Ўзбекистон | 23:37 / 05.11.2025
3121
4 дақиқада ўқилади

Давлат ижтимоий суғуртаси ва хавфсизлик камарини тақмасликка рухсат бериладиган касалликлар – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Давлат ижтимоий суғуртаси 2026 йил 1 январдан ишга тушади

Президент фармонига мувофиқ, 2026 йил 1 январдан Ўзбекистонда давлат ижтимоий суғуртасининг янги тизими жорий этилади.

Суғуртанинг мажбурий ва ихтиёрий шакллари жорий этилади. Мажбурий қамров — Ўзбекистон Республикасининг “Давлат бюджети тўғрисида”ги қонуни билан белгиланадиган тартибда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг бир қисми ҳисобидан молиялаштирилади. Ихтиёрий қамров — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5 фоизига тенг ойлик суғурта бадали тўлаш орқали амалга оширилади.

Барча тўловлар фуқароларнинг минимал суғурта стажи ҳамда тўланган суғурта бадалларига мутаносиб аниқланади. Тўловлар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси орқали амалга оширилади.

Хавфсизлик камарини тақмасликка рухсат бериладиган касалликлар рўйхати тузилди

Транспорт воситасини бошқаришда хавфсизлик камарини тақмасликка рухсат бериладиган касалликлар ва ҳолатлар рўйхати ҳақидаги буйруқ лойиҳаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Рўйхатга 17 та касаллик ва ҳолат киритилган. Ушбу касалликлар мавжудлиги тўғрисидаги «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизими орқали шакллантирилган QR-кодли (штрихли код) электрон тиббий маълумотнома фуқаро бириктирилган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаси томонидан берилади. Тиббий маълумотноманинг амал қилиш муддати 6 ой.

Буйруқ лойиҳаси 14 ноябрга қадар муҳокама қилинади.

Орфан ва ирсий касалликларга чалинган болаларга ёрдам дастури тасдиқланди

Президент қарори билан 2026–2030 йилларда кам учрайдиган (орфан) ва бошқа ирсий-генетик касалликларга чалинган болаларга тиббий-ижтимоий ёрдамни ташкил этиш бўйича давлат дастури қабул қилинди.

Қарорга кўра, давлат бюджети ҳисобидан бепул даволанадиган орфан ва ирсий-генетик касалликлар тури 5 тадан 10 тагача кенгайтирилади. Ушбу тоифадаги болаларнинг дoри воситалари, махсус озиқ-овқат ва тиббий жиҳозлар билан таъминланиш даражаси 95 фоиздан 99 фоизгача кўтарилади.

Қўшимча тартибга кўра, 2026 йил 1 январдан орфан/ирсий-генетик касалликларга чалинган 18–21 ёшли беморлар бепул тиббий кузатувга олинади ва даволаш ишлари давом эттирилади.

Тошкентда бир неча талаба наркотик модда сақлаш ва сотишда гумонланиб ушланди

Тошкентда бир нечта олий таълим муассасалари талабалари наркотик моддаларни сақлаш ва сотишда гумонланиб қўлга олинди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тезкор чора-тадбирлар доирасида гумонланувчилардан бири яшаш уйида ўтказилган тинтув вақтида қатор моддалар аниқланди ва олиб қўйилди.

2025 йилнинг дастлабки олти ойида Ўзбекистонда 46 нафар талаба наркотик моддалар айланмаси (сотиш) билан боғлиқ ишларда фош этилгани хабар қилинган.

Шахмат бўйича Ўзбекистон аёллар миллий жамоаси жаҳон чемпионатида дебют қилади

Боку шаҳридаги Ўзбекистон—Озарбойжон аёллар миллий жамоалари ўртасидаги матч-турнирда ўзбекистонликлар 2,5:1,5 ҳисобида зафар қучиб, 2025 йил ноябр ойида Испаниянинг Линарес шаҳрида бўлиб ўтадиган аёллар ўртасидаги жамоавий жаҳон чемпионатига илк бор йўлланмани қўлга киритди.

Нафиса Мўминова раҳбарлигидаги миллий жамоа таркибида Афруза Хамдамова, Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Умида Омонова, Гулдона Каримова ва Мадинабону Халилова муваффақият қозонди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид