Испания кубоги. Яримфинал. Биринчи ўйин
«Барселона» – «Атлетико» – 4:4
Голлар: Педри 19 , Кубарси 21, Иниго Мартинес 41, Левандовски 74 — Алварес 1, Гризманн 6, Лиоренте 84, Серлот, 90+3 (4:4).
«Барселона» – Шенсни, Кубарси, Балде, Иниго Мартинес , Кунде, Педри (Гарсия 85), Ямал, Олмо (Гави 68), де Йонг, Торрес, (Левандовски 68), Рафиня (Фермин Лопес 85)
«Атлетико» – Муссо, Хименес, Лангле, Галан (Мандава 55), Галлаҳер (Молина 60), де Паул (Серлот 68), Барриос, Лиоренте, Гризманн (Корреа 68), Алварес, Симеоне (Лино 55).

«Барселона» ва «Атлетико» Испания Кубоги яримфиналининг илк учрашувида мухлислар учун шоу уюштириб берди. Икки жамоа жами саккиз гол урди — бу ўйин анча вақтгача ёдда қолади.

Каталонияликлар клуби бош мураббийи Ҳанс-Дитер Флик Гави ва Роберт Левандовскини захирада қолдирди. Френки де Йонг ва Ферран Торрес эса илк дақиқалардан майдонда ҳаракат қилди. «Атлетико» дарвозасида Хуан Муссо пайдо бўлди. Бу Испания Кубоги учун одатий картина, Ян Облак бу турнирдаги ўйинларда доимо захира ўриндиғида қолади. Охирги вақтларда захира футболчисига айланиб қолган Конор Галлаҳер ҳам шу куни бошланғич таркибдан ўрин олди.

«Барселона» футболчилари ўйин стартини ўта муваффақиятсиз ўтказишди. Олтинчи дақиқага келиб таблода 0:2 ҳисоби порлаётганди. Войцех Шченсни Хулиан Алвареснинг илк зарбасини тўсиб, тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборди. Аммо илк стандарт вазият меҳмонлар учун омадли бўлди. Антуан Гризманн тўпни оширди, Клеман Лангле уни олис устун томон ўтказиб берди, у ерда бўш қолган Алварес эса яқин бурчакни осонлик билан ишғол этди. Бу вақтда ўйиннинг 47-сонияси ўтиб бораётганди.

Бир неча дақиқа ўтиб эса Хулиан ассистент вазифасини бажариб берди. У бу вазиятда рақиб ҳимоячилари ортига очилган Гризманни тўп билан таъминлади, француз эса Балдени болаларча алдаб ўтиб, дарвозабонга ҳам имконият қолдирмади. «Барса» ўз уйида олтинчи дақиқага келиб икки тўп фарқи билан ҳисобда ортда бориши 123 йилдан буён кузатилмаганди. «Атлетико» билан ўйинда бундай ҳолатга тушиш — ҳар қандай рақиб учун ҳукм бўлиши мумкин, аммо кўк-анорранглилар тезда ўзига келишди. Аввалига Ферран Торрес яккама-якка вазиятга чиқиб борди, аммо Муссо унинг ниятини «ўқиди».

«Барса»га ҳам мувозанатни тенглаштириш учун бир неча дақиқа етарли бўлди. Мезбонлар рақиб ҳимоясидаги заиф нуқтани топишди. Хави Галан Ямални тўхтатиш учун ишончли номзод эмаслиги олдиндан кўриниб турганди, унга Галлаҳернинг ёрдамга келиши ҳам етарли бўлмади. Айнан инглиз яримҳимоячиси қанотда хатога йўл қўйди, шундан кейин Кунде жарима майдони марказидан дарвозани ўққа тутган Педрини голли пас билан таъминлади. Кейин эса «Атлетико» дарвозаси қаршисидаги стандарт вазият иш берди. Пау Кубарси тўп учун курашда Пабло Барриосдан устун келиб, Рафинянинг узатмасини голга айлантирди. Бир ой олдин 18 ёшга тўлган марказий ҳимоячи «Барса»нинг асосий жамоасидаги 62-ўйинида илк голини нишонлади.