Ўзбекистон | 10:40 / 17.05.2026
1956
11 дақиқада ўқилади

P2P мониторинги, янги тарифлар ва миграциядаги коррупция — ҳафта дайжести

Картадан картага ўтказмалар мониторинги бошланди: айнан кимлар “радарга” тушяпти? Миграция соҳасидаги мега-коррупция: Кореяга ишга жўнатишдаги схема фош бўлди. Ҳамма устозларга тегишли имтиёз лойиҳаси: уларнинг фарзандлари контракт тўловидан 30 фоиз чегирма олиши мумкин. Ўзбекистон тарихидаги энг йирик хусусийлаштириш: илк халқаро IPO'дан бюджетга 600 млн доллар тушди.

Ортда қолган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид айрим янгиликлари – Kun.uz дайжестида.

Газ ва электр энергияси тарифлари

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан, электр энергияси ва табиий газнинг 1 июндан кучга кирадиган янги тарифлари тасдиқланди. Унга кўра, маиший истеъмолчилар учун базавий тариф электр энергиясида 8,3 фоизга, табиий газда эса 10 фоизга ошади. Қайд этиш керак, 1 май ҳолатига расмий инфляция 7 фоизгача пасайган эди.

Расмийларга кўра, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари учун ижтимоий ёрдам чоралари давом эттирилади. Ўтган йили йўлга қўйган тартибга асосан, ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган оилалар энергияси ва табиий газ истеъмоли базавий меъёрдан ошган тақдирда, харажатларининг бир қисми давлат томонидан қоплаб берилади. Бу компенсация фақат иситиш мавсумида эмас, бутун йил давомида доимий тўланиши кўзда тутилган.

Картадан картага ўтказмалар – назорат остида

Савдо соҳасидаги тадбиркорларнинг шахсий банк карталаридаги айланмалар солиқ идоралари томонидан текширилмоқда. Текширув натижалари бўйича тадбиркорлар ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш депаратментига огоҳлантириш хатлари чиқарилган. Шунингдек, тармоқларда картасига тез-тез пул тушиб турадиган айрим фуқаролар солиқ идорасига чақирилаётгани ҳақида маълумотлар бор.

Чоршанба куни Солиқ қўмитаси баёнот билан чиқиб, “юридик шахсларда фаолият юритувчи раҳбар ходимларнинг банк пластик карталарига келиб тушган маблағлар юзасидан таҳлилий ўрганишлар олиб борилаётгани”ни маълум қилди. Улардан шахсий карталарига қабул қилинган савдо тушумларини солиқ ҳисоботларида акс эттириш талаб қилиняпти. Бундай ҳаракат тасдиқланган тақдирда, қўшимча ҳисобланган солиқни ундиришдан ташқари, бошқа бирор санкция қўлланаётгани ёки йўқлиги ҳақида ҳозирча маълумотлар йўқ.

Тармоқларда билдирилаётган кўплаб саволларга Солиқ қўмитаси баёнотида аниқлик киритилмаган. Аввало, текширув доирасига тушган жисмоний шахслар рўйхати қайси мезонлар асосида тузилгани – номаълум, яъни “ўйин қоидалари” очиқ эълон қилинмаяпти. Қолаверса, минглаб одамларнинг банк сирини ташкил этувчи маълумотлари ҳақида гап кетаётган экан, мазкур амалиётнинг ҳуқуқий асосларига ҳеч қандай савол бўлмаслиги керак, амалда эса текширувларнинг қанчалик қонуний экани тармоқлардаги муҳокамаларда кўп бора сўроқ остига олиняпти.

Солиқ қўмитасига кўра, P2P мониторингидан мақсад – яширин иқтисодиётни оқартириш. Лекин амалиётда бу қанчалик ўзини оқлайди, олдиндан айтиш қийин. Чунки расмий ишлашдаги харажат ва оворагарчиликлардан қочадиган тадбиркорлар, бу чорадан кейин шунчаки оила аъзосининг картасини ишлатишга ўтиши, ёки мижоздан нақд шаклда тўлов қилишни сўрай бошлаши мумкин. Савдогарлар: “Энди картамни текширар экан, шунинг учун бугундан бошлаб 100 фоиз қонуний ишлайман!” дейишини тасаввур қилиш қийин, албатта. Шундай экан, тадбиркорлар P2P'ни афзал кўраётганининг туб сабаблари ҳам кун тартибида бўлиши мақсадга мувофиқ кўринади.

90 млн долларлик коррупция

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент

Одамларни Кореяга ишлаш учун юборишдаги йирик коррупцион схема фош бўлди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабарига кўра, миграция соҳасидаги уюшган жиноий гуруҳ Кореяга ишга юбориш учун расмий тўловлардан ташқари фуқаролардан 7-12 минг доллардан йиғиб олган. Улар тўплаган маблағ қарийб 90 млн долларга (!) баҳоланяпти.

