Тақдимот 5 ноябр куни Пекинда бўлиб ўтган еттинчи Жаҳон медиа саммити доирасида сунъий интеллектга бағишланган форумда ўтказилди. Роботлар Хитойнинг «Синхуа» ахборот агентлиги ва UBTECH Robotics компанияси томонидан яратилган бўлиб, «аёл» роботга Синян, «эркак» роботга эса Синюй деб ном берилган.
Улар камера қаршисида туриши, ҳаракатланиши ҳамда лаб ҳаракатлари ва юз ифодаларига мос ҳолда инсон нутқини такрорлаши мумкин. Реал ташқи кўринишни яратиш учун UBTECH бионик тери ва ўзининг одамсимон робототехника соҳасидаги технологияларидан фойдаланган. Аппарат-дастурий тизим таркибига ҳаракатларни бошқариш воситалари, ҳиссий мулоқот учун мўлжалланган тил модели ҳамда рақамли тизимнинг жисмоний муҳит билан ўзаро таъсирини таъминлайдиган, гавдаланган сунъий интеллект деб аталувчи технология компонентлари киради.
Роботларнинг ташқи қиёфаси учун «Қаҳрамон» ва «Учар ханжарлар уйи» филмлари билан танилган хитойлик кинорежиссёр Чжан Имоу масъул бўлган. У ташқи кўринишнинг бадиий лойиҳалаштирилишига раҳбарлик қилган ва механик бошловчиларнинг телевизион эшиттириш талабларига мос келишини таъминлаш устида ишлаган. Юз ҳаракатлари, персонажнинг кадрда қандай қабул қилиниши ҳамда табиий мимиканинг янгиликларни расмий тарзда тақдим этиш услуби билан уйғунлигига алоҳида эътибор қаратилган.
Роботлар «Синхуа Юйдян» интеллектуал платформасига уланган бўлиб, ушбу платформа текширилган янгилик материалларидан фойдаланиш имконини беради ва маълумотларнинг келиб чиқиш манбасини кузатишга ёрдамлашади. UBTECH асосчиси ва бош директори Чжоу Цзяннинг сўзларига кўра, тизим учта асосий таркибий қисмни — ахборотни қайта ишлаш, уни тақдим этиш ва роботнинг жисмоний ҳаракатларини бошқаришни бирлаштиради.
Тақдимотда роботларнинг аудитория олдида чиқиш имконияти намойиш этилган бўлса-да, улардан телевидениеда мунтазам фойдаланиш режаси ҳозирча тасдиқланмаган.
«Синхуа» 2018 йилда инсон ташқи кўринишининг компютер модели ва нутқ синтези ёрдамида яратилган виртуал телебошловчини тақдим этганди.





