошлаши кафолатланган», — дейилади аризада.

Жавобгар сифатида Доналд Трамп, Ички хавфсизлик вазирлиги, Давлат департаменти ва бошқа ташкилотлар кўрсатилган. Энди бу масала Олий суд муҳокамасига чиқиши кутилмоқда.

1868 йилда конституцияга 14-тузатиш билан ратификация қилинган тамойилга кўра, ота-онасининг кимлиги ва мақомидан қатъи назар АҚШда туғилган ҳар бир бола фуқаролик олиш ҳуқуқига эга. 1898 йилда Олий суд мазкур ҳуқуқ муҳожирлар фарзандларига ҳам тегишли эканлигини тасдиқлаган. Ўшандан буён ўзгармай келаётган қоидани Трамп ўзгартирмоқчи.

Зеленский кафолат сўрамоқда

Украина президенти Володимир Зеленский Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида сўзлаб, хавфсизлик кафолатлари Украина учун нечоғлик аҳамиятли эканини таъкидлади. Унинг фикрича, агар Украина кучли хавфсизлик кафолатларини олмаса, Путин Россия армиясини янада кучайтириб, янги ҳужум уюштириши мумкин.

Зеленский 2022 йил бошидаги вазият билан ҳозирги аҳволни таққослаб, Россия қўшинлари сони уч бараварга ошганини таъкидлади. Айни вақтда 608 минг рус аскари Украина ҳудудида жойлашган.

«2022 йилда АҚШ кўмаги барча ёрдамнинг 90 фоизини ташкил этган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 40 фоизга тушган, қолган ёрдам Европа ва Украина маҳаллий ишлаб чиқаришидан келмоқда», деди Зеленский.

Аммо бу ўсиш Россиянинг ҳарбий ишлаб чиқариш салоҳиятини қувиб етолмаётганини қайд этди.

Зеленский Путиннинг кейинги ҳужумлари НАТОга аъзо мамлакатларга, айниқса, Болтиқбўйи давлатларига қаратилиши мумкинлигини урғулади. Россия президенти совет иттифоқи таркибида бўлган барча мамлакатларни қайта ўз назоратига олишга интилаётганини билдирди.

«Украинадаги уруш тугатилиши керак»

АҚШнинг янги давлат котиби Марко Рубио, президент Трампнинг сиёсатини шарҳлай туриб Украинадаги урушни тугатиш расмий сиёсатга айланганини таъкидлади.

«Президент берган ваъда – бу биз учун устувор вазифа. Украинадаги уруш тугатилиши керак – бу АҚШнинг расмий сиёсати», деди Рубио. Уруш Россия томонидан бошланганини қайд этган Рубио, уни ҳозирда тўхтовсиз давом этаётган, қонли ва вайронкор тўқнашув сифатида баҳолади.

«Украина энг катта тўловни тўлаяпти: энергетик инфратузилмаси вайрон бўлди, миллионлаб фуқаролари ватанини тарк этиб, бошқа давлатларда яшашга мажбур. Бу уруш барча учун оғир, аммо Украина энг катта зиён кўряпти», — деди у.

Рубио АҚШнинг асосий мақсади урушнинг қайта бошланмаслиги учун тўлиқ ва узоқ муддатли тинчликка эришиш эканлигини таъкидлади.

«Биз дунёдаги муҳим муаммоларни ҳал қилишга қаратилган кўплаб вазифаларга эгамиз. Аммо Доналд Трампнинг қайта сайланиши бизнинг тинчлик йўлидаги ҳаракатларга умид бағишлайди. Урушларни тугатиш ва дунёда тинчлик ўрнатиш учун фаолият юритамиз», — деди Рубио.

Санкцияга учраган Россия нефт экспорти

Жо Байден маъмуриятининг кетишидан олдин жорий этган санкциялари Россиянинг денгиз орқали нефт етказиб бериш ҳажмини 2023 йил охири—2024 йил бошидан бери энг паст даражага туширди.

Bloomberg маълумотларига кўра, 13 январдан 19 январгача бўлган ҳафтада Россия суткасига 2,75 млн баррел нефт экспорт қилган. Бу кўрсаткич ўтган ҳафтага нисбатан 9 фоизга камайган. Тўрт ҳафталик ўртача кўрсаткичлар ҳам 16 ойлик минимумга тушганини кўрсатди.

2025 йилнинг илк уч ҳафтасида ўртача кунлик нефт экспорт ҳажми ўтган йилдаги ўртача кўрсаткичдан 10 фоизга камайган.

Жо Байден маъмурияти жорий қилган янги нефт санкциялари Россия бюджетига жиддий зарар етказиши мумкин. Германиянинг халқаро хавфсизлик масалалари институти таҳлилчиси Янис Клюгега кўра, Россия иқтисодиёти валюта тушумининг 10-20 фоизини йўқотиши мумкин. Бу 2025 йилда нефт сотувидан 10-20 млрд доллар йўқотилишни англатади.

Клюге ҳисоб-китобига кўра, ушбу санкциялар Россия ЯИМнинг 1 фоизигача зарар келтириши мумкин. Бу 2 триллион рубль ёки 2025 йил учун прогноз қилинган нефт-газ даромадларининг 18 фоизини ташкил этади.

Байденнинг «хайрлашув» санкциялари нафақат нефт ва танкерлар, балки Россиянинг асосий нефтни қайта ишлаш заводлари, «Шарқий Нефть» ва «Балтика СПГ» лойиҳаларига, 30 та нефт сервис компанияси ва 6 топ-менежерни ҳам ўз таъсир доирасига олган.

Туркиядаги курортда ёнғин

Сешанбага ўтар кечаси Туркиянинг Болу вилоятидаги Қарталқоя тоғ-чанғи курортидаги Grand Kartal меҳмонхонасида рўй берган ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар сони 66 кишига етган. 51 киши турли жароҳатлар олган. Жабрланганлар орасида оғир аҳволда бўлган инсонлар бор.

Туркияда бугун ҳалок бўлганлар хотирасига мотам куни эълон қилинди.

Меҳмонхонада ёнғин маҳаллий вақт билан соат 03:27 да бошланган. Айни пайтда Туркияда мактаблар таътилда бўлгани сабабли курортда одамлар кўп бўлган. Шу куни меҳмонхонада 234 киши тўхтаган.

Ёғочдан қурилган меҳмонхонада олов тез тарқалган ва бутун бинога ёйилган. Ёнғинни ўчириш ишларига 200 дан ортиқ қутқарувчи жалб қилинган. Аммо меҳмонхона узоқда жойлашгани сабабли ўт ўчирувчилар қийин об-ҳаво шароитларида воқеа жойига етиб бориш учун бир соатдан ортиқ вақт сарфлаган.

Туркия ҳукумати 22 январни миллий мотам куни деб эълон қилди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркия президентига фожиа муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси маълум қилишича, қурбонлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ.  

Мавзуга оид

Эълонлар

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

7Media Group: Янги LED-экранлар Қамчиқ довонида

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

7Media Group: Янги LED-экранлар Қамчиқ довонида

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди