«12 минг сўмлик электр токи билан 300 км юради» — Ўзбекистонда Хитой электромобили синалмоқда
Тошкентдаги Қуёш энергияси халқаро институти Хитойнинг «Henan Suda» компанияси электромобилларини Ўзбекистон шароитида синаш ишларини олиб бормоқда. Шу мақсадда 2019 йилда 20 та электромобил, зарядлаш қурилмалари ва эҳтиёт қисмлари олиб келинган.
Институт директори ўринбосари Жобир Аҳадовнинг Kun.uz мухбири билан суҳбатда маълум қилишича, ушбу электромобилларнинг ёқилғи харажатлари бензинда ҳаракатланадиган автомобилларга қараганда 10 баробар, газда юрадиган машиналарга нисбатан 5 баробар кам.
«Эҳтиёт қисмларининг сони ҳам 10 баробар кам. Автомобил бузилиб, таъмирлашга муҳтож бўлиб қолиши эҳтимоли анча паст.
Бу автомобилларни синов тариқасида, техник ҳамкорлик асосида олиб келдик. Ҳозирда республикамиздаги континентал иқлимий шароитга чидаш даражаси қандайлиги, ёзнинг иссиғи, қишнинг совуғига бардош бериши ўрганиляпти. Ёзнинг иссиқ кунларида жудаям яхши юрди. Энди қишда синаймиз.
Автомобилга 40 кВт қувватли генератор ўрнатилган. Тезлиги юқори. 5-6 секундда 100 км/с тезликка кўтарила олади. Энг юқори тезлиги эса 220 км/соат.
Аккумулятор тўлиқ қувватланса, 300 километргача ҳаракатлана олади. Хитойда бу автомобилнинг янги версияларини ҳам ишлаб чиқариш бошланган. Улар тўлиқ заряд билан 500-600 км узоқликка юра олади. Келгусида янги русумдаги автомобилларни ҳам олиб келиб синаш ниятимиз бор.
Нархи бизнинг машиналардан кўра қимматроқ, бунда аккумуляторнинг нархи асосий ўрин тутади. Уйда 220 волтли зарядлаш қурилмасида ёки 380 волтли катта зарядлаш стунциясида қувватлаш мумкин.
Бир марта тўла қувватлаш учун 40 кВт энергия талаб этилади, бу эса 300 сўмдан бўлганда, 12 минг сўмга тенг бўлади. Демак, 12 минг сўмлик ток билан автомобил 300 км юради. Асосий ютуғи шунда.
Лекин буни камида бир йил синаш керак. Ёзнинг охири, куз ойларида синадик, энди қиш-баҳор ойларида ҳам синаймиз. Аккумуляторлар совуқ иқлимга қанчалик бардош беради, совуқ ҳавода автомобил қанақа юради, шуларни синашимиз керак.
20 та электромобил келтирилганидан келиб чиқиб, уларни барча вилоятларда синаб кўриш имконига эгамиз», – деди Жобир Аҳадов.
Маълумот учун, Қуёш энергияси халқаро институти ва Хитойнинг «Henan Suda Electric Car Technology Co..Ltd.» компанияси ўртасида 2017 йилда меморандум имзоланган.
2018 йилда ушбу компаниянинг 64 млн долларлик сармояси билан Бухорода электромобил ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган эди. Ўша йили имзоланган президент қарорида, лойиҳани амалга оширишнинг тахминий муддати 2019-2020 йиллар деб кўрсатилганди.
2019 йил бошида 20 та электромобилни синаш учун Ўзбекистонга олиб келиб, Электромобил технологиялари учун синов ва сертификатлаш маркази ташкил этишга келишилди.
Шунингдек, 2022 йил 1 октябрдан бошлаб Қўқонда электромобил ишлаб чиқариш бошланиши, автомобиллар нархи 3 минг доллар атрофида бўлиши маълум қилинган. Заводда йилига 2 минг дона электромобил ишлаб чиқариш мўлжалланмоқда. 30 млн долларлик лойиҳа Хитойнинг «Silk Road Company» компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилиши белгиланган.
2019 йил 1 январдан Ўзбекистонга электромобил импорти учун бож тўлови бекор қилинган, ўша йил июль ойига бориб акциз солиғи ҳам олиб ташланган.
2019 йил октябридаги президент қарори асосида 2020 йил 1 январдан электромобиллар учун 10 фоизлик бож жорий этилганди, аммо январга бормасдан, 2019 йил декабрида электромобиллар учун божни ноль ставкада қолдиришга қарор қилинган. Айни пайтда четдан енгил электромобил олиб киришда 20 евро божхона йиғими ва 15 фоизлик ҚҚС тўлаш кифоя.
2020 йилда Ўзбекистонга электромобиллар импорти кескин ошди. Статистика қўмитасига кўра, январь–сентябрь ойларида хориждан жами 2,1 млн долларлик 82 та электромобил импорт қилинган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 59 тага кўп. 82 та электромобилнинг 52 таси Хитойдан келтирилган.
Мавзуга оид
21:00 / 21.11.2024
АҚШ–Хитой зиддияти ва Тайван омили: Трампдан нима кутиш мумкин?
19:13 / 21.11.2024
Хитойда 83 млрд долларлик олтин захираси топилди
21:37 / 20.11.2024
«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли бўйича музокаралар якуний босқичда – ОАВ
23:34 / 19.11.2024