Neuralink компанияси кўзи ожиз одамларга кўриш имкониятини қайтарадиган Blindsight қурилмасини тақдим этади. Бу ҳақда Илон Маск маълум қилди.

«Бизнинг иккинчи маҳсулотимиз Blindsight деб номланади. Номидан ҳам кўриниб турибдики, у ҳатто кўзи кўрмай қолган ёки туғма кўзи ожиз инсонларга ҳам кўриш имконини беради. Қурилма техник жиҳатдан тайёр. Энди фақат тартибга солувчи органларнинг рухсатини олиш қолди», — деб ёзди у ўзининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

Neuralink компанияси Blindsight лойиҳасини 2024 йил сентябрда тақдим этганди. У кўриш қобилиятини қайтариш мақсадида мияга уланадиган имплантдир. Беморларга қўйиладиган асосий талаб — бош миянинг кўриш имкониятини тақдим этадиган қобиғига шикаст етмаган бўлиши керак.

Шунингдек, Маск 2024 йилда тақдим этилган Telepathy қурилмаси ҳақида ҳам эслатиб ўтди. Ушбу қурилма инсонга фикр кучи орқали компютерга ёки одамларга маълумот узатиш имконини беради.

Илон Маскнинг таъкидлашича, келажакда бундай нейроинтерфейсларнинг маълумот узатиш тезлиги инсон нутқи ёки матн териш тезлигидан анча юқори бўлиши мумкин.