Гуруҳ таркибида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, хусусий бандлик агентликларининг собиқ мансабдорлари ва бошқа шахслар бўлган. Ҳозирда Кореяга ишга юборилмаган 600 дан зиёд фуқародан келиб тушган мурожаатлар бўйича етказилган зарар миқдори аниқланиб, ундириш чоралари кўрилмоқда. Терговчилар бу схемадан жабрланган фуқароларни Департамент билан боғланишга чақиряпти.

Мазкур тергов билан бир пайтда, Миграция агентлигининг собиқ ходими халқаро қидирувга берилгани ҳам ойдинлашди. Маълум бўлишича, агентликда масъул лавозимда ишлаган Азизбек Тоштемиров Интерпол қидирувидаги шахслар рўйхатида пайдо бўлган. Қидирув карточкасида кўрсатилишича, у фирибгарлик жиноятида айбланмоқда. Айни пайтда, юқорида келтириб ўтилган коррупциявий схемага Тоштемировнинг алоқаси бор-йўқлиги маълум эмас.

Эътиборлиси шундаки, Кореяга ишга юборишда коррупцион схема ишлаётгани, Азизбек Тоштемиров бу занжирнинг бир ҳалқаси бўлиши мумкинлиги ҳақида Kun.uz бундан 3 йил олдин хабар берган эди. Биз 2023 йилдаги суриштирувларимизда бир қатор шубҳали ҳолатларни аниқлаб, серияли материаллар эълон қилган эдик. Лекин ажабланарлиси, ўшанда ҳуқуқ органларидан реакция бўлмаганди.

Тафсилотларга келсак, бу схема доирасида Кореяга ишлаш учун бормоқчи бўлганлардан турли ҳудудларда 12 минг долларгача пул йиғиб олинган. Пора бермаган номзодлар “кўзингиз яхши кўрмайди” деган ёлғон баҳона билан кейинги босқичларга ўтказилмаган. Айрим ҳолатларда номзодлардан олинадиган имтиҳонлар очиқ эълон қилинмасдан, ими-жимида ўтказиб юборилган. Бундан ташқари, корейс тили имтиҳонида бировнинг ўрнига бировни киритиб юбориш ҳолатлари ҳам бўлган. Kun.uz шундай ҳолатлардан бирини видео-исботи билан очиб берганига қарамай, негадир тегишли идоралар ўша вақтда суриштирув бошлашга шошилмаган эди.

“Кутилган пасайиш”

Ҳафта давомида ёқилғи-энергетика соҳасига оид бошқа хабарлар ҳам кун тартибида турди. Маълум бўлишича, бир неча йил олдин белгиланган нархларга ишониб қуёш панели ўрнатган тадбиркорлар бугун хавотирга тушиб қолган. Чунки муҳокама босқичида турган ҳужжат лойиҳасига кўра, ўз эҳтиёжи учун қуёш панели ўрнатган тадбиркорларнинг ортиқча энергияни давлатга сотишида 1 kWh учун белгиланган 800 сўмлик нарх 250 сўмга туширилиши мумкин.

Бу масалани тадбиркорлардан бири ЎзЛиДеП ўтказган очиқ мулоқотда кўтарди. Депутат Бобур Бекмуродов ва партия раиси Актам Ҳайитов бу масалани атрофлича ўрганиб чиқишга ваъда бераркан, тадбиркорларда нафақат “ўйин қоидасининг ўзгариши”, балки давлат ўзи сотиб олган ток учун вақтида тўлов қилмаётгани муаммоси ҳам борлигини қайд этди. “Бу билан тизимли шуғулланиш учун қўмитамизнинг кучи етарли”, деди Актам Ҳайитов.

Аҳоли ва тадбиркорлардаги газ муаммосига келсак, қазиб чиқаришдаги кескин пасайишга бу ҳафта энергетика вазири шахсан изоҳ берди. Аввалроқ хабар берганимиздек, март ойида қазиб олиш ҳажми 30 фоизга қисқариб кетган. Вазир Жўрабек Мирзамаҳмудов бу ҳолатни “кутилган пасайиш” деб изоҳлади. Унинг айтишича, асосий пасайиш Шўртанда, яъни Бухоро-Хива ва Қашқадарёдаги, 85-90 фоизга ўзлаштириб бўлинган конларга тўғри келади.

“Бу бўйича олдин ҳам айтганмиз, бизда йилдан йилга барибир табиий пасайиш кузатилмоқда. Газ қазиб чиқариш пасайиши аниқ эди, буни кўрсатганмиз. Асосий мақсад – буни барқарорлаштириш ва [ҳажмларни] ушлаб бориш”,деди вазир.

