Англия: Салоҳ АПЛнинг абадий рекорди сари кетмоқда

«Ноттингҳем Форест» – «Манчестер Сити» – 1:0
Гол: Ҳадсон-Одои, 83.
«Ноттингҳем Форест»: Зелс, Айна, Миленкович, Мурило, Уилямс, Домингес (Йейтс, 69), Андерсон, Эланга (Сангаре, 80), Гиббс-Вайт, Ҳадсон-Одои (Морато, 87), Вуд (Авонийи, 87)
«Манчестер Сити»: Эдерсон, Нунес (Люис, 61), Ҳусанов, Диаш, Гвардиол, Гонсалес (Ковачич, 62), Силва, Савино (Мармуш, 69), Фоден (Де Брюйне, 69), Доку, Ҳоланд.

Куннинг биринчи ўйини сценарийсини олдиндан тахмин қилиш мумкин эди, «Манчестер Сити»га қарши Нуну Эшпириту Санту уйда ҳам иккинчи рақам остида ўйнаши ва қарши ҳужумларга таяниши тушунарли эди. Жорий мавсум «ўрмончилар» кичик имкониятдан ҳам фойдаланиб кетишини кўп марта кўрсатди. Жамоа сабр қилишни билади ва ўз лаҳзасини узоқ вақт кута олади. Буни бутун АПЛ билади, аммо амалда ҳеч кимда «Ноттингҳэм» моделига қарши рецептлар йўқ. Турнир жадвали пешқадами «Ливерпул» биринчи даврада ўз майдонида ютқазган (0:1), иккинчи даврада сафар ўйинида ҳам гол уролмаганди (0:0).

Бу жамоага қарши имкон қадар биринчи бўлиб гол уриш керак бўлади. Биринчи даврада «Арсенал» ва «Сити» ўз майдонидаги ўйинларда буни уддалаган ва якунда йирик ҳисобда ғалаба қозонганди (3:0). Аммо иккинчи даврада «Ноттингҳэм» «Арсенал» ҳисобни очишига йўл қўймади (0:0), амалдаги чемпионлар ҳам тезкор гол ура олмагач, ўйинни аста-секинлик билан ўзига мослаштирди. Иккинчи бўлимда мезбонлар фаоллашганида эса бир хавфли вазиятни Эдерсон бартараф этди. Ерлатиб йўлланган зарбадан кейин бразилиялик посбон ажойиб сейв ижро этиб, тўпни устун томон йўналтирди, аммо кўп ўтмай яқин бурчагидан гол ўтказиб юборди.

Бу голда биргина дарвозабонни айблаб бўлмайди, бу қарши ҳужум Мармуш ўнг қанотда тўпни Айнага олдириши ва кейин чап қанот ҳимоясига жавобгар футболчилар Гиббс-Уайтнинг диагонал узатмасига тайёр бўлмагани туфайли ҳам рўй берди.

Ҳадсон-Одоининг зарбаси тўп Гвардиолнинг оёқлари орасидан ўтиб келгани ҳам дарвозабонга қийинчилик туғдирди, қолаверса, зарба яқин масофадан йўлланганди. Бу ғалаба эвазига «Ноттингҳем» «Сити» билан орадаги фарқни тўрт очкога етказиб, учинчи ўринни ўзида сақлаб қолди. Якшанба кунги ўйинлар натижаларига кўра «Сити» кучли тўртликдаги ўрнини «Челси»га олдириб қўйиши ҳам мумкин. 

«Сити» сафида бу сафар ҳам Абдуқодир Ҳусанов кучли ўйин намойиш этди ва бир неча бор жамоасини голли вазиятлардан қутқариб, якунда энг яхши балл олган икки футболчидан бири бўлди. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Хосеп Гвардиола ҳам ўзбекистонлик ҳимоячининг ҳаракатларини юқори баҳолаб, «унинг ўйинларидан бахтиёр экани»ни айтди.