Полшанинг Краков шаҳри марказида отишма содир бўлди. Хабар қилинишича, бозор майдонига кириб келган автомобил ичидаги эркак одамларга қарата ўқ узган. Шунингдек, у трамвайни ҳам ўққа тутган.

Onet нашрининг ёзишича, ўқ узган шахс 24 ёшли эркак бўлган.

Малопол воеводаси раҳбари Ян Кленчар Polsat News телеканали эфирида олти киши ҳалок бўлгани, 12 кишининг аҳволи оғир эканини айтди.

Кейинроқ полиция ҳалок бўлганлар орасида тўрт нафар аёл ва икки нафар эркак борлигини маълум қилди.

Полша полицияси Краковда ўқ узган шахс Полша фуқароси эканини аниқлади ва ҳужум қилганлар икки киши бўлгани ҳақидаги хабарни рад этди.

Аввалроқ PAP агентлиги ва TVN24 телеканали отишмани икки киши содир этгани ҳақида хабар берганди.

«Краковдаги бош бозор майдонида содир бўлган ҳодиса айбдори Полша Республикаси фуқароси. Биз полиция ходими ҳалок бўлгани ва яна бир жиноятчи қидирилаётгани ҳақидаги маълумотни рад этамиз. Ҳодисанинг бизга маълум бўлган ягона айбдори полиция қўлида», — дейилади идоранинг X ижтимоий тармоғидаги баёнотида.

Ўқ узган шахс полициячилар томонидан қўлга олинган. У оғир яраланган бўлиб, шифохонага ётқизилган.

Полша ички ишлар вазири Марцин Кервинскийнинг аниқлик киритишича, икки нафар полиция ходими яраланган бўлиб, улардан бирининг аҳволи ўта оғир деб баҳоланмоқда.