Каталонияни қақшатган немис. Флик «Барса»ни «тирилтира оладими»?
«Барселона» германиялик Ҳанс-Дитер Фликни жамоа бош мураббийи этиб тайинлади. Бу тайинлов клуб президенти Лапорта ва собиқ мураббий Хави ўртасидаги ғалати жанжалдан кейин рўй берди. «Барса» мухлислари Флик номзоди пайдо бўлгандаёқ ўша машъум 2:8 ҳисобидаги мағлубиятни ёдга олишди. Хўш, немис мураббий борган сари «Реал»дан ортда қолаётган «Барселона»ни жонлантира оладими?
Ким ўзи у?
Европа футболини кузатиб юрганлар Ҳанс-Дитер Флик ким эканини билишади. Айниқса «Барселона» мухлислари уни алам билан бўлса-да, унутилмас хотира сабаб эслаб қолишган. Ҳа, пандемия вақтидаги ЕЧЛ мавсумида «Барса»ни 8:2 ҳисобида енгган даҳшатли «Бавария» устози айнан Флик эди. Аммо бу мураббийни мақташ учун ягона сабаб эмас. У фаолиятининг кўп вақтини бошқа мураббийлар соясида ўтказган бўлса-да, катта ютуқларга эриша олган.
59 ёшли Флик мураббийликдаги илк катта қадамларини «Ҳоффенхайм» жамоасида қўяди. 2000 йилда жамоани қабул қилиб олган Ҳанс «Ҳоффенхайм»ни икки лига юқорига кўтариб, учинчи дивизионгача олиб чиқади. Кейин Австриянинг «Залцбург» жамоасида Лотар Маттеус ва Жованнни Трапаттонига ассистентлик қилади.
Флик энг узоқ ишлаган жойи Германия миллий жамоаси ҳисобланади. У 2006 йилдан 2014 йилгача бундестимда Йоахим Лёвга ассистентлик қилади. Бу вақт давомида «немис машинаси» иккитадан жаҳон ва Европа чемпионатларида қатнашади. 2014 йилда Лёв ва Флик шогирдлари Бразилия мундиалида зафар қучади.
Бир муддат Германия миллий жамоасида спорт директори бўлиб ишлаган Флик учун 2019 йилдан чинакам катта мураббийлик фаолияти бошланади. Ўша йили «Бавария» Ҳансни бош мураббий Нико Ковачга ўринбосар этиб тайинлайди. Аммо хорват ўзини кўрсата олмагач, йил сўнгида Флик «Бавария» бош мураббийига айланади. Ҳа, 55 ёшга тўлган вақтида Флик учун энди катта мураббийлик вақти бошланаётганди.
ЕЧЛ ғолиби
Клуб раҳбарияти учун кутилмаганда Флик «Бавария»ни катта иштиёқ билан зўр бошқаради. У келганда тўртинчи ўринда бўлган клуб мавсум якунида муддатидан аввал чемпионликни қўлга киритади. 2020 йил эса «Бавария» Флик билан УЕФА Чемпионлар Лигасида ғолиб бўлади. Бу Фликнинг мураббийлик фаолиятидаги чўққиси эди.
Унинг қўл остида «Бавария» шунчаки кутилмаганда чемпион бўлмаётган, йўлидан чиққан барчани «ямламай ютаётганди». Чорак финалда «Челси»ни икки ўйин натижасига кўра 7:1 ҳисобида енгган.
Кейинчалик яримфиналда «Лион», финалда ПСЖ немисларга қаршилик қила олмайди ва Флик жамоаси Европада энг зўри эканини исботлайди. Бавария» нейтрал майдонда ўтган ва бир ўйиндан иборат чоракфиналда «Барселона»ни 8:2 ҳисобида «ер тишлатади».Айнан ўша мавсумда Европа футболидаги катта ноҳақлик кузатилиб, France Football Роберт Левандовскийга «Олтин тўп» топширмаганди. Афтидан «Бавария» охирги икки ўйинда французларни енггани алам қилган фаранг нашри коронавирус вақтида футболчилар энг яхши ўйинини кўрсата олмайди деган баҳона билан бир йил соврин топширмасликка қарор қилади.
Кейин «Бавария»да бироз пасайиш бўлди ва Флик 2021 йилда истеъфога чиқарилди. Кўп ўтмай уни Германия миллий жамоаси бош мураббийи этиб тайинлашади. Режа бўйича Флик Қатар мундиалига жамоани олиб бориши, кейин Германияни ўз майдонида ўтажак Европа чемпионатига тайёрлаши керак эди.
Аммо 2022 йилги жаҳон чемпионатида немислар кутилмаганда гуруҳда қолиб кетгач, Фликка бўлган ишонч пасаяди. Мундиалдан кейин бир нечта ўртоқлик ўйинларда бундестимни бошқаргач, мураббий истеъфога чиқарилади. Шу, шу, Флик бир йилдан буён ишсиз.
