Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия генералига уюштирилган суиқасднинг яна бир иштирокчиси қўлга олинди
Гумонланувчи – россиялик собиқ ҳарбий бўлиб, космик соҳада ишлаган ва Z-пабликларга аъзо бўлган.
Фото: ФСБ
Россия федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ҳарбий разведка бошқармаси (ГРУ) генерал-лейтенанти Владимир Алексеевга 6 феврал куни Москвада уюштирилган ҳужум бўйича иш доирасида учинчи фигурант қўлга олинганини эълон қилди. Бу Россия фуқароси, 44 ёшли Павел Васин бўлиб, ушбу иш доирасида айбланаётган Виктор Васиннинг ўғли ҳисобланади.
Идора Павел Васин жиноятига иқрор бўлиб, кўрсатма берганини маълум қилган. Унга кўра, у ишнинг бошқа фигурантлари Любомир Корба ва Виктор Васин (Павелнинг отаси) «Украина махсус хизматлари манфаатлари йўлида» Россия Мудофаа вазирлигининг яна икки юқори мартабали ходими ортидан кузатув олиб борган. ФХХ уларнинг номларини келтирмаган.
Идора версиясига кўра, Павел Васин суиқасдни тайёрлаш жараёнида ишнинг бошқа икки фигурантига машина тақдим этган, россиялик ҳарбийларни кузатиш учун видеорегистратор ва трекер сотиб олган, шунингдек, интернетдан улар ҳақида маълумот тўплашда ёрдам берган.
ФХХ матбуот хизмати Павел Васиннинг кўрсатма бериши видеосини эълон қилган. Бу видео қандай шароитда олингани номаълум. Видеода у 2025 йил сентябрида Корба томонидан «Украина хавфсизлик хизмати учун» ёллангани ва унинг топшириқларини бажарганини айтади. У шунингдек «генерал Алексеевга суиқасд уюштиришга тайёргарлик кўргани» ҳақида гапирган.
Павел Васин – профессионал ҳарбий, Россия қуролли кучлари офицеридир, деб хабар берган «Важные истории». 2003 йилда у Буюк Пётр номидаги Стратегик ракета қўшинлари ҳарбий академиясини тамомлаган. Журналистлар унинг резюмесида у беш йил мобайнида шартнома асосида хизмат қилгани, алоқа воситалари билан ишлагани ва хорижий командировкаларга боргани ҳақида маълумотларни топишган.
Хизматни тамомлаганидан кейин Павел Васин Москва давлат гуманитар фанлар университетининг юридик факултетида ўқиган ва тижорий компанияларда ишлаган. 2022 йил сентябрида у «Астрономик илмий марказ» (АНЦ)да муҳандис-кузатувчи лавозимида ишга жойлашган.
2023 йил мартида ушбу корхонадан ишдан бўшаган. Бир йил ўтиб АҚШ ушбу корхонани санкциялар рўйхатига киритган. Вашингтондагилар ушбу корхона автоматлаштирилган оптоэлектрон тизимларни ишлаб чиқариши ва улардан фойдаланишини маълум қилган. Шунингдек, АНЦ «Роскосмос»дан грантлар олгани маълум.
«Новая газета Европа» маълумотига кўра, Павел Васин телеграмда Forum Z, «Русская обшчина» (ЮВАО), «Русская обшчина» (Балашиха) каби миллатчилик руҳидаги гуруҳларга аъзо бўлган.
РФ қуролли кучлари Бош штаби бош бошқармаси (собиқ бош разведка бошқармаси) бошлиғи ўринбосари Владимир Алексеевга суиқасд 6 феврал куни содир этилганди. Генерал ўша куни тонгда Волоколамское шоссесидаги уйи подъезди олдида қуролли ҳужумга учраган. У оғир жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган ва операция қилинган. Кейинги куни у кўзини очган. ТАСС маълумотига кўра, генералнинг ҳолати «барқарорлигича қолмоқда».
8 феврал куни Дубайда Россия фуқароси, 65 ёшли Любомир Корба қўлга олинди ва Москвага топширирлди, ФХХ уни суиқасднинг тўғридан тўғри ижрочиси деб ҳисобламоқда. Москвада унинг таниши, 66 ёшли Виктор Васин ҳам қўлга олинди. ОАВ Виктор Васина собиқ ҳарбий бўлгани ҳақида ёзган.
Украинанинг Луҳанск областида туғилган ва РФ фуқароси саналган 54 ёшли Зинаида Серебрикская ҳам ушбу ишга алоқадорликда гумонланмоқда. Тахминларга кўра, у генерал билан бир уйда яшаган ва у ҳақида маълумот тўплаган. Россияда Серебрикская сиртдан ҳибсга олинган ва халқаро қидирувга берилган. ФХХ версиясига кўра, у «Украинага чиқиб кетган». Суд материалларида эса у Туркияга кетгани кўрсатилган.
Мавзуга оид
14:48 / 09.02.2026
ФХХ Алексеевга суиқасдда гумонланувчилар айбига иқрор бўлганини маълум қилди
20:49 / 08.02.2026
Алексеевга суиқасд ижрочилари қўлга олиниши. Ҳозиргача нималар маълум?
14:22 / 08.02.2026
Алексеевни отишда гумонланаётган шахс Дубайда қўлга олинди
14:27 / 06.02.2026