“Мен халқимни танладим” — Сингапурнинг отаси Ли Куан Ю ким эди?
Сингапур ўтган асрнинг 50-йилларида Африкадаги қашшоқ давлатлар қаторида эътироф этиларди. Аммо мамлакат бир қанча омиллардан унумли фойдаланиш эвазига қисқа вақт ичида дунёнинг энг йирик молия ва савдо марказларидан бирига айланди. Kun.uz “Тарихдан ҳикоялар” рукнида бу гал Сингапур мўъжизаси меъмори, либерал статусига эга диктатор Ли Куан Юнинг ҳаёт йўли билан таништиради.
Ўтган асрнинг 50-йиллари ўрталаридан бошлаб, британияликлар ўз мустамлакаси бўлган Сингапур бошқарувидан аста-секин чекина бошлаган. Қайта шаклланадиган маҳаллий ҳукуматга ўта заиф қонунчилик базаси, саводсиз аҳоли, паст маошлар, ношаффоф иқтисодиёт ва ҳар ерда ҳозир-у нозир коррупция мерос бўлиб қолади. Одамлар умидсиз, чуқур қайғуга ботган, келажак ҳақида ижобий кутилмалари ҳам йўқ эди. Аммо мамлакат бир қанча омиллардан унумли фойдаланиш эвазига фавқулодда жадал ўсиш суръатларига эришди.
Хўш, қандай қилиб табиий ресурслари йўқ, Осиёнинг энг қашшоқ давлатларидан бири қисқа муддат ичида минтақадаги энг йирик молия ва савдо марказларидан бирига айланди? Буларнинг барчаси қийин кунларда ҳукумат тепасига келган жамоанинг олиб борган тўғри ва қатъиятли сиёсати билан бевосита боғлиқ эди. Kun.uz “Тарихдан ҳикоялар” рукнида бу гал Сингапур мўъжизаси меъмори Ли Куан Юнинг ҳаёт йўли билан таништиради.
Шарқ маданияти ва Ғарб таълими уйғунлашуви
Ли Куан Ю 1923 йил Сингапурда, хитойлик муҳожирлар оиласида туғилган. Ўша йилларда мамлакат Британия мустамлакаси эди. Бўлажак сиёсатчининг она-онаси инглиз маданиятига жуда қизиқар, шу сабабли ёшлигидан ўғлининг бу тилни ўрганишига жиддий эътибор қарата бошлайди. Ҳаттоки, унга Ҳарри Ли деган инглизча исм ҳам қўйишган.

Дастлаб Ли мустамлакачи амалдорларнинг фарзандлари билан бирга инглиз мактабида ўқий бошлайди, аммо II Жаҳон урушида Сингапурни Япония босиб олгани сабабли таълимини ўқишини тўхтатишга мажбур бўлади. Бўлажак бош вазирнинг эътироф этишича, у инглиз тилини ўз она тили – хитой тилидан ҳам яхшироқ билган. Шу сабаб японлар ҳукуматининг ташвиқот бўлимига ишга киради. Бир неча ой ичида япон тилини ҳам нолдан ўзлаштириб олади.
Урушдан кейин Ли Британияда, аввал Лондон иқтисодиёт мактабида, кейин эса Кембрижда таҳсил олади. Университетни иқтисодиёт ва ҳуқуқшунослик бўйича иккита имтиёзли диплом билан тугатади.

Сиёсий карьеранинг бошланиши
Ли Куан Ю университетни тамомлаб, ватанига қайтгач, ҳуқуқшунос бўлиб ишлай бошлайди. Урушдан кейин Сингапурда таназзул ҳукм сурарди: мамлакатда ишсизлик юқори, инфратузилма вайрон, кунда-кунора иш ташлашлар бўлиши одатий ҳол эди. Мустамлакачиликка қарши кайфиятнинг кучайиб бораётгани фонида ҳуқуқшунос Ли 1954 йилда демократик социализм тамойилларини илгари сурувчи Халқ ҳаракати партиясини тузади. Орадан 5 йил ўтиб, 1959 йилда партия сайловларда ғалаба қозониб, парламентдаги кўпчилик ўринларни қўлга киритади. Бу пайтга келиб, Сингапур де-факто мустақилликка эришган, Британия империяси таркибида ўзини ўзи бошқарадиган давлатга айланганди. Шу тариқа, Ли Куан Ю 35 ёшида бош вазир лавозимига келади ва унинг 31 йиллик ҳукмронлиги бошланади.

1963 йилда Ли Сингапурни Малайзия билан бирлаштириш тўғрисида шартнома имзолайди, бироқ иттифоқ узоқ давом этмади. Мафкуравий қарама-қаршиликлар ва этник гуруҳлар ўртасидаги бир қатор шиддатли тўқнашувлар Сингапурнинг федерация таркибидан чиқиши ва тўлиқ мустақиллик эълон қилиши билан тугайди.
Коррупцияга қарши кураш
Мустақилликка эришган Сингапурда амалдорларнинг аксарияти коррупцияга ружу қўйган, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар уюшган жиноятчиликка қарши курашишга қодир эмасди.
Шу боисдан ҳам Ли Куан Ю жамоаси ишни коррупцияни йўқ қилиш ва аҳолининг давлатга бўлган ишончини оширишдан бошлайди.
“Агар биз бошқараётган давлат ҳокимияти кўпчиликнинг ҳаётини яхшилаш эмас, камчиликнинг чўнтагини қаппайтириш пайида бўлса, аҳволимиз чатоқ бўлади”, деганди у.
1960 йилда қабул қилинган қонун билан коррупцияга қарши курашиш стратегияси тасдиқланади, Коррупцияни тергов қилиш бюросига (КТБ) эса махсус ваколатлар берилиб, ташкилот тўғридан тўғри бош вазирга ҳисоб берадиган тузилмага айлантирилади.
Параллел равишда барча амалдорлар ва уларнинг оила аъзолари дахлсизликдан мосуво этилди. КТБ агентлари нафақат амалдорлар, шунингдек, уларнинг болалари, турмуш ўртоқлари, қариндошлари ва ҳаттоки дўстларига тегишли банк ҳисобрақамлари ва мол-мулкларни текшириш ҳуқуқига эга бўлишди. Агар амалдор ва унинг оиласи топадиган пулидан кўпроқ харажат қилаётгани аниқланса, бюро автоматик равишда тепадан буйруқ кутмасдан терговни бошларди.
Кичик миқёсдаги коррупция билан курашда эса қарор қабул қилиш жараёнларининг соддалаштирилиши, қатор фаолият турлари учун рухсатнома олиш талабининг бекор қилиниши каби чораларга таянилди. Бир вақтнинг ўзида коррупция ҳаракатлари учун жиноий жазо кучайтирилди, суд тизими мустақиллиги таъминланди, судяларнинг маошлари кескин оширилди. Пора берганлик ёки коррупцияга қарши терговда иштирок этишдан бўйин товлаганлик учун сезиларли иқтисодий жазо жорий этилди. 1989 йилда коррупцион хатти-ҳаракат учун максимал жарима миқдори 10 мингдан 100 минг Сингапур долларигача кўтарилади. КТБга ёлғон гувоҳлик бериш ёки терговни чалғитиш қамоқ жазоси ва 10 минг доллар жарима билан жазоланадиган бўлди.
Ойликларнинг оширилиши эса давлат секторига энг яхши мутахассислар келишига замин яратди. Мамлакатда шиддатли иқтисодий ўсиш кузатила бошланганида, амалдорларнинг маошлари хусусий сектор даромадларига мутаносиб равишда ўса бошлади. Кейинчалик Ли Куан Ю ойлик тўлаш тизимини янгилайди. Унга кўра, вазирлар, судялар ва олий мартабали давлат хизматчиларининг маошлари хусусий сектор томонидан тўланаётган солиқларнинг миқдорига боғлаб қўйилди.
Сингапур етакчисининг “коррупция устидан ғалаба қозонишни истаган инсон ўз қариндошлари ва яқин дўстларини ҳам қамашга тайёр бўлиши керак” деган машҳур ибораси мамлакатда коррупцияга қарши кураш аёвсиз бўлганидан далолат беради. Хусусан, шахсан Ли Куан Ю ва унинг оила аъзолари ҳам КТБ томонидан бир неча бор текширилган. Текширувларда бош вазирнинг коррупцияга алоқадорлиги аниқланмаган. Шундай бўлса-да, унинг энг яқин дўстларидан бири, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири лавозимида ишлаган Ви Тун Бун уй-жой қураётган пудратчи ташкилотдан пора олганликда айбланиб, қамалади.
“Олдимда иккита йўл бор эди. Биринчиси: ўғирлаш ва дўстларим ҳамда қариндошларимни “Форбс” рейтингларига киритиш, шу билан бирга халқимни оч-яланғоч ҳолда қолдириш. Иккинчи йўл: халқимга хизмат қилиш ва юртимни энг яхши мамлакатлар ўнталигига олиб кириш. Мен иккинчи йўлни танладим”, – деганди Ли Куан Ю ўз интервюларидан бирида.
Маълумот ўрнида, Transparency International томонидан 2023 йил учун эълон қилинган рейтингда Сингапур коррупцияни қабул қилиш энг паст кўрсаткичли мамлакатлардан бири сифатида дунё миқёсида 5-поғонада қайд этилган.
Прагматик сиёсатчи
Ли Куан Ю ўта прагматик сиёсатчи эди. У мамлакатни ривожлантириши мумкин бўлган исталган томон билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдиради. Шу жиҳатдан ривожланаётган мамлакатларнинг кўплаб раҳбарлари қўрққан трансмиллий корпорацияларга қарамликдан қўрқмади. Чунки шаҳар-давлат бўлмиш Сингапурда талон-торож қилинадиган табиий ресурслар ва саноатнинг ўзи йўқ эди.
Митти ва қашшоқ давлатга хориждан пул жалб қилиш учун инвесторларга қатор имтиёзлар берилди. Дастлабки босқичда чет элликлар учун мулкка тўлиқ эгалик қилиш ҳамда топилган фойдани тўлиқ олиб кетиш учун имкониятлар яратилади. Бизнес соҳасида қонунчилик соддалаштирилди, қонунлар қабул қилишда манфаатдор томонларнинг фикрларини ўрганиш йўлга қўйилди. Натижада кўпгина халқаро трансмиллий компаниялар Сингапурда кенг кўламли юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун пойдевор қурди.

Замонавий портлар, аэропортлар ва транспорт тармоқлари барпо этилиши ортидан Сингапур Жанубий-Шарқий Осиёнинг савдо марказига айланади. Мамлакат иқтисодий тараққиётининг энг муҳим омилларидан яна бири сифатида қулай географик ҳудудда жойлашганини ҳам кўрсатиш мумкин. Малакка бўғози остонасида жойлашган бу ҳудуддан жаҳон денгиз савдо-сотиғининг 40 фоизи кесиб ўтади.
Ли Куан Ю ҳукумат тепасига келганда аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад 428 долларни ташкил этган бўлса, 1990 йилга келиб бу кўрсаткич қарийб 28 баробарга ошиб, 12 900 долларгача кўтарилади.
Ижтимоий ислоҳотлар
Кўпчилик Малайзия таркибидан ажралиб чиққан митти мамлакат тез орада демографик тангликка дуч келишини прогноз қилганди. Чунки Сингапур аҳолисининг асосини хитойликлар ва малайзияликлар ташкил этади. Шунингдек, мамлакатда катта миқдорда ҳинд диаспораси ҳам бор эди. Мутахассислар 3 та катта цивилизация вакилларидан таркиб топган мамлакат тез орада этник низолар ўчоғига айланиб қолишини тахмин қилишади. Ҳукумат эса турли миллат вакиллари тинч-тотув яшаши учун чоралар кўрди. Тотувликка ҳисса қўшганлар учун баъзи имтиёзлар белгиланди. Масалан, малайялик ва хитойлик турмуш қурса, уларга коллеж таълими кафолатланади. Бундан ташқари, бу оилаларга ҳукумат томонидан маълум миқдорда ёрдам ҳам бериладиган бўлди, яъни турли миллатга мансуб сингапурликларни бир-бири билан аралаштириш бўйича дастурлар ишлаб чиқилди.
