Франция супермаркетларидаги совитиш ускуналарига октябр ойида уюштирилган киберҳужумлар ортида Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) турибди. Бу ҳақда 9 ноябр, душанба куни Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Барро маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, гап «кўлами ва тажовузкорлиги жиҳатидан мисли кўрилмаган» операция ҳақида кетмоқда.

«Бу мамлакатимиз ҳудудида қўпорувчилик мақсадида амалга оширилган илк йирик кўламли киберҳужум бўлди. У миллий манфаатларимиз ва Франция фуқаролари хавфсизлигига жиддий тажовуз ҳисобланади», — деди Барро Париждаги матбуот анжуманида.

Вазир ушбу киберҳужумга алоқадор барча айбдор шахсларга нисбатан «Европа даражасида» санкциялар жорий этилишини ҳам таъкидлади.

Эрон элчиси Франция ТИВга чақиртирилди

Франция ташқи ишлар вазирининг сўзларига кўра, Эроннинг Париждаги элчиси ҳам Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган.

Бундан мақсад — «ўта оғир ушбу қилмиш юзасидан қатъий норозилик билдириш».

Барронинг таъкидлашича, Франция содир бўлган воқеага жавобан «бошқа барча зарур ва мутаносиб чораларни» ҳам кўради.

Ушбу чоралар «шунга ўхшаш ҳаракатларни такрорлашга уриниши мумкин бўлган шахсларни огоҳлантириш» мақсадида амалга оширилади.

Шу куни Париж прокуратураси ҳам мазкур ҳодиса юзасидан тергов бошланганини маълум қилди.

Тергов органлари ҳужумнинг эҳтимолий ижрочилари сифатида Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпусига алоқадор «Шаҳед Кавеҳ» ҳакерлар гуруҳини кўриб чиқмоқда.

Эрон ҳозирча Франция расмийларининг баёнотига муносабат билдиргани йўқ.

Киберҳужум юзлаб дўконларга таъсир кўрсатди

12 октябрга ўтар кечаси Франциядаги юзлаб супермаркетлар киберҳужумга учради. Оқибатда дўконлардаги совитиш тизимлари фаолияти издан чиқди.

Ҳакерлар совиткич ва музлаткич камераларидаги ҳароратни масофадан туриб ўзгартиришга муваффақ бўлган.

Натижада ускуналар ичидаги ҳарорат бир неча соат давомида Целсий бўйича 50 даражагача кўтарилган.