Жамият | 13:14 / 28.01.2021
39928
4 дақиқада ўқилади

Чирчиқ шаҳри прокурори Бош прокуратурага ишга ўтди. У Гулжаҳон Йўлдошева ишида айбсизлик презумпциясига риоя қилмаганди

Чирчиқ шаҳри прокурори Бахтиёр Иброҳимов Бош прокуратуранинг бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу маълумотни Бош прокуратуранинг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсиддинов Kun.uz’га тасдиқлади.

Фото: Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Чирчиқ шаҳрида жойлашган Тошкент вилояти юқумли касалликлари шифохонаси бош шифокори – Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева август ойида Kun.uz сайтига интервью бериб, пандемия шароитида у бошчилик қилган касалхонага керакли тиббий ускуналар ажратилмаётгани ва раҳбарлиги остида коронавирусга чалинган беморларни ўзи ва оиласи ҳаётини хавф остига қўйиб даволаган тиббиёт ходимларининг меҳнати муносиб рағбатлантирилмаётгани, оғир вазиятларда Тошкент вилояти тиббиёт бошқармаси томонидан керакли ёрдам берилмаганини айтган эди.

8 сентябрь куни Гулжаҳон Йўлдошева ҳибсга олингани ҳақида хабар тарқалди. Бош прокуратура бу ҳолатга муносабат билдириб, Г.Йўлдошева Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ҳамда 207-моддаси 3-қисми «а» банди (одам ўлимига сабаб бўладиган мансабга совуққонлик билан қараш) билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этилгани ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинганини маълум қилди

Йўлдошева ҳибсга олингани шов-шув бўлаётган бир пайтда Чирчиқ шаҳри прокурори Бахтиёр Иброҳимов ОАВ орқали чиқиш қилиб, ҳали айби тўла исботланмаган шифокор айбдорлиги ҳақидаги қатъий фикрларини илгари сурди.

Йўлдошеванинг адвокати олиб борилаётган дастлабки тергов ҳаракатларида айбсизлик презумпциясига амал қилинмаётганига ҳам эътибор қаратган, ҳимояси остидаги шахсга ҳали суднинг қонуний кучга кирган ҳукми чиқмай туриб ОАВ орқали у айбдорга чиқариб қўйилганини маълум қилганди.

Бундан ташқари, Xabar.uz нашри ҳам шов-шувларга сабаб бўлаётган ушбу масалага эътибор қаратиб, таниқли адвокат Усмонхон Салоҳиддиновнинг бу борадаги фикрларини оммага ҳавола қилганди.

«...Прокурор жаноблари мазкур интервьюсида амалдаги жиноят-процессуал қонунчилик талабларига зид равишда, ҳали тергов ҳаракатлари олиб борилаётган жиноят иши бўйича тергов маълумотларини ошкор қилиши ўз-ўзидан савол туғдиради: Жиноят иши дастлабки босқичда эканини тан олган прокурор айблов судда нафақат тасдиқланиши, балки далиллар рад этилиши ҳам мумкинлигини билмайдими ёки била туриб, қонунга зид тарзда бўлса-да жамоат фикрини шакллантиришни, шу орқали судга таъсир ўтказишни мақсад қилганми?», деган эди адвокат Усмонхон Салоҳиддинов.

Йўлдошевага танланган қамоқ эҳтиёт чораси орадан 1 ой ўтиб, уй қамоғига алмаштирилди. Бироқ суд ажрими билан унга тергов якунига қадар ОАВга интервью бериш тақиқлаб қўйилди.

Айни кунларда жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар судида Гулжаҳон Йўлдошева иши бўйича суд мажлиси давом этмоқда. 25 январ куни навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди ва унда гувоҳларнинг молиявий масалалар ва коронавирусдан вафот этган бемор ўлими юзасидан кўрсатмалари тингланди. Судга қўшимча гувоҳлар жалб этилиши бўйича илтимоснома киритилган бўлиб, кейинги суд мажлиси 1 февралга қадар танаффус эълон қилган.

Мавзуга оид