«Барса»га келиш иштиёқи
Германиялик мураббий «Барселона»ни бошқаришни жуда истади. Кўплаб инсайдерлар ёзганидек Флик клубдан бўлган илк таклифниёқ қабул қилди. Балки ўша 8:2 ҳисобидаги каталонияликлар учун машъум ўйиндан кейиноқ Фликда бу руҳиятсиз жамоани бошқариш истаги пайдо бўлгандир.
Ахир Лиссабондаги ўша «қатлиом»нинг бош қаҳрамонларидан бўлган Левандовский ҳам «Барса»ни танлади, ҳализамон улар ортидан Киммих ҳам қўшилиши кутилмоқда. Бир сўз билан айтганда, бу совуққон «Бавария»чилар ўз ўлжасига меҳри тушган қотилга ўхшаб кетяпти гўё.
Флик «Барса»га келишидан аввал яна «Бавария»га қайтишига бир баҳя қолди. У вақтда мураббийда айтарли жиддий таклиф бўлмаган, у боришни хоҳлаган «Барселона» эса Хави билан келишувни бекор қилмаслигини эълон қилиб бўлганди. Аммо кейин Хавининг матбуот анжуманида айтган гаплари Лапортега ёқмади-да, унинг «паттасини қўлига тутқазди». Шундан кейин Фликнинг «Барса»га келиши тезлашиб кетди. Мураббий маош масаласида ҳам тортишиб ўтирмай йиллик 3 миллион евро ойликка рози бўлди. Бу Европадаги ўртамиёна футболчининг маоши дейиш мумкин.
Энди нима бўлади?
«Барселона» янги мавсум олдидан катта трансфер қила олмаслиги деярли аниқ. Аксинча қарзларидан қутилиш ва оғирлашиб бораётган молиявий ҳолатини тиклаш учун Рафиня каби футболчилар тап тортмай арабларга сотиши мумкин. Флик ҳам, табиийки, бундан бохабар. Аммо бу мураббий натижа учун катта пул талаб қиладиганлар хилидан эмас.
Қурумсоқ Лапортега ҳозир матбуот анжуманларида молиявий ҳолатдан нолийдиган эмас, айнан шунақа – борига шукр қиладиган мураббий керак. Ахир Месси кетгач, жамоа катта реклама шартномаларини бой берди, ҳозир клубда катта пул йўқ, ҳали бери бўладиганга ҳам ўхшамайди. Чунки клуб афсонаси ва катта пуллар учун гарант аллақачон Майамида «нафақа таътилини бошлаб юборган».
Флик раҳбарият гапига индамай кўникиб кетадиган гўл эмаслиги аниқ, шунчаки у бор имкониятдан тўғри фойдаланмоқчи. Бунинг устига «Барселона»нинг таркибини ёмон деб ҳам бўлмайди. Флик биринчи мавсумидаёқ жуда кучли «Реал»га қаршилик қилиши қийин бўлади, аммо немис ҳали катта мураббийликда жуда узоқ ишламагани сабаб исботлашни истайдиган нарсалари кўп.
Фликдаги бу иштиёқни энди етишиб чиқаётган ёш мураббийларникига ўхшатаман. Масалан, ҳозир Хаби Алонсо ва Ҳанс-Дитир Фликнинг мотивацияси бир хил дейиш мумкин.
Икки жиддий муаммо қаршисида
Мессининг охирги йилларидаги «Барселона»да энг жиддий муаммо руҳий кучсизлик эди. Ўша «Бавария» билан ўйинда ҳам жамоа худди ютқазиб бўлиб майдонга тушганди. Руҳият пастлиги, қатъиятсиз ҳаракатлар жамоани кўп марта қийнаб қўйди. Супертрио тарқалиши билан клубда ғолиблик руҳи йўқолгандек бўлди.
Тўғри, ундан кейин ҳам Ла Лигада ғолиб бўлди, буни Хави биринчи мавсумда ҳам уддалаганди. Аммо ЕЧЛдаги ўйинларда «Барса» ортиқ катта жамоадек кўринмаётганди. Хави келгач эса асосий муаммо интизом ва ички муҳит бўлиб қолди. Бу муаммо айниқса ПСЖ билан жавоб баҳсида яққол кўриниб қолди. Флик бу муаммоларни ҳал қилиш учун энг яхши номзод дейиш мумкин.
Хуллас, «Барселона» мухлислари хурсанд бўлса арзийди. Клуб зўр мураббийни олиб келди. Энди 2:8 ни унутарсиз?
Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Мавзуга оид
13:34 / 11.11.2024
«Барса» ўйинида можароли қарор, Шомуродов яна мураббийсиз қолди. Кун ўйинлари
12:28 / 07.11.2024
«Вилла» ўйинида аҳмоқона пеналти, «Барса» истаганча гол урмоқда. Кун ўйинлари
12:26 / 04.11.2024
«Барса»ни тўхтатиб бўлмаяпти, «МЮ» ўзига келмоқда. Кун ўйинлари
12:52 / 27.10.2024