Сингапур ҳукумати туғилиш даражасини ошириш мақсадида янги рағбатлантирувчи чора-тадбирлар пакетини ишлаб чиқди. Унга кўра, ота-оналарга ҳар бир фарзанд учун 55 минг доллардан кўпроқ молиявий ёрдам кўрсатилади, дея хабар берди Financial Times.

Бош вазир Лоуренс Вонг 23 август куни парламентга қилган мурожаатида фарзандли оилаларга бериладиган тўловлар ва бола парвариши таътили тизими қайта кўриб чиқилишини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, ҳукумат фарзанд кўришни истаётган сингапурликларга оила қуриш ва болаларни тарбиялашни осонлаштиришга қаратилган қўшимча имкониятларни тақдим қилмоқчи.

Сингапур аҳолиси 6 миллиондан сал кўпроқни ташкил этади. 2025 йилда мамлакатда туғилиш даражаси тарихдаги энг паст кўрсаткич — бир аёлга ўртача 0,87 нафар фарзандни ташкил қилган. 2024 йилда бу кўрсаткич 0,97 бўлганди. Дунё бўйича энг ёмон кўрсаткич эса Жанубий Кореяда қайд этилган — 0,8.

Демографларга кўра, соф иммиграция бўлмаган шароитда аҳоли сонини барқарор сақлаб қолиш учун туғилиш коэффициенти камида 2,1 бўлиши керак.

Туғилиш даражасининг пасайиши ва тиббиётдаги ютуқлар натижасида аҳолининг умр кўриш давомийлиги ортиб бораётгани Сингапурни «ўта қариган» жамиятлардан бирига айлантиряпти. БМТ таснифига кўра, аҳолининг 21 фоизидан кўпроғини 65 ёшдан ошганлар ташкил этса, мамлакат «ўта қариган» жамият ҳисобланади. 2030 йилга бориб ҳар тўрт сингапурликдан бири ушбу ёш чегарасидан ўтиши кутиляпти.

«Ҳар бир оила шуни билишини истаймиз: агар фарзандли бўлишга қарор қилсангиз, ҳукумат сиз билан бирга бўлади. Биз кўпроқ йиллар давомида янада катта ёрдам кўрсатамиз», — деди Вонг.

Унинг сўзларига кўра, ҳукумат оилаларга ҳар бир фарзанд учун у 17 ёшга тўлгунига қадар қарийб 70 минг Сингапур доллари (55,15 минг АҚШ доллари) миқдорида тўғридан тўғри молиявий ёрдам беради.

Бу маблағ таркибига бола туғилганда бериладиган 10 минг Сингапур доллари ҳамда унинг кейинги таълими учун ажратиладиган яна 10 минг доллар ёрдам пули ҳам киради.

Бола парвариши учун бериладиган нафақа ҳам кенгайтирилади. Айниқса, серфарзанд оилаларга кўпроқ ёрдам кўрсатилади. Бунда харажатларнинг асосий қисмини ҳукумат иш берувчиларга қоплаб беради. Шунингдек, фарзандли оилалар учун биринчи уй-жойни сотиб олиш жараёни ҳам соддалаштирилади.

«Оилаларни қўллаб-қувватлаш учун қилаётган барча ишларимизга қарамай, биз реалист бўлишимиз керак. Туғилишнинг умумий коэффициенти, эҳтимол, аҳолининг табиий кўпайиш даражасидан анча паст бўлиб қолади. Агар биз фақат туғилишга таянадиган бўлсак, аҳолимиз сони камайиб кетади», — деди Вонг.