Чоршанба куни эрта тонгда Москва шаҳридаги турар жой биноси ҳовлисида Toyota Land Cruiser русумли автомобил портлатиб юборилди. ОАВ машинада Россия мудофаа вазирлиги офицери бўлган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берди. Бошқа версия ҳам бор: сунъий алоқа радиомаркази бошлиғи ўринбосари Андрей Торгашовнинг бу автомобилга алоқаси йўқ, унинг адашининг автомобили портлаган, аммо у ҳам ҳарбий.
Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган фото ва видеоларга кўра, портлаш кўп қаватли турар жой биноси ҳовлисида рўй берган. ОАВ рулга ўтирган эркак оғир жароҳатлангани, икки оёғи узилиб тушгани, унинг рафиқасининг юзида тилинган жароҳатлар борлиги ҳақида хабар берган. НТВ телеканалига кўра, йўлтанламас машина унга эр-хотин келиб ўтирганида, соат 6:30 атрофида портлаб кетган. Видеода ҳам шундай картинани кўриш мумкин.
ГРУ офицери портлатилгани тўғрисидаги версия
«Коммерсант» газетаси маълумот манбасини келтирмаган ҳолда Москва шимолида автомобил портлатилиши оқибатида жабрланган шахс «ГРУда хизмат қилиши ва ўз қисмида алоқа воситаларига масъул» экани ҳақида ёзди.
Бу версияни биринчи бўлиб Astra телеграм-канали эълон қилди. Каналдаги постда портлатилган Toyota Land Cruiser русумли жип Москва областидаги ҳарбий қисмнинг радиостанцияси бошлиғи ўринбосари Андрей Торгашовга тегишли экани айтилган.
Кейинроқ бу фамилия ТАСС давлат агентлиги хабарида ҳам келди. Унинг маълумотига кўра, автомобил чиндан ҳам ҳарбий хизматчи Торгашов ва унинг рафиқасига тегишли бўлган, уларнинг иккиси ҳам жароҳатланган.
Ички ишлар вазирлиги автомобилга ўрнатилган «номаълум предмет детонацияга учрагани» ва икки киши жароҳат олгани ҳақида хабар қилган. Россия Тергов қўмитаси ҳодиса Синявинская кўчасида рўй берганини тасдиқлаган (қўмитанинг эрталабки пресс-релизида «портлаш» сўзи ишлатилмаган).
«Коммерсант»га кўра, «жабрланувчининг шахсидан келиб чиққан ҳолда» терговчилар бошқа версиялар қатори «Украина махсус хизматлари ва уларнинг жосуслари ҳаракати» билан боғлиқ версияни ҳам ўрганмоқда.
ТАСС манбаси терговчилар Toyota Land Cruiser потлаши билан боғлиқ бир неча версияни кўриб чиқаётганини хабар қилган. «Улардан бирига кўра, портлаш транспорт воситасининг касбий фаолияти билан боғлиқ», — деган агентлик суҳбатдоши. ТАСС Торгашовни «махсус ҳарбий амалиёт» (Украинадаги уруш) иштирокчиси деб атаган.
















