Қирғизистон пойтахти Бишкекда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) юбилей саммити якунларига кўра, 28 та ҳужжат имзоланди. Бу ҳақда Қирғизистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Саммит 1 сентябрь куни Бишкек шаҳрида Қирғизистон Республикаси раҳбари Садир Жапаров раислигида бўлиб ўтди. У бугунги кунда ШҲТ аъзо давлатлари сайёра аҳолисининг 40 фоиздан ортиғини бирлаштириши ва жаҳон ялпи ички маҳсулотининг қарийб тўртдан бирини таъминлашини таъкидлади.
Ҳозир ШҲТ таркибига ўнта давлат киради: Беларус, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон. Саммитда ташкилотга аъзо барча давлатлар етакчилари иштирок этди. Улар янги хавфсизлик марказларини яратиш, гиёҳванд моддаларга қарши курашда ҳамкорликни кенгайтириш, рақамлаштириш, экология ва логистика масалаларини муҳокама қилдилар.
ШҲТ 25 йиллигига бағишланган Бишкек декларацияси саммитнинг асосий сиёсий ҳужжати бўлди. Бундан ташқари, давлат раҳбарлари 2002 йил 7 июндаги ШҲТ Хартиясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги баённомани тасдиқладилар.
Имзоланган ҳужжатлар тўпламидан қуйидагилар ҳам ўрин олган:
ШҲТ давлатлари хавфсизлигига доир таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича универсал марказ тўғрисидаги низом;
ташкилотнинг Наркотикларга қарши кураш маркази Ижроия қўмитаси тўғрисидаги низом. Унинг таркибига Бишкекда очиладиган Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш маркази киритилади;
наркотикларга қарши курашга оид иккита дастур. Улардан бири 2030 йилгача мўлжалланган бўлиб, наркотикка қарамликка қарши курашга бағишланган, иккинчиси эса 2030 йилгача синтетик гиёҳванд моддалар ва уларнинг прекурсорлари тарқалишига қарши чора-тадбирларни мувофиқлаштиришни назарда тутади;
2026–2028 йилларда халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича ШҲТ давлатларининг ҳамкорлик режаси;
2026–2030 йилларда ШҲТ мамлакатларининг портлари ва логистика марказларини ривожлантириш бўйича ҳаракатлар режаси ҳамда бошқа ҳужжатлар.
Саммит давомида Қирғизистон ташкилотга раисликни Покистонга топширди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти 2001 йил июнь ойида Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарлари тегишли декларацияни имзолаши билан ташкил этилган. 2026 йилга келиб ШҲТ аъзо давлатлари сони ўнтага етди. Афғонистон ва Мўғулистон ташкилотда кузатувчи давлатлар ҳисобланади. 15 та давлат ШҲТ мулоқот бўйича ҳамкори мақомига эга: Озарбойжон, Арманистон, Баҳрайн, Миср, Камбожа, Қатар, Қувайт, Лаос, Малдив ороллари, Мянма, Непал, БАА, Саудия Арабистони, Туркия ва Шри-Ланка.