Ҳукумат айниқса Устюртдаги янги конларга катта умид боғлаяпти. У ердаги йирик газ лойиҳасига Озарбойжоннинг SOCAR компаниясидан ташқари, чоршанба куни Британиянинг BP ҳолдинги ҳам қўшилди. Тошкентда имзоланган маҳсулот тақсимотига оид битимга асосан, Устюрт минтақасидаги 6 та блокни қамраб оладиган лойиҳада BP'нинг улуши 40 фоизни ташкил этади. SOCAR ва “Ўзбекнефтгаз” эса 30 фоиздан улушга эга бўлади.

Бу келишув доирасидаги биринчи разведка қудуғи 2027 йилда бурғиланиши кутиляпти. Айнан ҳозир эса, газ қазиб олишнинг тезлашиб кетган қисқариши фонида, пропан нархи ошмоқда. Сўнгги кунларда водий вилоятларидаги ёнилғи қуйиш шохобчаларида пропан баҳоси 5700-6000 сўмдан 6400-7000 сўмгача кўтарилган. Биржадаги улгуржи нархлар ҳам бир неча кун ичида қарийб 6 фоизга ошган.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Ўзбекистон тарихидаги энг йирик хусусийлаштириш жараёни қарийб якунланди. Миллий инвестиция жамғармасининг маълум қилишича, ҳукумат жамғарма акцияларининг бирламчи оммавий таклифи доирасида фонднинг 31 фоиз улушини сотиш орқали 603,6 млн доллар жалб қилган. Лондон фонд биржасидаги қўшимча опцион ҳисобига, IPO'да реализация қилинган улуш 35 фоизгача, тушум эса 692 млн долларгача етиши мумкин. Бу маблағлар тўғридан тўғри давлат бюджетига тушади. Жамғарманинг бозор капитализацияси 1,95 млрд долларни ташкил этди. Акцияларнинг очиқ бозордаги эркин муомаласи 18 майдан бошланади.

Педагогларнинг фарзандлари учун контракт тўловидан имтиёз берилиши кутиляпти. Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қарор лойиҳасига кўра, боғча, мактаб, техникум ёки олийгоҳда ишлашидан қатъи назар, барча педагогларнинг бакалавриат кундузги таълим шаклида ўқийдиган фарзандлари учун контракт тўловидан 30 фоиз чегирма жорий этилиши мумкин. Чегирмадан фойдаланиш учун педагог сифатидаги иш стажининг давомийлиги ёки педагогнинг малака тоифасига оид талаблар назарда тутилмаган. Яъни агар кейинги босқичларда бундай талаб қўшилмаса, эндигина ишга кирган ва ҳали тоифаси йўқ ўқитувчилар ҳам мазкур имтиёздан фойдаланиши мумкин бўлади.

Экологик ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга нисбатан жавобгарлик кучайтирилмоқда. 4 май куни имзоланиб, 5 августдан кучга кирадиган қонунга биноан, иссиқхоналар ва ишлаб чиқариш биноларида шина, битум, мазут ёки шунга ўхшаш нарсалардан ёқилғи сифатида фойдаланиш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади. Сувни ифлослантириш, дарахтларни кесиш каби ҳуқуқбузарликлар учун ҳам жазо оғирлашади: энди бундай ҳолатларда молиявий санкция табиатга етказилган зарар қийматига боғлиқ бўлади. Эслатиб ўтамиз, апрел ойидаги йиғилишда баъзи компаниялар учун ҳуқуқбузарликни бартараф этишдан кўра, жарима тўлаб, фаолиятини давом эттириш қулайроқ бўлиб қолгани айтилган эди.

Самарқанд тумани Оқбўйра туризм қишлоғидаги тоғ-кон портлатиш ишлари муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Kun.uz'га мурожаат қилган қишлоқ аҳлига кўра, 15 апрел кунги портлатишда уйлар томига тошлар келиб тушган, деворларда ёриқлар пайдо бўлган. Кадрлардан бирида қўрқиб кетган қизалоқни бобоси хавфсиз жойга олиб ўтганини кўриш мумкин. Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги конда ишлаётган хусусий корхоналарнинг ҳужжатлари жойида экани, улар аҳолига етказилган моддий зарарни қоплаганини маълум қилди. Воқеадан кейин у ердаги портлатишларни 10 тоннадан 5 тоннага камайтириш буюрилган. Келгусида соҳадаги меъёрлар қайта кўриб чиқилиши айтиляпти.

Муаллиф – Комрон Чегабоев
Бошловчи – Бобур Акмалов
Тасвир устаси – Шоҳруз Абдурайимов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова

Комрон Чегабоев
Муаллиф Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид