Жаҳон | 14:27 / 06.02.2026
13880
4 дақиқада ўқилади

Москвада яна бир генералга суиқасд уюштирилди

Унинг ҳолати ва жароҳатининг оғирлик даражаси ҳақида расман хабар берилмаяпти.

Фото: Russian Ministry of Defence

Номаълум шахс Россия мудофаа вазирлиги генерал-лейтенанти Владимир Алексеевнинг ҳаётига суиқасд уюштирди. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Алексеев Бош штаб Бош разведка бошқармаси бошлиғи, Украина ва АҚШ билан учтомонлама музокараларда Россия делегациясига раҳбарлик қилаётган адмирал Игор Костюковнинг биринчи ўринбосари ҳисобланади. 2017 йилда унга Россия Қаҳрамони унвони берилган.

Тергов қўмитасига кўра, номаълум шахс Волоколамское шосседаги уйда Алексеевга қарата бир неча бор ўқ узган ва воқеа жойидан яширинган.

«Жабрланувчи шаҳар шифохоналаридан бирига жойлаштирилган», – дея қўмита расмий вакили Светлана Петренконинг сўзларини келтирмоқда «Интерфакс» агентлиги.

Кучишлатар тузилмаларга яқин ҳисобланган Mash телеграм-канали ёзишича, Алексеевга маҳаллий вақт билан эрталабки соат еттилар атрофида уйнинг лифт жойлашган ҳоллида ортдан туриб ўқ узилган.

Алексеевнинг ҳолати ва жароҳатининг оғирлик даражаси ҳақида расман хабар берилмаяпти. Shot телеграм-канали ёзишича, генералнинг ҳолати оғир деб баҳоланмоқда.

Ҳужум юзасидан қотилликка уриниш ва ўқотар қуролларнинг ноқонуний муомаласи бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Алексеев 2023 йил июнида «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожин исён кўтарганида РФ мудофаа вазири Юнус-Бек Евкуров билан биргаликда уни исённи тўхтатишга ундаганди.

ОАВда Алексеев Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашаётган россиялик «кўнгиллилар» тузилмаларининг асосий кураторларидан бири экани ёзилган. Хусусан, у «Вагнер»га муқобил тарзда тузилган «Редут» хусусий ҳарбий компанияси фаолиятига масъул бўлган. Кейинроқ кўплаб вагнерчилар ушбу тузилма таркибига қўшилган. 

2016 йил декабрида АҚШ Алексеевга қарши санкциялар жорий қилган. Бунга АҚШ президентлик сайловлари жараёнига таъсир кўрсатишга қаратилган киберҳужумлар сабаб бўлган. 2019 йилда Британиянинг Солсбери шаҳрида Скрипаллар оиласи аъзолари заҳарланиши билан боғлиқ ҳолат учун унга нисбатан Европа Иттифоқи томонидан ҳам санкция қўлланган.

Украина мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Бош разведка бошқармаси Алексеевни «Украинага қарши ракета ва ҳаво ҳужумлари учун зарур маълумотларни тайёрлаш» ишларига масъул шахслардан бири, шунингдек, босиб олинган ҳудудларда сохта референдумлар ўтказиш орқали «Россиянинг мавжудлигини қонунийлаштириш»га жавобгар деб ҳисоблайди.

Бу биринчиси эмас

Бу Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан буён россиялик юқори мартабали ҳарбий мулозимларга қарши уюштирилган навбатдаги суиқасд бўлмоқда.

2024 йил 24 июлда Москвадаги Синявинская кўчасида жойлашган уй ҳовлисида Toyota Land Cruiser Prado русумли автомобил портлатилган, натижада автомобил эгаси – Россия мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси офицери ҳамда унинг рафиқаси жабрланганди. Улар бу ҳодисадан омон қолишган, лекин ҳарбий оёқсиз қолганди, расмийлар унинг фамилиясини келтирмаган.

2024 йил декабрида генерал-лейтенант Игор Кириллов ҳамда унинг ёрдамчиси Иля Поликарпов кўп қаватли турар жой подъездидан чиқишда самокатга ўрнатилган портловчи қурилма масофадан ҳаракатга келтирилиши оқибатида ҳалок бўлганди.

2025 йил апрелида Москва областидаги Балашиха шаҳридаги кўп қаватли уй ҳовлисида автомобил портлаши оқибатида РФ қуролли кучлари бош штаби бош оператив бошқармаси бошлиғи ўринбосари, генерал-лейтенант Ярослав Москалик ўлдирилганди.

2025 йил декабрида эса Москвада енгил автомобилда рўй берган портлаш оқибатида Россия Бош штабида оператив тайёргарлик бошқармасига раҳбарлик қилган генерал Фанил Сарваров оғир тан жароҳатлари олган ва воқеа жойида вафот этганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид