Нега одамлар ёлғиз вафот этади?
Уйда кимсасиз вафот этиш Япония, Жанубий Корея ва Европанинг айрим давлатларида учраб туради. Шаҳарлашув баланд ҳудудларда ёлғизлик ва демографик ўзгаришлар кузатилади. Бу аҳолининг қариши, оилавий алоқаларнинг заифлашишидан келиб чиқади.
Шунингдек, ижтимоий изоляция, яъни одамлар яккаланиб яшаши, қўшнилар ва қариндошлар билан алоқа сустлиги, уй-жой бозоридаги шароитлар, ижтимоий тизимнинг яхши йўлга қўйилмагани ёлғиз ўлимларга сабаб бўлади.
“Кодокуши” пандемияси
Ёлғиз ўлим энг кўп учрайдиган давлат Япония. Давлатда “Кодокуши”, яъни “ёлғиз ўлим” кенг тарқалган ва жиддий ижтимоий муаммога айланган. Бунинг асосий сабаблари ёши катта аҳолининг кўплигида. Япония дунёда энг кекса давлатлардан бири. Аҳолининг 30 фоиздан ортиғи 65 ёшдан катта. Илгари кексалар фарзандлари ёки қариндошлари билан яшаган бўлса, ҳозир ёшлар мустақил ҳаёт кечиришни афзал кўришмоқда.
Масалан, 2008 йилда Осакада бир эркак жасади квартирада 6 ой қолиб кетган. 2017 йилда эса Токиода бир аёлнинг жасади квартирада 5 йил давомида топилмай қолган. Тўловлар автоматик тарзда банкдан ўтиб турган, шунинг учун ўлимдан кеч хабар топишган.
Жанубий Корея – “Годокса” муаммоси
Кореяда бу ҳолат “Годокса” деб аталади ва у охирги йилларда жуда жиддий муаммога айланган. Бунга сабаб ёлғиз яшовчи аҳоли кўпайишида. 2021 йилда Сеулдаги уй хўжаликларининг 40 фоизи ёлғиз яшовчилардан иборат бўлган.
Кореяда ҳам оилавий алоқалар сусайган. Илгари корейс оилаларида катта авлодни ҳурмат қилиш ва уларга қараш муҳим саналган. Ҳозир бу анъана сустлашган. Бундан ташқари, кучли иш босими ва депрессия кенг тарқалган. 2013 йилда Сеулда бир аёл квартирасида 6 ой давомида топилмаган. Қўшнилар ёмон ҳид келаётгани сабаб полицияга хабар берган.
Европа давлатлари
Америка ва Европада ҳам ёлғиз вафот этиш ҳолатлари учрайди. Масалан, 2014 йилда Англияда бир кишининг жасади ўз квартирасида 2 йил давомида қолиб кетган. Ижара тўловлари автоматик қабул қилингани сабаб буни ҳеч ким сезмаган.















