Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Туризм қишлоғидаги портлаш - Оқбўйрада осмондан тош ёғилди
Самарқанд туманидаги Оқбўйра туризм қишлоғида 15 апрел куни содир бўлган портлашдан кейин аҳоли ўзини уйларида эмас, гўё фронт чизиғида яшаётгандек ҳис қилмоқда. Фуқароларнинг сўзларига кўра, портлаш оқибатида уй томларига тошлар келиб тушган, деворларда ёриқлар пайдо бўлган. Айримлар болалари қўрқиб кетганини айтса, яна бир фуқаро каттагина тош тунука томни ёриб кирганини маълум қилди.
Туризм қишлоғи мақоми берилган ҳудудда юз берган бу ҳолат хавфсизлик, экология ва назорат масалалари бўйича қатор саволларни кун тартибига олиб чиқмоқда.
Kun.uz Самарқанд туманида бўлиб, воқеа тафсилотларини ўрганди.


Парвиз Саъдуллаев портлаш олдидан ташкилот вакиллари олдига бориб, изоҳ сўраганини айтмоқда. Масъуллар аҳолига катта портлаш бўлмайди, сизларга ҳеч қандай зарар етмайди, деган фикрни билдирган.


Аммо портлашдан кейин, кўплаб ҳовли девориларида ёриқлар пайдо бўлган. Эшик-деразалар, ойналар зарарланган.
Даврон Қўйсиновнинг айтишича, портлаш вақтида катта тош парчаси уйининг тунука томини ёриб кирган. Ҳозир тунука алмаштирилган. Аммо тош ҳам, зарар излари ҳам ҳануз сақланиб турибди.


Уй эгаси агар ўша вақтда хонадонда одам бўлганида, вазият аянчли якун топиши мумкинлигини билдирди.
Портлаш жойидан икки кўча нарида яшовчи Саодат Элмуродова ҳам ўша кунги вазиятни ҳалигача қўрқув билан эслайди.

Унинг айтишича, қаттиқ зарба овозидан кейин ногирон турмуш ўртоғи саросимага тушиб қолган. Аёл эса фарзандларининг аҳволидан хавотир олиб, портлаш ҳудудига яқинроқда яшайдиган ўғлининг уйига югурган. У етиб борганида келини қаттиқ шок ҳолатига тушиб қолгани, ҳовли эса қуюқ чанг билан қопланганига гувоҳ бўлган. Келини бешикдаги боласини олишга ҳам улгурмаган.
Кузатув камераларида боғда ишлаб турган отахон ва унинг набираси ҳам акс этган. Портлашдан кейин қизалоқнинг саросимага тушиб қолганини кўриш мумкин.


Комилжон Фармонов набираси бир неча кун қаттиқ қўрқув таъсиридан чиқолмаганини маълум қилди.
Оқбўйраликларнинг айтишича, айрим одамлар портлаш ҳақида олдиндан огоҳлантирилган. Аммо аксарият аҳоли ҳеч қандай расмий огоҳлантириш бўлмаганини айтмоқда.
Табиий савол туғилади. Аҳоли яшайдиган ҳудудга яқин жойда амалга ошириладиган бундай портлатишларда хавфсизлик қандай таъминланади?
Ҳудуд аҳолисига кўра, бу ерда тош қазиб олиш ишлари аввал ҳам муҳокамаларга сабаб бўлган. Улар 1980-90 йилларда ҳам тоғдан тош олишга уринишлар бўлганини эслашди.
Уларнинг айтишича, ўша йилларда ҳудудга келган чет эллик мутахассислар тоғда радиация бўлиши мумкинлигини айтган ва бу ҳаракат амалга ошмай қолган.
Бу маълумотлар ҳозирча расман тасдиқлангани йўқ.



Ҳудудда қазиш ишларини олиб бораётган ва ушбу портлашга буюртма бергани айтилаётган “AGRO TECHNOLOGY GROUP” масъулияти чекланган жамияти ҳолатга изоҳ бермади. Аксинча, ушбу ташкилот Kun.uz’га интервю берганларнинг шахсини аниқлаш билан овора бўлмоқда.
Бу воқеада энг катта зиддиятлардан бири - ҳудуднинг мақоми. Самарқанд туманидаги Оқбўйра ва Оҳалик маҳаллаларига “туризм қишлоғи” мақоми берилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 июлдаги 433-сон қарорига кўра, бундай мақом туристик жозибадор, экологик барқарор ва меҳмон қабул қилиш салоҳиятига эга ҳудудларга берилади.
Бироқ Самарқандда бу тушунча бутунлай бошқа маънони англатмоқда.
Kun.uz мазкур ҳолат юзасидан Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, экология бошқармаси, Самарқанд тумани ҳокимлиги, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси вилоят бошқармаси ҳамда ҳудудда портлаш амалиётини амалга оширгани айтилаётган “AGRO TECHNOLOGY GROUP” масъулияти чекланган жамиятига расмий сўровлар юборди.
Саволлар эса тобора кўпаймоқда. Аҳоли яшайдиган ҳудудга бунчалик яқин жойда тоғ портлатиш қай тартибда амалга оширилади? Ким бундай ишларга рухсат беради? Ҳудуд қандай ўраб олиниши керак? Аҳоли қандай огоҳлантирилиши лозим? Кончилик лицензияси портлатиш ишларини амалга ошириш учун етарли асос ҳисобланадими?
Ва энг муҳими - аҳоли ҳовлисигача учиб борган тош парчалари инсонлар ҳаётига хавф солмайдими?
Дарвоқе, ушбу материал тайёрланаётган вақтда оқбўйраликлар таҳририят билан яна боғланиб, туризм маҳалласига яқин ҳудудда бошқа бир кончи гуруҳ навбатдаги портлатиш ишларига тайёргарлик кўраётганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг декабр ойида Қашқадарё вилояти Китоб туманининг Макрид маҳалласига яқин ҳудудда ҳам тоғ портлатилгани ортидан аҳоли ўз норозилигини билдирганди.
Kun.uz мазкур ҳолат юзасидан масъул ташкилотлардан расмий муносабат ва изоҳ кутади.
Мавзуга оид
15:23
Оқбўйра қишлоғидаги портлаш таъсири меъёрдан ортиқ ҳудудларга етиб борган — вазирлик изоҳи
09:17 / 05.05.2026
Хитойда фейерверк заводида юз берган портлашда ўнлаб одамлар ҳалок бўлди
23:09 / 28.04.2026
Лондон марказида дунёдаги энг катта капсулали арзон меҳмонхона очилди
18:34 / 26.04.2026