Бошланғич иқтисодий режада кам даромадли одамларга қўшимча иш ўринларини яратиш орқали ишсизлик муаммосини ҳал қилишга эътибор берилди. Камбағаллар учун уй-жой қуриш лойиҳаси қабул қилинди.
1966 йилдан икки тилли мактаблар жорий этилди: яъни болалар ўз она тили билан бирга, инглиз тилида ҳам таълим ола бошлади. Кейинчалик эса бу тизим кенгайиб, тўрт тилли мактаблар ҳам пайдо бўлди.
Таълим соҳасидаги экспертларнинг фикрича, Сингапур иқтисодий тараққиёт ва турмуш даражасини юксалтиришни таълим билан бевосита боғлаган. Бунинг учун катта маблағ сарфланади. Айниқса, энг яхши ўқитувчиларни жалб этиш ва уларнинг нуфузини оширишга аввалбошиданоқ алоҳида эътибор қаратилган. Ҳозир ҳам Сингапурда ўқитувчиларни жаҳоннинг энг нуфузли таълим муассасалари битирувчилари орасидан ёллаш анъанаси сақлаб қолинган.
Ли Куан Юни “иқтидорларнинг раҳнамоси” дейишарди. У иқтидорли фуқароларни масъулиятли лавозимларга қўйиш ва уларга яхши маош тайинлашга иккиланмаган. Шу билан бирга, мансабни суиистеъмол қилганлик учун жазо қаттиқ ва муқаррар қилиб қўйилган.
“Манипулятив диктатор”
Ли ва унинг партияси кетма-кет етти марта сайловларда ғалаба қозониб, 1959 йилдан 1990 йилгача – 31 йил мамлакатни бошқарди. Истеъфога чиққанидан кейин ҳам у ўз вориси Го Чок Тонг ҳукуматида катта вазир лавозимини эгаллаб, мамлакатнинг ташқи ва ички сиёсатида иштирок этишда давом этди. Норасмий тарзда Сингапур халқининг отаси сифатида эътироф этиладиган Ли Куан Ю 2015 йилда, 92 ёшида вафот этди.
Ли давридаги Сингапурнинг сиёсий режими "юмшоқ авторитаризм" деб ҳам таърифланади. Бу атама биринчи марта машҳур олим Френсис Фукуяма томонидан ишлатилган. Чунки мамлакатда де-факто бир партиявий тизим ўрнатилади. Жиддий ташқи таҳдидлар бўлмаса-да, “Ички хавфсизлик тўғрисида”ги қонунни қўллаш давом эттирилади. Бу қонун гумондорни чексиз муддат давомида ҳибсга олишга рухсат берарди.
Сергей Гуриев ва Даниел Трейсман қаламига мансуб “Манипулятив диктаторлар: ХХI асрда тираниянинг ўзгарувчан қиёфаси” асарида Ли Куан Ю замонавий диктатуранинг кашшофи дея таърифланади. Муаллифлар 1956 йилда Сингапурда ўтказилган ҳукуматга қарши талабалар намойишига эътибор қаратади. Ўшанда ҳукумат намойишни куч билан бостириб, унда иштирок этганларга нисбатан репрессия уюштиради. Айнан шу воқеадан кейин ёш Ли ҳақиқий жангда ғалаба қозониш учун одамларнинг қалби ва онгини назорат қилиш керак, деган хулосага келади. Сиёсий фаолияти давомида ҳам очиқ репрессияларсиз, жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланишга эришиш ва мухолифатни четга суриб қўйиш тамойилига амал қилади.
Шундай бўлса-да, мухолифатни бошқача кўринишда таъқиб қилиш давом эттирилади. Биринчи навбатда, диссидентлар сиёсий бўлмаган жиноятлар учун ҳибсга олинади. Муаллифларнинг таъкидлашича, миш-мишларга асосланган жинсий ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ айбловлардан кенг фойдаланилган. Чунки бу ҳолат ташқаридан қараганда сиёсий маъно касб этмасди. Сиёсатга қарши маҳбус озод этилиши биланоқ, унга нисбатан янги айблов сохталаштирилади. Янги айблов, масалан, солиқ фирибгарлиги билан боғлиқ бўлади.
Мухолифатни жарималар билан банкрот қилиш яна бир самарали воситалардан бири бўлган. Жиноий иш очилмайди, аммо фуқаролик ва маъмурий тартиб-қоидалар, такрорий жарималар билан эркин оммавий ахборот воситалари ва мухолифат партияларининг бюджетига қаттиқ зарбалар берилади. Бир нечта хусусий ОАВ шу тарзда ёпилиб кетади.
Шунингдек, мухолифатни тиш-тирноғигача қуролланган махсус полиция кучларига қарши куч ишлатишда айблаш ҳам яхши ечимлардан бири сифатида ишлатилгани ҳам келтирилган. Умуман олганда, асарда Ли Куан Юга нисбатан қўрқувнинг ўрнига манипуляцияни “мода”га айлантирган диктатор таърифи кўп ишлатилади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ли Куан Ю бошқаруви даврида қашшоқ Сингапур жаҳоннинг беқиёс қазилма бойликларига эга кўплаб мамлакатларни бир қанча соҳаларда ортда қолдирди. Ўз фуқаролари учун фаровон ҳаёт тақдим қилди. Ҳалоллик принциплари асосида юқори салоҳиятли одамлар давлат идораларига раҳбар бўлишди ва кенг кўламли ишбилармонлик муҳити яратилди. Шу сабабдан ҳам Ли Куан Юнинг диктаторлик сифатидан кўра кўпроқ иқтисодий тараққиётда эришган ютуқлари эътироф этилади.
Достон Аҳроров тайёрлади
Тавсия этамиз
Божларни музлатган Трамп, урушдан силласи қуриган Судан – ҳафта дайжести
Жаҳон | 12:50 / 13.04.2025
Сирли эшиклар ва яширин йўлаклар: Тошкент метроси хавфсиз бошпана бўла оладими?
Ўзбекистон | 10:00 / 12.04.2025
Leapmotor автомобилларининг Ўзбекистонга импорти чеклангани юзасидан изоҳ берди
Ўзбекистон | 15:52 / 11.04.2025
“Яқин кунларда рекорд иссиқлик тўлқини кутилмоқда” – иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов
Ўзбекистон | 13:00 / 10.04.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Швеция кабеллар қасддан узилгани бўйича ҳеч қандай далил топмади
Жаҳон | 14:55
-
Қурилиш ва коммунал хўжалик соҳасида давлат назорати самарали ташкил этилади
Ўзбекистон | 14:41
-
Судан: RSF муқобил ҳукумат ташкил этилишини эълон қилди
Жаҳон | 14:05
-
Финтех ва транспорт: ATTO бозор иштирокчиларини "Рақамлилаштириш ва жамоат транспортини ривожлантириш истиқболлари" соҳа конференциясида бирлаштиради
Ўзбекистон | 14:00
Мавзуга оид

21:00 / 11.04.2025
Дунёнинг энг яхши аэропортлари рейтинги эълон қилинди

21:22 / 07.03.2025
Фирибгарлар Сингапур бош вазири дипфейк видеосидан фойдаланиб криптовалюта сотди

11:53 / 11.02.2025
Сингапурда ҳарбий денгиз дронлари навбатчилик қилишни бошлади

18:00 / 27.01.2025