Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Ўзбекистон ва Ҳиндистон етакчиларининг музокаралар якунларида ОАВ учун баёнотидан асосий фикрлар келтирди.

Хусусан, очиқ руҳда кечган мулоқотлар давлатларимиз ўртасидаги самимий дўстлик, юксак ҳурмат ва ўзаро ишончнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлгани қайд этилди.

- Ҳиндистон бизнинг жаҳон миқёсида катта обрў-эътибор ва нуфузга эга бўлган салоҳиятли стратегик шеригимиздир;

- Ҳамкорлигимиз янги сифат даражаси – кенг қамровли стратегик шериклик босқичига кўтарилди;

— Келишувларимизнинг ижросини тўлиқ таъминлаш мақсадида Ташқи ишлар вазирлари даражасида алоҳида механизм яратишга қарор қилдик;

- Ўтган йили ўзаро савдо айланмаси ҳажми 33 фоизга ўсиб, 1,3 миллиард доллардан ортди, 2030 йилга қадар ушбу рақамни 5 миллиардга етказмоқчимиз;

- Ҳукуматлараро қўшма комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши фаолиятини янада жадаллаштиришга келишдик;

— Энергетика, ўта муҳим минераллар, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, электроника, заргарлик ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорлик кучайтирилади;

- БМТ, ШҲТ, Қўшилмаслик ҳаракати, БРИCС каби нуфузли тузилмалар ва Глобал Жануб доирасида бир-биримизни қўллаб-қувватлашни бундан кейин ҳам давом эттирамиз;

— Ўзбек ва ҳинд халқларини бир неча минг йиллик тарихий, маданий ва маърифий илдизлар чамбарчас боғлаб туради;

— Ўзаро маданият ҳафталиклари, кинофестиваллар ва бошқа йирик тадбирларни ўтказиш билан бирга янги қўшма сайёҳлик йўналишларини ҳам ишга туширамиз;

- 30 кунлик визасиз тартиб жорий этилиши ўзаро қатновларни янада фаоллаштиришга хизмат қилади;

— Қабул қилинган ҳужжатлар, эришилган келишувлар ижросини тўлиқ ва ўз вақтида таъминлаш мақсадида кенг қамровли «йўл харитаси» ишлаб чиқилади.