Евгений Пригожин бошлаган ҳарбий исён постановка бўлиб чиқмади. Ростов области «Вагнер» назоратига ўтгани айтилмоқда. 24 июн куни шаҳар маркази Евгений Пригожинга бўйсунувчи ҳарбийлар назоратига ўтди. Маҳаллий нашрлар ёзишича, Пригожиннинг аскарлари Жанубий ҳарбий округ штаби, шаҳар администрацияси, ФХХ ва ИИБ биносини эгаллаган.
Пригожин видеода айтишича, штабга боргач фронтда россиялик ҳарбийлар юқорига бериладиган ҳисоботларда қайд этилганидан 3-4 баравар кўпроқ ўлаётганини аниқлаган. Бу рақамлар телевизорда айтилганидан 10 баравар кўп эканини айтиб, йўқотишлар (ўлган, яраланган, бедарак йўқолганлар ва урушишни истамаётганлар) сони кунига минг нафарга етишини таъкидлаган.
Ростов «Вагнер» назоратида
Пригожин Россиянинг Украинадаги ҳаракатлари назорат қилинадиган Ростовдаги штабдан туриб видео эълон қилди ва шаҳардаги барча объектлар, хусусан, аэродром эгалланганини айтди. Ростов марказида қуролли ҳарбийлар, танклар жойлаштирилди. Област губернатори Василий Голубев ростовликлардан уйда қолишни ва шаҳар марказига бормасликни сўради.
«Вагнер» асосчиси Ростовдаги Жанубий ҳарбий округда Россия мудофаа вазири ўринбосари Юнус-Бек Евкуров ва Бош штаб раҳбари ўринбосари Владимир Алексеев билан гаплашиб тургани тасвирланган видео ҳам тарқалди. «Биз штаб бошлиғи ва Шойгуни олишни хоҳлаймиз. Улар йўқ экан, Ростовни блоклаймиз ва Москва томон йўлга чиқамиз», деган видеода Пригожин. Унинг Шойгу ва Герасимовни олишни истаёгани ҳақидаги гапига Герасимовнинг ўринбосари Алексеев кулиб «Олинглар» дея жавоб берган.
Суҳбат давомида Пригожин икки юқори мартабали ҳарбийни очиқчасига менсимай гаплашган. У Шойгунинг ўринбосари Евкуровга «Кимсан мен билан сенсираб гаплашадиган», деб дўқ қилган. Ингушетиялик генерал-полковник эса бунга жавобан ҳеч нима дея олмаган ва ғўлдираб қўйган, холос.
Бу видео эълон қилинишидан бир неча соат аввал Владимир Алексеев Пригожиннинг ҳаракатлари «президентга орқадан зарба» ва «давлат тўнтаришига уриниш» эканини айтиб, вагнерчиларни «ақлли бўлиш»га чақирганди. Худди шу мазмундаги видеомурожаат Украинадаги Россия қўшинларини 4 ой давомида бошқарган генерал Сергей Суровикин томонидан ҳам эълон қилинганди. Суровикин ва Пригожин жуда яхши муносабатда эди, ўқ-дори билан боғлиқ муаммо пайдо бўлганда айнан у «Вагнер» ҳамда мудофаа вазирлиги ўртасида воситачи бўлганди.
Расмий баёнотлар
Воронеж области ҳукумати М-4 «Дон» трассасидан Воронеж томонга ҳарбий колонна ҳаракатланаётганини маълум қилди. Воронежликлардан бу трассада ҳаракатланмаслик сўралди. Бу қандай ҳарбий техника экани, у кимга тегишлилиги айтилмаган. Лекин кейинчалик «Вагнер» ҳарбийлари Воронежда ҳам кўриниш беришди. Бу шаҳарда ҳатто битта ҳарбий самолёт уриб туширилди.
















