Жамият | 06:49 / 15.05.2016
13790
3 дақиқада ўқилади

"Евровидение-2016" танловида Украина вакили ғолиб бўлди

"Евровидение-2016" халқаро мусиқий танловида украиналик қўшиқчи Жамала ўзининг "1944" деб номланган қўшиғи билан ғолиб бўлди. Россиядан иштирок этган қўшиқчи Сергей Лазарев "You Are the Only One" қўшиғи билан 3-ўринни эгаллади ва томошабинлар овоз беришида ғолиб бўлди.

2-ўринни австралиялик Дэми эгаллади, у "Sound of Silence" қўшиғини ижро этди.

Жорий йилда танловда овоз бериш қоидаси сезиларли ўзгарди. Танлов иштирокчиларини ҳар бир давлатдан профессионал ҳакамлар ва иштирокчилар баҳолашди. Аввал жонли эфирда профессионалларнинг овоз бериши эълон қилинди, сўнгра уларнинг балларига томошабинлар берган баллар қўшилди.

Лазаревга бор-йўғи 4 та давлат: Озарбайжон, Кипр, Беларусь ва грециялик ҳакамлар максимал 12 балл қўйишди. Ҳакамлар овоз бериши натижасига кўра Лазарев 5-ўринни эгаллади, 1-ўринни Австралия вакили, 2-ўринни эса украиналик қўшиқчи эгаллади. Телетомошабинлар Лазаревга максимал 361 балл қўйишди.

Натижада биринчи беш ўрин қуйидагича тақсимланди:

Украина — 534 балл

Австралия — 511 балл

Россия — 491 балл

Болгария — 307 балл

Швеция — 261 балл

Танлов финалида Россия, Мальта, Озарбайжон, Арманистон, Австрия, Кипр, Чехия, Нидерландия, Хорватия, Венгрия, Латвия, Грузия, Болгария, Австралия, Украина, Сербия, Польша, Исроил, Литва, Бельгия, Швеция, Буюк Британия, Италия, Испания, Германия, Франция вакиллари иштирок этишди.

Жамаланинг қўшиғи Иккинчи жаҳон уруши вақтида қрим татарларнинг депортация қилинишига бағишланган бўлиб, унда сиёсий яширин маъно борлигига гумон қилиниб, танлов бошлангунига қадар кўплаб баҳсларга сабаб бўлганди.

Жамалани Украина президенти Петр Порошенконинг шахсан ўзи табриклади. "ҲА!!! Ажойиб ижро ва ғалаба!. Бутун Украина сени чин дилдан табриклайди, Жамала!", деб ёзди Порошенко твиттерда. Бироздан кейин "Жамалани шахсан табрикладим. Бугун унинг овози билан бутун украин халқи гапирди. Ҳақиқат, ҳар доимгидек, ғалаба қилди!", деб қўшимча қилиб қўйди.

Жамала жаз, world music, ритм-н-блюз, электрон мусиқа ва госпел йўналишларида муаллифлик мусиқасини ижро этади. Жамалага машҳурликни Юрмаладаги "Новая волна-2009" ёш қўшиқчилар танлови келтирган. Қўшиқчи бу танловнинг бош мукофотини қўлга киритганди.