30 августга ўтар кечаси Украина дронлари Россиянинг Ленинград вилоятига ҳужум қилди. Минтақа губернатори Александр Дрозденко ҳужум давомида 62 та дрон уриб туширилганини маълум қилди. Губернатор Кириши шаҳри саноат зонасида «ёнғин қайд этилгани» билдирди. Лекин, бошқа тафсилотларни келтирмади.

Astra нашри гувоҳларга таяниб ёзишича, ёнғин тахминан Киришидаги «Киришинефтеоргсинтез» нефтни қайта ишлаш заводида содир бўлган. Бу Россиянинг Европа қисмида шу турдаги энг йирик завод ҳисобланади. Заводга қилинган ҳужум ҳақидаги маълумотлар расман тасдиқланмади.

Ленинграддаги ушбу нефтни қайта ишлаш заводи Россия-Украина уруши давомида бир неча бор дронлар ҳужумига учраган. Нашрнинг ёзишича, 2026 йил май ойи бошида «Киришинефтеоргсинтез» ўз ишини тўхтатган эди.

Шунингдек, урушни ёритувчи каналлар шаҳардаги кўп қаватли уйнинг юқори қаватларида юз берган портлаш акс этган видеони эълон қилди. Видеода ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишлагани эшитилади. Видео Кириши шаҳрида суратга олингани айтилмоқда, жабрланганлар ҳақида хабар берилмаган.

Кейинроқ губернатор Дрозденко саноат зонасига қилинган дронлар ҳужумини қайтариш оқибатида бир нечта турар-жой бинолари шикастлангани ҳақида хабар берди.

Қулаган дронлар «Прибрежний» боғи ва мактаб ёнидаги ҳудуддан ҳам топилган. Дрозденконинг сўзларига кўра, саноат зонаси ҳудудидаги ёнғин ҳам бартараф этилган.

Россия ҳарбийлари тун давомида 15 минтақада, Азов ва Қора денгиз акваториялари устида Украинанинг 494 та дрони тутиб олгани ва йўқ қилинганини маълум қилди.

Россия оммавий зарбаларга тайёрланмоқда

30 август куни Россия Мудофаа вазирлиги «олинган кўрсатмаларга мувофиқ» Украинанинг энергетика объектларига ёппасига зарбалар беришга тайёргарлик кўришни бошлаганини эълон қилди