Иқтисодиёт | 13:22 / 17.09.2021
121233
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга автомобил олиб кириш учун божлар бекор қилинадими? Масъуллар изоҳ берди

Фото: KUN.UZ

Куни кеча ижтимоий тармоқлардаги йирик гуруҳларда хориждан автотранспорт воситаларини Ўзбекистонга олиб кириш учун ўрнатилган давлат божлари бекор қилинаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Муҳокамаларда давлат божлари бекор қилинишига сабаб сифатида «UzAuto Motors» автомобилларнинг нархларини тушириш ва сифатини яхшилаш бўйича қўйилган вазифаларни бажармагани кўрсатилган.

Ҳолатга изоҳ олиш учун Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати билан боғландик. Қўмита масъуллари бу борадаги ишлар Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилишини маълум қилди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, айни пайтда автомобил ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган хомашё ва материалларни олиб кириш бўйича божхона тўловлари ставкаларини камайтиришга қаратилган ҳужжат устида ишлар олиб борилмоқда.

Вазирлик хориждан айнан автотранспорт воситаларини олиб киришда божхона тўловларини камайтириш масаласи кўрилаётгани ҳақидаги саволни очиқ қолдирди. 

Давлат божхона қўмитасининг Kun.uz'га маълум қилишича, Ўзбекистонга хориждан автотранспорт воситаларини олиб кириш 2018 йил 29 июнда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори асосида тартибга солинади.

Қарор билан тасдиқланган иловаларда импорт божхона божлари ставкалари автотранспорт воситасининг двигател ҳажми ва от кучига қараб фарқ қилади. Ушбу божлар 2019 йил 1 январдан амалга киритилган. Таъкидлаб ўтиш жоизки, ҳужжатда кўрсатилган импорт божхона ставкалари негадир давлат тилида эмас, рус тилида берилган.

Эслатиб ўтамиз, бунга қадар Ўзбекистон автомобил саноатидаги монополия давлат раҳбари томонидан ҳам, депутатлар, журналист ва блогерлар, шунингдек кенг жамоатчилик томонидан ҳам мунтазам танқид қилиб келинади.

Хусусан, ўтган ойда тадбиркорлар билан учрашув чоғида Шавкат Мирзиёев Асака автозаводи ҳақида ҳам тўхталиб ўтган: «Кўп йиллар Андижонда заводимиз бор, деб фахрланиб юрдик. Солиқлардан озод қилдик, имтиёзлар бердик. Лекин у завод халқимизга манфаат келтирмади. Экспортдаги ўзимизнинг автомобил ички бозоримиздан арзон сотилди. Энди бу муаммоларни бартараф қиляпмиз,”деган эди президент.

Ҳатто жорий йилнинг март ойида «UzAuto Motors» АЖнинг Транспорт ташувлари бошқармаси ҳайдовчи ходимлари маоши сезиларли камайганидан норози ҳайдовчилар Асакадаги корхонанинг автотураргоҳида йиғилиб, норозилик билдирган эди.

Ўзавтосаноат монополиясидан энг кўп норозилик 2020 йил давомида юз берган. Дастлаб Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлари компания раҳбарияти вакиллари билан учрашувда ўз эътирозларини билдиришган эди.

Кейинроқ, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси автомашиналар нархи ошишини кескин қоралади ва "UzAuto Motors"ни монополияда айблади. Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳам «UzAuto Motors» АЖ автомобиллари нархи оширилиши юзасидан кескин муносабат билдириб, истеъмолчилар ҳуқуқлари камситиб келинаётганини таъкидлаган эди.

Бундан ташқари, 2020 йилда «монополь юқори нарх қўллангани» борасида Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва «UzAuto Motors» АЖ компанияси ўртасида бир неча марта суд мажлислари бўлиб ўтган. Оқибатда, 2020 йил 18 декабрь куни Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция босқичи судлов ҳайъати Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан қолдирган эди.

Бундан ташқари, яқинда Тошкент шаҳрида автосаноат монополияси ва узун навбатларга бағишланган стрит-арт пайдо бўлди. Кейинчалик у номаълум шахслар томонидан ўчириб юборилди.

Мавзуга оид