Президент Шавкат Мирзиёев Бишкек шаҳрида 1 сентябр куни «БМТ адолатли дунё тартиботининг асосий бўғини сифатида: «ШҲТ плюс» давлатларининг кўп қутбли дунёни шакллантиришга қўшаётган ҳиссаси» мавзусидаги «ШҲТ плюс» форматидаги учрашувда иштирок этди.

Тадбирда ташкилотга аъзо давлатлар делегациялари ва унинг доимий фаолият юритувчи органлари раҳбарлари билан бир қаторда, кузатувчи ва ҳамкор мамлакатлар етакчилари, фахрий меҳмонлар, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш ва бошқа халқаро тузилмаларнинг юқори лавозимли мансабдорлари ҳам қатнашди.

a3601b94-3f64-a72a-c090-7d17bc644545_lists_slider_9568

Ўзбекистон етакчиси ўз нутқида дунёда рўй бераётган ўзгаришлар шароитида БМТ ва минтақавий тузилмаларнинг ролига тўхталиб ўтди.

– Давлатлар ва минтақавий бирлашмалар глобал институтларга уларнинг универсал вазифасини янада самарали амалга оширишда қандай кўмак бериши мумкинлигини белгилаб олиш муҳимдир, – деди Мирзиёев.

Ушбу ёндашувга кўра, БМТ ўзининг марказий, мувофиқлаштирувчи ролини сақлаб қолиши, минтақавий тузилмалар эса аввало маҳаллий шароитлар, эҳтиёжлар ва имкониятларга таянган ҳолда умумий тамойиллар ва қарорларнинг амалга оширилишига кўмаклашиш орқали унинг саъй-ҳаракатларини тўлдириши лозим.

Бундай мантиқдан келиб чиқилганда, «ШҲТ плюс» формати давлатлар, минтақалар ва ташкилотларни умумий кун тартиби атрофида бирлаштира олиши, бу ерда турли ташаббусларни ўзаро уйғунлаштириш ва глобал бошқарув архитектурасини шакллантириш бўйича мулоқот олиб бориш мумкинлиги туфайли алоҳида чуқур мазмун касб этади.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Евроосиё маконида очиқ ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори.

– Биз учун ўзаро боғлиқлик – стратегик мустақиллик ва барқарорлик масаласидир. Биз шундай кўп қутблилик тарафдоримизки, у янги ажратувчи чизиқларни яратмайди, балки имкониятлар маконини кенгайтиради, минтақавий лойиҳа ва ташаббуслар ўзаро рақобатлашмайди, балки бир-бирини самарали тўлдиради, – деди Мирзиёев.

fbbd03fd-6da7-3c05-1b08-c3d802c87faf_lists_slider_9568

Учрашув кун тартибидан келиб чиқиб, қатор истиқболли таклифлар илгари сурилди.

Аввало, «ШҲТ плюс» форматини барқарор ўсиш, юқори технологияларни жорий этиш, иқлимга мослашиш, инсон капиталини ривожлантириш, ҳаммабоп таълим ва ёшларни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича минтақалараро мулоқот майдони сифатида ривожлантириш таклиф этилди.