Давлат раҳбари мактаб остонасига катта орзу-интилишлар билан қадам қўяётган 800 минг нафарга яқин ўғил-қизлар, уларнинг ота-оналари ва педагоглар жамоатчилигига эзгу тилаклар билдирди.

Президент янги ўқув йили мамлакатнинг бутун таълим тизимида, мактаб, лицей, техникум ва олийгоҳлар ҳаётида янги маърифий юксалиш йили бўлишини тилади.

Шавкат Мирзиёев таълим-тарбия соҳасида сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Янги Ўзбекистон мактаблари янгича қиёфа касб этаётгани ва таълим сифати такомиллашиб бораётганини таъкидлади.

Унинг қайд этишича, ўқиш, касбий таълим, IT, ижодий изланишлар, спорт ва жамоат ишларида дастлабки ютуқларга эришаётган ёшлар — мамлакатнинг нурли келажаги ва олтин фондидир.

«Бундай билимли, зукко, тиришқоқ ва интилувчан, сафлари йил сайин кенгайиб бораётган фарзандларимиз тимсолида биз Учинчи Ренессанс ниҳолларини кўрамиз», — деди президент.

Давлат раҳбари таълим-тарбия соҳасини ривожлантиришга бундан буён ҳам устувор аҳамият қаратилишини билдирди. Мактабни тамомлаб, катта ҳаётга йўл олаётган ёшлар пухта билим билан бирга камида битта замонавий касб-ҳунарни эгаллаши учун зарур шароитлар яратилади. Бу мақсадда ҳудудларда «Касблар шаҳарчаси» ташкил этилиб, уларга замонавий тажриба ва илғор мутахассислар жалб этилади.

Президент ёшларга мурожаатида билим инсон ҳаётидаги энг муҳим бойлик эканини таъкидлади.

«Сизларга бахтли ва саодатли ҳаёт эшикларини очадиган калит ҳам, умр йўлларингизда пайдо бўладиган мураккаб саволларнинг ечими, синов ва машаққатларни енгиб ўтишнинг кафолати ҳам фақат билим, билим ва билимдир», — деди Шавкат Мирзиёев.

У ёшларни гўзал ёшликнинг ҳар бир дақиқасини қадрлашга, янги илм, ғоя ва инновацияларни, касб ва ҳунарларни пухта эгаллашга чақирди.

Шунингдек, ёшларга она тили, миллий тарих ва маданият, жаҳон тарихи ҳамда хорижий тилларни чуқур ўрганиш, доимо изланиш ва ҳаракат қилиш зарурлиги таъкидланди.

«Аждодларимиздан мерос бўлган табаррук заминимизни бутун қалбингиз, юрагингиз билан севинг, халқимиз ва Ватанимизга чексиз садоқат туйғулари билан яшанг!» — деди президент.

Шавкат Мирзиёев ёшларни меҳрибон устозлари ва ота-оналарини энг яқин дўст ҳамда маслаҳатчи деб билишга чақирди.

Президент барча ўқувчиларга янги ўқув йилини аъло баҳолар билан бошлаш, ҳар бир ўқув чорагини муваффақиятли якунлаш, сиҳат-саломатлик, омад ва зафар тилади.