Ўзбекистон | 20:36 / 06.06.2026
3531
2 дақиқада ўқилади

Талаба визасининг муддати тугаган ўзбекистонлик Япониядан депортация қилинди

Бундан олдин, апрел-май ойларида камида 7 нафар Ўзбекистон ватандоши кунчиқар юртдан депортация қилинган эди.

Фото: Imagepocket / Shutterstock

Шу кунларда Япония иммиграция хизмати мамлакатда ноқонуний яшаб келган яна бир Ўзбекистон фуқаросини депортация қилди. Япон элчихонаси маълумотига кўра, депортация қилинган шахс Японияга талабалик визаси билан борган ва виза муддати тугаганидан кейин ҳам мамлакатда ноқонуний қолиб кетгани сабаб ҳибсга олинган.

Элчихонанинг таъкидлашича, агар Японияда ноқонуний яшаш ёки ноқонуний ишлаш ҳолатлари аниқланса, полиция томонидан ҳибсга олиш ва ушлаб туриш, иммиграция муассасаларида қамоққа олиш ёки депортация қилиш каби қатъий чоралар кўрилади.

Бундан ташқари, Япония ҳукумати қонунбузарлик қилган шахслар ҳақида маълумотни Ўзбекистон ҳукуматига ҳам тақдим этади. Шу сабабли, бундай шахсларга нисбатан Ўзбекистонга қайтганидан кейин ҳам тегишли чоралар кўрилиши мумкин.

“Илтимос, "Японияда ишлаш мумкин" каби таклифларга осонгина ишонмаслигингизни сўраймиз.

Шунингдек, Японияда қочқин мақомини олиш учун ариза берилса, “узоқ муддат қолиш мумкин” ёки “ишлаш мумкин” деган нотўғри маълумот тарқалган. Шу каби мақсадлар билан қочқин мақомини олиш учун ариза беришга рухсат этилмайди. Агар қочқин мақоми рад этилса, иммиграция муассасасига жойлаштириш ёки депортация қилиш каби чоралар қўлланилиши мумкин.

Бундан ташқари, сохта маълумот бериш ёки ноқонуний усуллар билан қочқин мақомини олиш учун мурожаат қилиш жиддий ҳуқуқий чораларни келтириб чиқариши мумкин”, – дейилади Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси Kun.uz'га тақдим этган маълумотда.

Маълумот учун, апрел ва май ойларида Япония ноқонуний иммигрантларни Ўзбекистонга депортация қилиш билан боғлиқ иккитадан ҳолат (1, 2, 3, 4) кузатилган ва уларда жами 7 нафар Ўзбекистон ватандоши мамлакатдан чиқариб юборилган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид