Россия пойтахти Москва шаҳрида енгил автомобилда рўй берган портлаш оқибатида генерал Фанил Сарваров оғир тан жароҳати олди ва ҳалок бўлди. У Россия Бош штаби оператив тайёргарлик бошқармасига раҳбарлик қилиб келган.
«22 декабр куни эрталаб Москванинг Ясенова кўчасида автомобил остига ўрнатилган портловчи қурилма ишга туширилди. Олинган тан жароҳатлари оқибатида Россия Федерацияси қуролли кучлари Бош штаби оператив тайёргарлик бошқармаси бошлиғи, генерал-лейтенант Фанил Сарваров вафот этди», – дея маълум қилди Россия Федерацияси Тергов қўмитаси вакили Светлана Петренко.
Олдинроқ ОАВ ва Тергов қўмитаси Ясенова кўчасида автомобил портлаши оқибатида унинг ичидаги номаълум шахс жароҳатлангани тўғрисида хабар берганди. Телеграм-каналларда бу генерал Сарваров бўлгани ҳақида версия илгари сурирлганди.

Тергов қўмитаси кўпчилик учун хавфли усулда одам ўлдириш ва портловчи моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш моддалари бўйича иш қўзғатган.
«Тергов қотилликнинг турли версияларини кўриб чиқмоқда. Улардан бири жиноят Украина махсус хизматлари томонидан ташкил этилгани билан боғлиқ версия», – дейилади қўмита матбуот хабарида.
Украина генералнинг ўлдирилиши юзасидан расман муносабат билдирмаган.
Shot ва Baza телеграм-таблоидлари тонгда портлаш оқибатида турар жой автотураргоҳида турган Kia Sorento русумли автомобил портлаб кетгани ҳақида хабар тарқатганди.
Унинг ичидаги 56 ёшли ҳайдовчи автомобил ичида қолиб кетган, аммо кейинроқ қутқарилган ва оғир аҳволда шифохонага ётқизилган, деб хабар берганди РБК.

Сарваров 1990 йилда Қозон олий танк қўмондонлик билим юртини тамомлаган, кейинчалик Малиновский номидаги зирҳли танк қўшинлари ҳарбий академиясида ва Россия қуролли кучлари Бош штаби ҳарбий академиясида таҳсил олган.
«Коммерсант» газетаси ёзишича, у академияни тамомлагач, Бош штабнинг бош оператив бошқармаси ва Россия Федерацияси қуролли кучларининг оператив тайёргарлик бошқармасида хизматни давом эттирган. 2016 йилдан буён бошқарма бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди.














