Жаҳон | 07:33 / 03.08.2016
13010
2 дақиқада ўқилади

Турк газетаси Меркелнинг Ҳитлер қиёфасидаги суратини чоп этди

Туркиянинг Aksam газетаси 1 августдаги сонининг биринчи саҳифасида Германия канцлери Ангела Меркелнинг Адольф Ҳитлер қиёфасидаги суратини чоп этди. Бунга Der Spiegel немис нашри эътибор қаратди.

Канцлер Ҳитлернинг мўйловлари билан ва қўлларини нацистлар саломи каби юқорига кўтарган ҳолда тасвирланган. Немис нашрининг таъкидлашича, Aksam газетаси ҳукумат тараф турк нашларидан ҳисобланади.

Турк газетаси Германия суди Кёльндаги намойишда Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг нутқини эфирга узатишни тақиқлагани ҳақидаги янгиликка шу тариқа муносабат билдирган. 31 июлда ўтган намойиш турк ҳукуматини қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, унда 20 мингга яқин одам иштирок этганди.

Der Spiegel’да айтилишича, бошқа турк нашрлари ҳам Берлин кескин танқид қилинган мақолаларни чоп этишган. Yeni Akit газетасидаги шундай мақолалардан бири "Германия дўст эмас, душман" деб номланган.

Takvim газетасида эса "Ўз нацистлик ўтмишидан воз кечмаган Германия ниқобини ечди. У Гуленнинг фитначи тўдасини қўллаб-қувватлайди" деган сўзлар бўлган.