“Энг юқори ойлик олинган давр ҳам қамраб олинади”

Аброр Холматов, Пенсия жамғармаси бўлим бошлиғи: Бугунги қонунчиликка кўра, фуқарога пенсия тайинлашда иккита асосий омил — иш стажи ва ўртача ойлик иш ҳақи ҳисобга олинади. Пенсиянинг базавий миқдори ўртача ойлик иш ҳақининг 55 фоизи этиб белгиланади.

Ҳозирги тартиб бўйича пенсияга чиқаётган фуқаронинг охирги 10 йиллик меҳнат фаолиятидаги энг яхши узлуксиз беш йиллиги ўртача иш ҳақини ҳисоблаш учун олинади.

Таклиф этилаётган тартибнинг асосий мақсади — фуқаронинг меҳнат фаолиятидаги юқори даромадли даврларини ҳам пенсия ҳисоб-китобига қамраб олиш.

Таҳлилларга кўра, фуқароларнинг даромади юқорироқ бўладиган давр, одатда, 35–50 ёш оралиғига тўғри келади. Амалдаги тартибда эса охирги 10 йилликнинг энг яхши беш йиллиги ҳисобга олингани сабабли, фуқаронинг 50–60 ёшдаги даври ҳам ушбу ҳисоб-китобга тушиши мумкин. Бу даврда иш ҳақи аввалги йилларга нисбатан паст бўлиши эҳтимоли юқори.

Шу сабабли таклиф этилаётган тизимда ҳисобга олинадиган давр 20 йилгача босқичма-босқич узайтирилади. Натижада фуқаронинг юқорироқ иш ҳақи олган даврлари ҳам пенсия ҳисоб-китобига киради.

Бу ўзгариш бирданига 20 йилни ҳисобга олишни англатмайди. Давр ҳар йили бир йилга узайтириб борилади. Масалан, ҳозирги беш йил ўрнига кейинги босқичда олти йил, ундан кейин етти йил ва шу тарзда 20 йилгача ошириб борилади.

“20 йилга босқичма-босқич борилади”

Аброр Холматов: Бу жараён босқичма-босқич амалга оширилади. Яъни келаси йилнинг ўзида 20 йиллик иш ҳақи ҳисобга олинмайди. Ҳар йили ҳисобга олинадиган давр бир йилга узайиб боради.

Натижада 2041-йилларга бориб, 20 йиллик иш ҳақи тўғрисидаги маълумотларни ҳисобга олиш имконияти шаклланади.

Бунинг яна бир сабаби — бугунги кунда пенсиялар, жумладан, ёшга доир ва ногиронлик пенсиялари проактив шаклда тайинланмоқда. Фуқаро Пенсия жамғармасига алоҳида мурожаат қилмайди. Пенсия тайинланганида бу ҳақда унинг мобил иловасига хабарнома юборилади.

Пенсия тайинлаш учун фуқаронинг иш ҳақи ва иш стажи тўғрисидаги маълумотлар вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари орқали олинади.